Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ҚАДИМ РИВОЯТ

ҚАДИМ РИВОЯТ
...Бир бой одам каттагина бозор қурдирибди-ю, унга киришни пуллик қилиб қўйибди. Аввалига эллик сўм бўлган нархга биров ғиринг деявермагач, тобора ошириб бораверибди. Бозор эгаси биронта одам норози бўлиши ёки тўполон чиқишини кутармиш-да, бозорга кириш нархини ҳар ҳафта ошириб қўярмиш.
Хуллас, у ўз қавмининг адолатсизликка қарши бош кўтаришини дил-дилидан истаб, шу ишни қилибди. Аммо... Аммо қавмнинг феъли яна ўзини кўрсатибди – нарх ҳар қанча оширилмасин, биров ғинг демабди. Ахийри бойнинг жаҳли чиқиб, бозор дарвозаси олдига девдай бир одамни қўйибди-да, кирганнинг ҳам пулини олишини, ҳам кетига битта тепишини буюрибди. Эҳтимол, шу хўрликка, ҳақоратга чидаёлмас, дея ўйлабди.
Қарангки, яна кутгани бўлмабди – одамлар кетларига биттадан тепкини еб, бозорга навбати билан аста-секин кириб-чиқаверибдилар. Хўжайиннинг ҳафсаласи пир бўлиб, ҳаммасига қўл силтаган кунларининг бирида дарвоза олдида ғала-ғовур кўтарилибди. Хўжайин “хайрият-ей”, дея қувониб, дарвоза томон шошибди. Қараса, не кўз билан кўриб, не қулоқ билан эшитсинки, одамлар кетга тепувчилар сонини кўпайтиришни талаб қилаётганмиш, акс ҳолда навбат чўзилиб кетаётганини айтишаётганмиш...