Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ПОПДА МИЛЛИОНЕРЛАР КЎПАЙМОҚДА

ПОПДА МИЛЛИОНЕРЛАР КЎПАЙМОҚДА
– Бизнинг Сангда Жўра миллион дегани бор. Э, унинг миришкорлигини кўрсангиз! Ўтган йили томорқасига саримсоқ экиб,
50  миллион сўмга пуллаганди. Бу йил ана шу еридан нақ 80 миллион сўмлик саримсоқ сотиб, “Каптива” олди, азамат!
– Э, ўша Жўра миллионингиз Марғизорга келиб, иш қандоқ бўлишини бизнинг  Ҳайдаралидан ўрганиб кетса бўларкан!  Бу йигитнинг боғидан лол қолмасангиз – мен кафил. Водийда ўрик, олма, гилос деганларининг энг сархилини шу йигит етиштиради, десам ишонаверинг! Боз устига, боғ қатор орасига саримсоқ, ловия, мош, бақлажон, ерёнғоқ экиб, оламжаҳон даромад қилади. Учта енгил автомашинаси бор. Бу йилги даромадидан трактор сотиб олди...
Шундоқ катта йўлнинг бўйидаги чойхонада, мажнунтол остидаги сўрида чордана қуриб, бир пиёла чой устида гурунглашаётган икки нуроний отахоннинг юқоридаги сўзлари эътиборимизни тортмай қолмади. Шундоқ ҳам томорқачилар фаолияти билан танишиш мақсадида Уйғур қишлоғини кўзлаб бораётган, иссиқда бироз тин олиш учун шу ёққа бурилгандик. Кексаларнинг гаплари қулоғимни қиздирди, Уйғурдан нари – Марғизорга ҳам бирров  ўтишни, ўша Ҳайдарали деганларининг боғини кўришни  дилимизга тугиб қўйдик...
 
“Қандингни ур!...”
Уйғур қишлоғи... Попдан чиқаверишда, Наманган-Қўқон йўлининг икки ёқасида жойлашган бу сўлим мавзе ўзининг боғ-роғлари,  қўли гул боғбон-у соҳибкорлари, иш кўзини биладиган тадбирли, лафзи ҳалол деҳқонлари билан азалдан довруқ таратган. Ундоқ десак, шу жойга туташ марғизорликлар ҳам ер “жонини киритиш”да уйғурликлардан ўтса ўтадики,  асло қолишмайди. Буёғини сўрасангиз, Поп бозорини энг сара мевалар, кўкатдан тортиб картошка, сабзи, пиёз, булғор қалампири, бақлажон, карам каби сабзавотлар билан тўлдириб турган ҳам шу икки қиш­лоқ  аҳли бўлади.
– Муҳтарам Президентимизнинг қишлоқ меҳнаткашларига кўрсатаётган  ғамхўрликлари, одамларга ўз томорқаларидан самарали фойдаланишлари учун имтиёзли кредитлар берилиши маҳалламиз аҳлини яна ҳам ерга яқинлаштирди, – дейди Уйғур маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Ёқубжон Усмонов. – Аввалдан тадбиркорликка қўл уриб, ўз иссиқхонасига эга бўлган элликдан ошиқ хонадон яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, майдонларини кенгайтириб олишди. Яна қирқдан ошиқ оила томорқаларида янгитдан иссиқхона қуриб, қишин-ёзин лимон, помидор, бодринг етиштириб, катта даромад эгаси бўлишяпти. Уйлар қуришяпти, тўйлар қилишяпти, машина олишяпти. Қишлоғимиз, маҳалламиз кун сайин обод бўлиб, одамларимизнинг турмуш фаровонлиги ошиб  боряпти.
Ёқубжон билан йўл ёқасидаги хонадонларнинг бирига кирдик. Пешвоз чиққан йигит  Муродбек Норйигитов бўлиб, икки сотих жойда иссиқхона ташкил этибди.
