Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ПРЕЗИДЕНТ ВАКИЛИ тадбиркорлар манфаатлари ҳимоясининг кафолати бўлиши керак

ПРЕЗИДЕНТ ВАКИЛИ тадбиркорлар манфаатлари ҳимоясининг кафолати бўлиши керак
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш, кичик безнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган институционал ислоҳотларни изчил давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилган. Айни пайтда муҳокама қилинаётган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кейинги 5 йиллик тараққиёт дастуримизда белгиланган ана шу устувор вазифалар рўёбига хизмат қилади.
 Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик субъектлари сони 210 мингдан ортди. Кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,9 фоиз, саноатда эса 45 фоизни ташкил этмоқда. Бугунги кунгача тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган 1200 тадан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан 160 тадан зиёд қонун, Президентимизнинг 200 тага яқин фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарийб 300 та қарори қабул қилинди. Бундан ташқари, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқда. Шунингдек, айнан шу иш билан шуғулланадиган нодавлат нотижорат ташкилотларининг сони ҳам 2 мингга яқинлашиб қолди. Жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг асосий вазифаси ҳам тадбиркорлар манфаатини ишончли ҳимоялашдан иборат. Партиямиз бу борада Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “Тадбиркор аёл” уюшмаси, Аудиторлар палатаси ва бошқа кўплаб фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда фаолият кўрсатяпти.
Афсуски, Халқ қабулхоналари ва Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига келиб тушган 40 мингга яқин мурожаат хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес ривожи йўлида ҳали ҳам тўсиқ ҳамда ғовлар кўплигини кўрсатмоқда.
Шу боис Президент ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил лавозими ташкил этилди.
Мазкур лавозимни ташкил этиш ташаббуси илгари сурилганидан кейин бу ғоя сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар, тадбиркорлик уюшмалари томонидан қўллаб-қувватланди. Шу боис жойларда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилиняпти. Қувонарлиси, лойиҳаларнинг иккитаси партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари П. Свешников ва З. Ханиязовлар томонидан тақдим этилган. Яна бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда 50 га яқин ҳалқаро ва хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилди.
Таъкидлаш керак, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти дунёнинг турли давлатларида турлича номланади ва уларнинг мақоми ҳам ҳар хил. Масалан, Россия ва Қозоғистонда ушбу институт Президент ҳузурида тузилган. Россияда – “Россия Федерациясида тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил”, Қозоғистонда эса “Қозоғистон тадбиркорлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил”, деб юритилади.
АҚШда тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун масъул бўлган ягона ва алоҳида институт мавжуд бўлмаса-да, АҚШнинг Кичик бизнес масалалари бўйича маъмурияти тизимида “Кичик бизнес масалалари бўйича Миллий омбудсман” лавозими бор. Бу тузилма мустақил Федерал агентлик ҳисобланади ҳамда 2 мингдан зиёд ходимга эга.
Бошқа давлатларда “Бизнес омбудсман”лар ҳукумат ҳузурида тузилган. Буюк Британияда – “Молиявий Омбудсман”, Канадада – “Инсон ҳуқуқлари ва солиқ тўловчилар ҳуқуқлари бўйича вакил”, Украина ва Грузияда – “Бизнес-Омбудсман” деб номланади. Францияда эса мазкур институт Иқтисодиёт ва бюджет вазирлиги ҳузурида тузилган бўлиб, “Иқтисодиёт ва бюджет вазирлиги Омбудсмани” деб аталади.
Биз қонун лойиҳасини тайёрлаётганда, шу йўналишда фаолият кўрсатаётган идораларнинг – “Бизнес Омбудсман”ларнинг фаолияти билан яқиндан танишдик. Яхши жиҳатларини қонун лойиҳасига киритишга ҳаракат қилдик. Бундан ташқари, тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотлар давомида айтилган таклиф-тавсиялардан фойдаланилди. Ишонч билан айтиш мумкинки, шу кунларда мазкур қонун лойиҳаси жойларда қизғин муҳокама этиляпти. Бу эса қонуннинг пишиқ ва пухта бўлишида ҳамда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Иброҳим ҲОЖИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатасидаги O‘zLiDeP
фракцияси аъзоси
 
