Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Президент Шавкат Мирзиёев ўтганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди

Президент Шавкат Мирзиёев ўтганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди

Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни кенг нишонланмоқда. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган байрам тадбирларида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Хотира майдонига ташриф буюриб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан мукофотлар топширилди. Уларнинг ўзлари жанг қилган мамлакатларга бориб-келиши, санаторийларда бепул дам олиши учун шароит яратилди. Иккинчи жаҳон уруши ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийларга, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Бугун ушбу тарихий сана муносабати билан жойларда байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.