– Телевизорда кўриб, қизиқдим, “Қишлоққурилишбанк”нинг туман филиалига бориб мурожаат қилдим, беш миллион сўм кредит беришди, – дейди Муродбек. – Ана шу маблағга иссиқхона қурдим. Ўн икки туп “Супер Мир” навли лимон кўчати ўтқаздим. Жуда яхши нав экан. Ишонсангиз, шу йилнинг ўзида нишона кўрсатди. Остига эрта баҳорда кашнич, укроп каби кўкатлар экиб, беш миллион сўмга яқин даромад олдим. Шунинг ўзи  кредитни қоплади. Банкдагилар қарзимни тез қайтарганим учун яна кредит берамиз дейишяпти. Шу кунларда яна икки сотих иссиқхона қуриш ниятим бор. Бунисига энди помидор билан бодринг экмоқчиман...
Уйғурда ҳар икки хонадоннинг бири ўз иссиқхонасига эга. Довул маҳалласида яшовчи Олимовлар оиласи бу ишнинг анчайин ҳадисини олган.  Оила бошлиғи Иқболжон қишлоқдаги дорихоналардан бирида ишлайди. Хотини Муқаддам мактабда ўқитувчи.
– Яхши яшаш учун яхши меҳнат қилиш ҳам керак, – дейди Иқболжон. – Бундоқ қараганда, эр-хотин ҳам ишлаймиз. Ойлик маошимиз тирикчилигимизга бемалол етади. Лекин, инсон боласи бу дунёда орзу-ҳавас билан яшайди. Болам-чақам дейди. Учта фарзандимиз бор. Тўнғичимиз Шаҳриёр ўн икки ёшда. Ҳадемай улғайиб қолади. Уни ўқитишимиз, уйлаб-жойлашимиз керак. Яна укалари... Ҳаракатимиз шунга яраша. Эрта туриб кеч ётамиз. Ишга боргунча икки қатор жўякни чопиб қўйсак ҳам ҳарна-да. Баъзан кечалари ой ёғдусида ҳам ишлаймиз... Онамиз ҳам, болаларимиз ҳам ёнимизда. Эр-хотин ишлаб тургандан кейин улар қараб тура олишармиди? Яхши томони, фарзандларимиз меҳнатга қайишиб, пешона тери билан топилган нон тотли бўлишини билиб улғайишяпти. Қисқаси, икки сотихлик иссиқхонамиздан оила бюджетимизга ҳар йили 10-15 миллион сўмлик даромад  келиб тушяпти. Бу билан кифояланмасдан бир қисм очиқ майдонларга карам, картошка, пиёз, сабзи каби сабзавотлар ҳам  экамиз. Ўзимиздан ортганини бозорга олиб чиқамиз.
Иқболжон гапиряпти-ю, биз уй олдидаги мўъжазгина чорбоққа разм ташлаймиз. Айвоннинг шундоқ этагидаги беш сотихча ерга экилган карам етилай, деб турибди. Унинг этагидаги иссиқхонага экилган бодринг кўчатлари шиғил гулга кирган.                            
Йўлакай Улуғби ота Полвонов хонадонида бўлиб, у кишини зиёрат қилдик. Отахон катта ҳаёт йўлини босиб ўтган. Жамоа хўжалигида узоқ йиллар механиклик қилган. Тўқсон билан тўқнашиб турган нуронийнинг қувончи чексиз.
