Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ҚАБУЛДАГИ ҚУВОНЧЛАР

ҚАБУЛДАГИ ҚУВОНЧЛАР
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига, шу йилнинг 3 сентябрь ҳолатига  кўра, мамлакатимиз аҳолисидан турли мавзуларда жами 1 149 307 та, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасидан 35 573 та мурожаат келиб тушган. Қорақалпоғис­тондан келиб тушган мурожаатларнинг 34 133 таси жисмоний, 1 140 таси юридик шахсларга тааллуқли бўлиб, уларнинг 7 393 таси Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, 2 622 таси меҳнат ва бандлик, 2 526 таси ички ишлар, 1 896 таси прокуратура, 1 726 таси суд, 1 435 таси банк, 1 234 таси тиббиёт тизимига тааллуқлидир. Алоҳида таъкидлаш керак, Вазирлар Кенгаши томонидан кўриб чиқилган шикоятларнинг 76 фоизи амалда қаноатлантирилди.
Амударё туманидаги сайёр қабул болаликдан ногиронлик аравачасига михланган фуқаро, “Жасорат” медали соҳибаси Дармонжон Ибодуллаевага Тошёб овул фуқаролар ҳудудида намунавий лойиҳа асосида қурилган уйлардан бирининг калитини топширишдан бошланди. Касаначиликда ибрат мактаби яратаётган илғор тадбиркорга  бошланғич бадал пули давлат томонидан қопланганидан ташқари, замонавий тикув машинаси ҳам ҳадя қилинди. Чимбойлик 2-гуруҳ ногирони Гулчеҳра Фозилбекова ҳам уч хоналик уйнинг соҳибасига айланди. Тўрткўллик Санобар Юсупова, Беруний шаҳрида яшовчи Жамоладдин Маткаримовга ҳам “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятининг маҳаллий корхоналари томонидан тикув машиналари берилди. Ўнлаб ҳожатманд фуқароларга ногиронлик аравачаси тортиқ қилинди, бир қанчалари протез-ортопедия ва реабилитация воситалари билан таъминланди. Юзлаб кам таъминланган оилалар моддий ёрдам олдилар.
 – Бугунги кунда минглаб фуқаролар ўз ҳаётида дуч келаётган муайян муаммолар ёки адолатсизликлар юзасидан Халқ қабулхоналари ёки Виртуал қабулхонага тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, қонунда белгиланган тартибда муаммоларига ечим топмоқдалар, – деди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси
Т. Худайбергенов
Элликқалъа туманида ўтказилган якуний сайёр қабулда. – Шуниси эътиборга лойиқки, қонуний асосга эга бўлган масала ҳамда мурожаатларнинг барчасига ижобий ечимлар топилмоқда. Бугунги сайёр қабулларга биргина Тошкент шаҳрининг ўзидан 45 нафар масъул раҳбарлар таклиф этилган. Уларнинг ташрифи озмунча сарф-харажатни талаб этмайди, албатта. Аммо давлатимиз бирор нафар фуқаронинг мурожаатини эътиборсиз қолдирмайди. Муҳтарам юртбошимиз шу йилнинг бошида Қорақалпоғистонда бўлганларида ҳудуднинг саноат салоҳияти ва аҳоли турмушини юксалтириш билан боғлиқ йигирмадан ортиқ муҳим кўрсатмалар берган эдилар. Уларнинг кўпчилиги тўлиқ амалга ошди. Энг аввало, Нукус шаҳридаги жоме масжиди биносига сайқал берилди. Қисқа муддатда Мўйноққа сифатли ичимлик суви олиб борилди. Биз кеча Мўйноқда ана шу зилол сувдан бир пиёла ичиш бахтига мушарраф бўлдик. Қисқаси, хайрли ишлар кўп. Бугунги қабулга Элликқалъа, Тўрткўл, Беруний туманларидан давлатимиз раҳбарининг Виртуал қабулхонаси ва жойлардаги Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган кишиларни чорлаганмиз. Қани, кимдан бошлаймиз?
Мазкур даъватдан сўнг ўн нафардан ортиқ юзларида мамнуният акс этиб турган фуқаролар чиқишди. Бежирим кийинган, юз-кўзларида қувонч жилва қилиб турган ёш жувон:
– Элликқалъадан Айжан Аязбоеваман. Бу ерга бирор шикоят билан эмас, аксинча, бугун менга берилган уч хонали намунавий лойиҳа асосида қурилган уй, ҳомийлар томонидан қоплаб берилган ўн миллион сўм бўнак пули, касаначи бўлишим учун берилган тикув машинаси, иш ўрни, энг муҳими эса инсоний меҳру эътибор туфайли муҳтарам Президентимизга миннатдорчилик билдириш учун келдим. Ўғлим балоғат ёшига етгунча ижарама-ижара юрдик... Мингдан минг  раҳмат сизларга!
Сайёр қабул чоғида барча мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилиб, аксарияти тегишли ташкилотлар, вазирлик ва идоралар мутасаддилари томонидан таҳлил этилган ҳолда ижобий ечимини топди. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари қўшимча ўрганиш талаб қиладиган масалалар юзасидан фуқароларга тушунтириш бердилар. Қабул якунида фуқароларнинг дарду ташвишига шерик бўлиш, эҳтиёж ва талабларини таъминлаш ҳар бир раҳбарнинг муҳим вазифаси эканлиги алоҳида таъкидланди. Айниқса, ҳар бир ҳудуддаги тўрт шўъба мутасаддилари ва аъзолари ҳар бир фуқаро, ҳар бир хонадон билан доимий мулоқотда бўлиши, уйма-уй юриб, одамларнинг соғлиғи, турмуш шароити ва эҳтиёжларини ўрганиши, шу асосда тегишли чоралар белгилаши зарурлигига эътибор қаратилди. Сайёр қабулларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Ерниязов, Вазирлар Кенгаши Раиси Қ. Сариевлар иштирок этди.
Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,
“XXI asr” мухбири