Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Президентни мақташга икки йиллик мораторий

Президентни мақташга икки йиллик мораторий

 

 Би-би-си журналисти Паҳлавон Содиқ матбуотда Президентни мақташга камида икки йиллик мораторий эълон қилишни таклиф этди.

      Президент Шавкат Мирзиеёвнинг Олий Мажлисга Мурожаати хорижда ҳам муҳокама қилинмоқда. Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистоннинг етакчи расмий ахборот агентлиги ЎзА бу борада “аввалгиларга ўхшамас” муносабат-мақола тайёрлади. Унда Би-би-си журналисти Паҳлавон Содиқ, жумладан, шундай деб ёзади: “Менга қолса, матбуотда Президентни мақташга камида икки йиллик мораторий эълон қилган бўлардим. Президентнинг ўзи икки йиллик фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу матбуотга ҳам жорий этилса, яхши бўларди. Чунки матбуотимиз сўз эркинлиги деганда кўпроқ ҳукуматни мақташни тушунади. Ҳар ҳолда, яқин ўтмишда шундай эди. 

     22 декабрь куни мени Би-би-си Жаҳон хизматининг инглиз тилидаги дастурларидан бирига Шавкат Мирзиёевнинг нутқи ҳақида гапириб бериш учун таклиф қилишди. Бошловчининг биринчи саволи "Ким бу одам, қандай раҳбар?" деган савол бўлди. Би-би-сининг аудиторияси катта ва бу каби савол табиий эди. Мен Шавкат Мирзиёевни ўзим билганимча таърифладим ва у ўзининг ўтмишдошиникидан фарқли бошқарув услубини намойиш этишга уринаётганига урғу бердим. Бу муҳим эди. Чунки ўтмишда Ўзбекистондаги сиёсий бошқарув борасида дунёда жуда ҳам салбий фикр шаклланган. Бу фикрни ўзгартириш учун Шавкат Мирзиёев ҳали бир эмас, бир нечта "Фултон нутқлари"ни қилиши керак бўлади ва бундан ҳам муҳими, қатъий сиёсий иродани намойиш этиши лозим бўлади. Дунё матбуоти сўнгги чорак асрда Ўзбекистонда ижобий ўзгаришларни кўрмагани боис, Шавкат Мирзиёев қўяётган қадамларни эҳтиёткорлик билан олқишлаяпти. Ғарб журналистлари уларни ҳатто "ғалати ўзгаришлар" деб ҳам таърифлашмоқда. Мана, жаҳон нашрларининг сарлавҳаларидан бир нечтаси: "Ўзбек баҳори келди, аммо ёзгача ҳали кўп бор" ("Экономист", 14 декабрь, 2017 йил), "Бир пайтлар ёпиқ ва репрессив Ўзбекистон дунёга очилмоқда" ("Нью-Йорк Таймс, 25 октябрь, 2017 йил), "Ўзбекистонга қайтиш: илиқлашув бўладими?" (BBCNews, 22 ноябрь,2017 йил), "Бу Ўзбек баҳорими?" (RFE/RL, 16 июл, 2017 йил). Жаҳон матбуоти ва жамоатчилиги Ўзбекистондаги ўзгаришларни яқиндан кузатмоқда. Ҳозиргача, кўпроқ яхши ният ва яхши баёнотларни кўраяпмиз. Ўзгаришлар бор, аммо ҳали улар муқаррар, орқага қайтмайдиган нуқтага етганича йўқ. 

   22 декабрь кунги Мурожаати билан Шавкат Миромонович Мирзиёев мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги жамоатчиликни ўзгаришларнинг самимийлигига бир қадар ишонтирди. Аммо ишонқирамаётган, скептик жамоатчилик ичкарида ҳам, ташқарида ҳам бор. Улар аниқ қадамларни кутаяпти. Масалан, мамлакат қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбусларни озод қилиш, айбсизларни реабилитация қилиш, қийноқларга буткул барҳам бериш, сўз, матбуот ва ифода эркинлигини кафолатлаш, хорижий ва мустақил сайтларга қўйилган тўсиқларни дарҳол олиб ташлаш, сиёсий мухолифатга йўл бериш, дин эркинлигини кенгайтириш, яқин ўтмишда йўл қўйилган хатолар ҳақида баралла гапириш ва уларга сиёсий баҳо бериш. Булар кўп нарса эмас. Инқилоб ҳам эмас. Булар нормал, тараққий қилишни истаган жамиятнинг атрибутлари, холос. Шавкат Мирзиёев ҳам назаримда муаммо борми, ҳал қилиш керак, деган прагматик бир мантиқдан келиб чиқаяпти. Ортиқча пафосга берилаётгани йўқ. Буларнинг ҳаммаси умид уйғотадиган ишоралардир”.