– Э, болаларим,  бундай замонда яшаш тушимизга ҳам кирганмас, – дейди Улуғби ота. – Телевизорни кўриб, мамлакатимиздаги янгиланишларни кузатиб, Президентимизнинг ҳақларига дуо қилиб ўтираман.  Ер деса – ер, пул деса – пул бериляпти. Ўзингни тикла, хўжалигингни тикла, халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади, дейиляпти. Колхозда эллик йил механиклик қилиб, қора мойга беланиб, бир қарич ерга ҳаддимиз сиғмаган. Мактаб ҳовлисидан тортиб, болалар боғчаси саҳнигача пахта экардик-да. Бундай боғлар қаёқда эди, парниклар қаёқдайди! Ўғлим Ғаффоржон салкам ярим гектар ерда боғ яратди. Яқинда бориб кўриб келдим.  Барака топсин, ўрик, олма, ёнғоқ, бодомнинг энг сархил навларини экибди. Ҳамма  кўчат мевага кирибди. “Э, яша, дедим – дуо қилдим. Астойдил ишласанг, яна уч-тўрт йилда пулнинг тагида қоласан”, дедим. Тиниб-тинчимас бола-да! Ҳовлисида икки сотих ерга иссиқхона ҳам қурган. Шу йилнинг ўзида помидор экиб, тўрт миллион сўм даромад олибди. Энди ўрнини юмшатиб, ўғитлаб бодринг экиб қўйди. Бундан ҳам камида беш миллион топаман, дейди. “Қандингни ур!” дедим... 
 
Боғбон  нимадан  ранжиди?
...Марғизорда  кетмон тутмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Деҳқонни-ку қўйинг, мактабда дарс берадиган ва ё туман ташкилотида ишлайдиган мутахассиснинг ҳам ҳеч йўқса, бир сотих иссиқхонаси бор. Бу ерда қайси эшикни очманг, ҳушёр бўлмасангиз, ё бир дарахтга, ё иссиқхона устунига бошингизни уриб олишингиз ҳеч гап эмас. Файзи-тароватли ҳовлилар дов-дарахтларга, экин-тикинларга, гул-у чечакларга тўлиб ётади. Исталган хонадонга киринг, эҳтиёт бўлиб қадам босасиз, боиси, бўш жойнинг ўзи йўқ.
Марғизор кўчаларидан  райҳон иси келади... 
Бу ердаги одамлар орасида соғлом рақобат бор. Қўшниси қўшнисининг ҳовлисига ишга отланаётиб ҳам, қайтаётиб ҳам бирров бўйлаб ўтади. “Ҳа, фалончи иссиқхонасига кўчат экишни бошлабди, мен ҳам бугундан қолдирмаслигим керак. Фалончи нокини узяптийкан. Демак, биз ҳам узишни бошламасак бўлмайди...” Ахир, узум узумни кўриб ранг олади-да, нима дедингиз?
Шарофиддин ака Султонов билан Элёр Тошматовлар қўшни. Элёрнинг эшиги кўчанинг бу юзида бўлса, Шарофиддин аканики  у юзида.
Элёр уч сотихлик иссиқхонасига лимон эккан. Яна ўн сотих жойда гилос, бодоми бор. Гилоски, “Тошкент” навли. Ҳар донаси нақд ёнғоқдек. Тотлилигини айтмайсиз.  Бодоми ҳам “юпқатомоқ”, юмшоқ. Элёр бозорга бориб ўтирмайди. Унинг лимонлари, гилос-у бодомлари таърифи аллақачон бу депарани тутиб улгурган. Ўз харидорлари бор. Эшигига келиб,  ўзлари узиб, ўзлари олиб кетишади. Элёр Тошматов шу тариқа томорқасидан ҳар мавсум 15-20 миллион сўм соф даромад топади. 
Шарофиддин ака эса ўн сотихлик томорқасида кўчат етиштириб сотади. Буёғини сўрасангиз, қишлоқ, туман марказидаги эрта баҳордан то кеч кузгача ажиб бўй таратиб, димоқларни қитиқлаб, дилларни яйратиб, ўтган кетганнинг ҳавасини келтириб ётадиган турфа гулларнинг ҳаммаси ана шу Шарофиддин аканинг меҳнати маҳсули. Бу тиниб-тинчимас инсон кўчатни сотибгина қолмай, керак бўлса бориб, экишиб ҳам қўяди,  кўклашини кузатиб, маслаҳатлар беради.