* * *
САМАРҚАНД.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама этилмоқда. Баҳс-мунозара шаклида кечаётган мулоқотларда тадбиркорлар, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия ходимлари, ҳуқуқшунослар фаол иштирок этишяпти. Қонун лойиҳасининг ҳар бир банди бўйича таклиф, тавсиялар берилмоқда.
– Муҳокамаларга, айниқса, жамиятимизнинг ўрта қатлами вакиллари – тадбиркор ва ишбилармонларнинг жалб этилаётгани ва фикрларимизнинг инобатга олинаётгани бизни мамнун қиляпти, – дейди Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатаётган “Бека чарос” хусусий корхонаси раҳбари Гулбека Қўчқорова. – Мунозараларнинг самимий, ишчанлик руҳида ўтиши, ўйлайманки, қонун лойиҳасининг ҳаётийлигини ҳам таъминлайди. O‘zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши ташаббуси билан бўлиб ўтган бугунги учрашувда мен ҳам ўз таклифим билан қатнашдим. Таклифим шундан иборат бўлдики, тадбиркорлик фаолияти ҳақида қабул қилинаётган ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжат янги тузилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг тасдиғидан ўтиши лозим. Бу тадбиркорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш учун ғоятда муҳим. Чунки “Бизнес омбудсман” тадбиркорнинг муаммоларига ечим топадиган, уларнинг оғирини енгил қиладиган ваколатли орган бўлиши керак.
 
* * *
НАМАНГАН.

Вилоятда бўлиб ўтган муҳокамаларда ҳам “Бизнес омбудсман”нинг ваколатларини кенгайтириш масаласи алоҳида урғуланди.
– Қонун лойиҳасининг 9 ва 10-моддаларида Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга тақдимнома киритиш ва огоҳлантириш эълон қилиш ваколати берилаётгани белгиланган, – дейди халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Деҳқонали Избосаров. – Аммо “вакилнинг ҳудудларда ўз вакили бўладими?” деган савол очиқланмаган. Агар унинг жойларда вакили бўлмаса, ҳудудлардаги тадбиркорлар кимга мурожаат қилади? Айтайлик, наманганлик тадбиркор фаолиятига ноқонуний аралашув ҳақида “Бизнес омбудсман”га мурожаат қилмоқчи бўлса, унинг шикояти вакилга қачон етиб келади-ю, қачон кўриб чиқилади? Лойиҳада бу ҳақда ҳеч нима дейилмаган. Шундан келиб чиқиб, “Бизнес омбудсман”нинг ҳудудларда ҳам ўз вакили бўлиши керак”, деган таклифни илгари сурмоқчиман.
 
* * *
ЖИЗЗАХ.

O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгашида ўтказилган муҳокамаларда қонун лойиҳасининг 14-моддасини янада такомиллаштириш бўйича таклиф илгари сурилди.
– Лойиҳанинг 14-моддасида тадбиркорлар қонуний манфаатлари бузилганидан кейин узоғи билан 1 йил мобайнида вакилга мурожаат қилиши кераклиги белгиланган, – дейди Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги партиямиз гуруҳи аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Анорбой Эшматов. – Вакилга шикоят қилиш учун 1 йил муддатнинг белгилангани муаммоларни тезроқ аниқлаш ва бартараф этишга туртки бўлиши рост. Аммо тадбиркор халқи ҳар доим ҳам шикоят ёзишга ҳафсала қилмаслигини инобатга олишимиз керак. Масалан, жиззахлик бирор тадбиркорнинг биноси айрим узоқни кўролмайдиган ношуд раҳбарнинг ишга панжа орасидан қараши туфайли бузилса, нега у 1 йил ичида вакилга мурожаат қилиши керак? Асаббузарликлардан чарчаб, соғлиғи ёмонлашган бўлса ҳам, “Нега бир йил олдин мурожаат қилмадингиз, энди шикоятингизни кўриб чиқолмаймиз” деган мазмунда жавоб бериш қай даражада тўғри бўлади? Боз устига тадбиркор ўзини тиклаш учун 1 йилдан кўпроқ вақт сарфлаган бўлса-чи? Ана шу омилларни инбатга олиб вакилга мурожаат қилиш учун белгиланган муддатни камида 3 йилга узайтиришни мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.
 
* * *
“Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонун лойиҳаси барча даражадаги партия ташкилотларида кенг муҳокама этиляпти.
Ҳасан САЛОМОВ,
“XXI asr” мухбири