Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Профессор Ҳусейн Байдемир: Ўзбек халқ эртаклари турк болаларини даволаяпти

Профессор Ҳусейн Байдемир: Ўзбек халқ эртаклари турк болаларини даволаяпти
2018 йил 5 май куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Муроднинг 70 йиллигига бағишлаб Туркиянинг Отатурк университети профессори Ҳусейн Байдемир билан ижодий учрашув ўтказилди.
Ҳусейн Байдемир 1972 йили Арзирумда туғилган. 1990–1994 йиллари Отатурк университетининг адабиёт факультетида таҳсил олган. 1998 йили “Рустамхон достони: матн ва таҳлил” мавзусида магистрлик, 2004 йили “Ўзбек халқ эртаклари: таҳлил ва матн” мавзусида докторлик (PhD) диссертациясини ёқлаган. Ҳозир шу олий ўқув юртида талабаларга ўзбек тили ва адабиётидан сабоқ беради. “Ўзбек афсоналари” (2011), “Ўзбек халқ эртаклари”(2013), “Турк дунёси ошиқ адабиёти” (ҳаммуаллифликда) каби китоблар муаллифи. Ўзбек халқ оғзаки ижодидан ташқари замонавий олим ва адибларимиз Ғози Олим Юнус, Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек, Ҳоди Зариф, Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов ва Тоғай Муроднинг илмий-ижодий мероси ҳақида изланишлар олиб борган.
Тадбирда сўзга чиққан Ҳусейн Байдемир у томонидан турк тилига ўгирилган "Ўзбек халқ эртаклари" китоби турк касалхоналарда бемор болаларга ўқитилаётган ва мазкур эртаклар болалар руҳиятида катта ижобий ўзгаришлар ясаётгани ҳақида тўлқинланиб сўзлаб берди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда Тоғай Муроднинг 70 йиллигига бағишлаб ўтказилган хотира кечасида (02.02.2018) профессор Ҳусейн Байдемирнинг маърузаси видеолавҳа тарзида намойиш этилган эди. У Туркияда Тоғай Мурод ижодидан қилинаётган бадиий таржималар ва олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ҳақида атрофлича маълумот бериб, “Асарларини ўқиб билдимки, Тоғай Мурод ўзбекнинг изтиробларини чуқур ҳис қилган, ўзи ҳам ҳаётда эл дарди билан яшаган. Шунинг учун ҳам унинг китоблари халқ тарафидан севиб ўқилмоқда”, дея таъкидлаганди. Унга кўра, Туркияда Тоғай Мурод ҳақида ёзилган илк йирик илмий иш Ғозий университетида 2000 йили ҳимоя қилинган 400 саҳифалик магистрлик диссертациясидир. Бу диссертациянинг 1-қисмида Тоғай Муроднинг таржимаи ҳоли, 2-қисмида "Отамдан қолган далалар" романининг тил хусусиятлари, 3-қисмида грамматик хусусиятлари ва асардаги исм ва отлар илмий жиҳатдан ўрганилган. Кейинги қисмда романнинг транскрипцияси тақдим этилган. 2007 йили "Турк дунёси тил ва адабиёти" журналида Явуз Қарталлиўғли тарафидан Тоғай Мурод асарлари ҳақида илмий мақола чоп этилган.
Турк китобхонлари Тоғай Муродни икки ҳикояси ва "Отамдан қолган далалар" романидан парчалар таржимаси орқали танишади.
Учрашувда профессор Ҳусейн Байдемир Отатурк университетида "Тоғай Мурод асарларида тилнинг ўзига хос жиҳатлари" мавзусида илмий иш қилинаётгани, ўзи ҳам “Тоғай Мурод асарларида халқ ижодиёти” мавзусида тадқиқот яратиш йўлида изланаётганини билдирди. Ҳусейн Байдемир магистрантлари томонидан адибнинг "Ойдинда юрган одамлар" қиссаси таржимаси ва тадқиқотига қўл урилгани, тез орада бу асарнинг турк китобхонлари қўлига етиб боргани ҳақида Ўзбекистонга хушхабар келишига ваъда берди.