– Қандай кўчатлар етиштирасиз? – сўраймиз уста боғбондан.
– Тури кўп, нави ҳам оз эмас. Голландиядан келтирилган гул кўчатларидан тортиб, ўрик, олма, гилос, нок, узум, анор, бодом, ёнғоқ дарахти кўчатларининг энг сараси бизнинг томорқада   битади, – дейди Шарофиддин ака. – Масалан, биргина бодомнинг уч хил навини пайванд қилиб, талабгорларга кафолати билан етказиб бераман. Қиличбодом, “Озарбайжон”, Пистабодом... Кеч кузда, эрта баҳорда остонам одамга тўлиб кетади. Яшириб нетай, уларнинг ҳаммасига ҳам кўчат етмайди... Шуни ҳисобга олиб,  туман раҳбарларига рўпара бўлдим. Икки гектаргина ер берсаларинг, туман, вилоятдаги боғ яратмоқчи бўлган одамлар учун мева ва гул кўчатлари етказиб берган бўлардим, дедим. Ҳай, дейишди-ю... Натижа бўлмади. Баҳорда остонамни босиб, Тошкентдан, вазирликдан меҳмонлар келишди. “Таърифингизни эшитдик, зўр-зўр кўчатлар етиштирар экансиз”, деб боғимни оралаб кўришди. Пайвандлаш усулларим, даромад-у буромадим билан қизиқишди. Боғимнинг бир томонидаги турфа мевали дарахтлар ҳам улар назаридан четда қолмади. “Кўчат билан бирга мева ҳам етиштирар экансиз-да”, деб саволга тутишди. “Ҳа, энди мевасини татиб кўриб, ёқсагина кўчатига харидор бўлишади-да”, дедим. Кейин меҳмонларнинг “катта”си: “Қандай талабларингиз бор? Нимадан ёрдам қилайлик?” деб сўради. Шунда ўша туман раҳбарларига айтган гапимни айтдим. “Томорқам торлик қиляпти. Талабгорларга кўчат етишмаяпти. Шунга бир-икки гектар ер беришса соз бўларди” дедим. “Бу муаммо эмас, ёрдам қиламиз”, дейишди. Хурсанд бўлдим.  Кун санаб  юрдим... Бир куни кўча эшигим тақиллаб қолди. Очсам, уч-тўрт чоғли пўрим кийинган йигитлар турибди. “Ер сўраган экансиз, шуни ҳужжатлаштиргани келдик”, дейишди. “Э, умрларингдан барака топинглар”, дедим. Кейин улар мени машиналарига солиб, қаёққадир олиб кетишди.  Юриб-юриб, Уйғурсой деган ишчилар шаҳарчаси тепасидаги қақроқ қирнинг қоқ тепасига чиқиб бордик. Ҳайрон бўлиб турибман. “Ана шу ердан икки гектар эмас, хоҳлаганингизча  қайириб  олиб, кўчат экаверинг”, дейишди улар.
...Кўз олдим тиниб, сочим тикка бўлиб кетди. Хайрият, қон босими йўқ. Юрагим ҳам, худога шукур, бақувват. Биз турган қирнинг бир номини халқ ичида “Қисир қир” дейишади. Гиёҳ тугул, янтоқ ҳам ўсмайди. Йигитлар ҳазиллашяптими, десам, жиддий. “Ёшим олтмишдан ошди. Неварам тенгисизлар. Умрларинг узоқ бўлсин. Мени масхара қилманглар, болаларим”, дедим-у хайр-хўшни ҳам насия қилиб, пойи пиёда уйга жўнавордим...
Кўнглим қаттиқ оғриди...
 
Ҳайдарали муаммо қўяди
...Ҳайдарали Олимовнинг боғи Шимолий Фарғона каналининг шундоқ пастида. Миришкор боғбон  қоратол  остига қўйилган сўрида чуст дўпписини чаккасига қўйган кўйи  кўк чойни симириб, салқинлаб  ўтирибди. Боғи – ясатиғлиқ дастурхонга ўхшайди. Раста-раста ўрик, олма, гилос, нок каби мевали дарахтлар...  Нок билан олма деганларининг  шохлари ларзон.  Ҳосили аллақачон йиғиштириб бўлинган ўрик, гилосларнинг бачки шохлари қирқилиб, шакл бериш ишлари аллақачон бошлаб юборилган. Бир гуруҳ хотин-қизлар қатор ораларига саримсоқ пиёз қадаш билан банд.
– Бу ерлар қурилишга шағал олинадиган карьер эди, – дейди Ҳайдарали. – Бундан ўн тўрт йил муқаддам тошини териб, текислаб, яхши ният билан кўчат экдик. Келгуси йили эккан кўчатларимизни энг сара навларга пайвандлаб чиқдик. Ҳозир ана шу салкам икки гектарлик хусусий боғимизда эллик туп ўрик, саксон туп гилос, юз туп олма, эллик туп бодом бор. Ҳозиргача  ўрик, гилос, бодомнинг ўзидан 30 миллион сўмлик сотдик. Олма билан нокдан яна шунча даромад қиламиз, деб турибмиз. Олтмиш сотих жойга экилган саримсоқпиёзимиздан 40 миллион сўм фойда кўрдик. Икки қаторга бақлажон эккан эдик. Тўрт марта териб олдик. Ҳосили кўплигидан териб тугатиб бўлмаяпти. Булардан ташқари мош, ловиямиз бор. Ҳадемай булар ҳам пишиб қолади. Дарахт тагларини ҳам бўш қўймаганмиз. Укроп, кашнич каби кўкатлар экканмиз. Бу ҳам бозорни гуллатиб,  майда-чуйда харажатларимизни кўтариб туради.
Уста боғбон бизни боғ айланишга таклиф қилади. Боғмисан боғ! Кўчатлар тўлиқ. Жуда унақа катта жойни эгаллаб тарвақайлаб ҳам кетмаган. Қатор ораларига худди қизларнинг сумбул сочини ўргандек эгат олиниб, экишга тайёрлаб қўйилган. Баъзи қаторларда мош, ловия шингиллаб ётибди.   
Ҳар бир мевали дарахтнинг ўрни-ўрнида экилганлиги, бир текис ўсганлиги, қатор ораларининг бир қаричи ҳам бўш қолдирилмаганлиги ҳавасимизни келтиради. Ҳайдаралидан бунга қандай эришаётганини сўраймиз.
– Ҳар бир дарахт – тирик организм, жони бор, – дейди боғбон. – Унга меҳр кўрсатсангиз, вақтида парваришлаб, сувини, ўғитини берсангизгина кутилган ҳосилни оласиз. Ўғил-қизларим, келинларим, невараларим – ҳаммамиз эрта-ю кеч шу боғдамиз. Ҳар бир мевали дарахт диққат эътиборимизда. Меҳри-мажолимизни қўйиб ишлаймиз. Меҳнатимизга яраша даромад оламиз. Фойдани оиламиз фаровонлигига сарфлаймиз. Яқинда бу йилги ҳосилдан боғ қатор ораларида ишлашга мўлжалланган мини-трактор сотиб олдик. Бу ҳам ишимизни анча енгиллаштириш билан бирга, оиламизга тўкинлик келтиряпти. Қўшни боғлар, томорқа хўжаликларига хизмат кўрсатяпти.
–  Кўп йиллик катта тажрибага эга боғбонсиз, айтинг-чи, бугун томорқа хўжалигида, боғдорчиликда қандай муаммолар бор? – қизиқиб сўраймиз Ҳайдаралидан.
– Муаммолар бор, – дейди у. – Энг аввало, вилоят, туманларда томорқа хўжаликлари уюшмасини тузишнинг вақти келди, деб ўйлайман. Ерга берсанг – оласан. Керак пайтида кимёвий ўғитлар масаласида қийналиб қоляпмиз. Агар янги уюшма ташкил этилиб, боғбонларга, томорқачиларга имтиёзли нархларда кимёвий ўғитлар, турли касаллик ва ҳашаротларга қарши препаратлар етказиб берилса, нур устига аъло нур бўларди. Яна уруғлик масаласи. Биз аксарият ҳолларда сабзавотлар уруғини бозордан, қўлдан харид қиляпмиз. Оқибатда кутилган ҳосилимиз битмай,  қилган сарф-харажатимизга куйиб қолган пайтларимиз ҳам бўляпти. Туман марказларида, аҳоли гавжум, томорқачилик ривожланган қишлоқларда давлат синов лабораториясидан ўтган, сертификатланган уруғ сотишга ихтисослашган дўконлар очилса, яхши бўларди.
Ҳосилни сотишда ҳам муаммолар йўқ эмас. Бизнинг боғимиз катталиги, меваларимиз бозоргир бўлгани учун бу борада  қийналмаймиз, ўз мижозларимиз бор. Лекин кичик ерда, ўз томорқасида, иссиқхонасида ҳосил етиштираётган шахсий ёрдамчи хўжалик эгалари ҳосилни сотишда бир қатор қийинчиликларга дуч келаётир.  Деҳқоннинг бозорда ўтириб, ўз маҳсулотини сотишга доим ҳам вақти бўлавермайди. Буни яхши билган, иймони суст олибсотар, ўртакашлар пишиқчилик даврида қишлоқ, маҳаллаларга мўр-малахдай ёпирилиб, эшикма-эшик юриб мевани ҳам, сабзавотни ҳам ерга уриб, пўчоқ баҳосида олишга ҳаракат қилади. Бунга кўп-да эришади ҳам. Натижада тайёр маҳсулот қўлдан қўлга ўтиб, бозор пештахтасига етиб боргунча нархи ошиб кетяпти. Томорқачиларга, боғбон-соҳибкорларга бу борада ҳам ёрдам берилса, маҳсулот уюшма орқалими, агрофирмалар орқалими, деҳқон куймайдиган нархларда харид қилиб олинса, яхши бўларди, деб ўйлайман.
Яна бугун томорқачилар ерни ҳайдашда, ишлов беришда қийналиб қолаётгани ҳам бор гап. Техника тақчил. Бори ҳам бир парча ерни ағдариш учун “солярка қиммат” деган баҳоналар билан отнинг баҳосини сўрайди. Ҳозир бир сотих ерни олти, етти минг сўмдан ҳайдашяпти. Бунақада томорқачи-боғбоннинг косаси оқаради, дейсизми?  Ҳамма деҳқонлар ҳам трактор сотиб олиш имкониятига эга  эмас. Бу муаммони ҳал қилиш учун яна ўша гап. Агрофирмалар ёки томорқачилар уюшмаси орқали шахсий ёрдамчи хўжаликларга техник хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш керак. Бу масалаларга ечим топишда тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фаоллари, партиянинг жойлардаги бошланғич ташкилотлари, депутатларимиз ёрдамига муҳтожмиз.
...Ҳайдарали билан хайрлашдик. Бу вақтда қуёш аллақачон уфққа бош қўйган эди. Беихтиёр   чойхонадаги отахонлар гурунги ёдимизга тушди.  Санглик яна бир миришкор деҳқон Жўра миллионни эсладик. Яқин орада  газетамиз мухлисларига “миллион” ва  унинг ажабтовур ишлари ҳақида сўзлаб бериш ниятимиз бор...
 Ортиқали НОМОЗОВ,
“XXI asr” мухбири
Суратларни Фурқат ШЕРМАТОВ  олган.