Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Қадим Хоразмнинг ташриф қоғози

Қадим Хоразмнинг ташриф қоғози

Урганч ­– Тошкент йўналишида учувчи самолёт бортига қадам қўярканман, қадрдон ҳамкасбларим, халқимиз таъбири билан айтганда, ҳар куни телевизорга чиқадиган, яхши хабарларни миллионлаб кишиларга етказадиган дўстларимни учратдим. Уларнинг нигоҳида хурсандчилик сезилиб турганди...

Оддий савол: журналистларнинг кайфияти қачон чоғ бўлади? Тўғри топдингиз – борган жойида учрашган одамларнинг юзида самимият, ҳаётдан розилик аломатлари акс этиб турган бўлса. Янаям аниқроғи, эзгу ташаббуслар амалда бўй кўрсатган тадбирларни ёритган мухбирларнинг руҳи табиий равишда тетиклашади. Атрофдаги муҳит бирпасда ижодкорларнинг жисму жонига кўчиб ўтгани учун шундай бўлади. Микрофону қалам тутганлар эса ёқимли ҳиссиётни оммавий ахборот воситалари орқали ҳамма-ҳаммага улашади.

Бугун мамлакатимизнинг шимолий ҳудудлари бошқаларга нисбатан совуқ. Кундузи қулоқларни сездирмасдан чимчилаб турган шамол кечаси яхшигина изғиринга айланади. Кўчада қолган сув тезда музлайди. Минус 7-8 даражадан каммас. Лекин бу маҳаллий аҳолининг чеҳрасида асло сезилмайди. Чунки уларнинг кўнгиллари илиқ фикрлар билан тўла. Қорақалпоғис­тон Республикасининг Мўйноқ тумани кенг­ликларидан тортиб Хоразм вилоятининг бепоён қумликларига уланиб кетган Ҳазорасп туманигача беш юз чақиримлик масофани эгаллаган жойларда истиқомат қилаётган кишиларнинг қалб ҳароратини бормаганлар тасаввур қила олмайди.

Эртанги кунга ишонч, фарзандлар истиқболига астойдил қайғуришдек интилиш пайдо қиляпти бундай ҳароратни.

Президентимиз ўтган йил қишида ҳар икки ҳудудга ташрифи давомида билдирган фикр-мулоҳазалари бу галги сафар арафасида амалда ўз исботини топгани вужудга келтиряпти ушбу илиқликни. “Буюк келажагимизни олижаноб ва мард халқимиз билан бирга қурамиз”, деган ўтли даъват бевосита таъсир кўрсатяпти бундай ҳолатга.

Қўшалоқ қувончнинг боиси нимада?

Баъзида шунақа бўлиб туради. Тасодиф дейсизми ёки тақдир битигими, нима бўлганда ҳам, бир хурсандчилик иккинчисини етаклаб келгани яхши-да. Психологларнинг фикрича, бундай пайтларда беморлар ҳам оғриқни унутар экан.

– Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида яшайдиган аҳоли Орол денгизи қуришидан энг кўп азият чекаётир. Бу йил содир бўлган туз бўрони яна бир бор дунёни ларзага солди. Экологик ҳалокат оқибатлари хусусида яна бир карра огоҳлик қўнғироғи чалинди гўё, – деди халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Шавкат Сапарбоев. – Айтмоқчиманки, юртбошимизнинг ана шу икки ҳудудга ташрифи оралиғида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги қароргоҳида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйи­ча кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди фаолияти бош­ланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтиши қўшалоқ қувонч ҳадя этди. Ахир унда БМТ махсус тузилмалари, Халқаро вал­юта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, АҚШнинг етакчи компания ва банк-молия институтлари, халқаро нодавлат экология бирлашмалари, илмий доиралардан 300 га яқин мутасадди қатнашди. Мазкур фондни ташкил этиш борасидаги ташаббус БМТ томонидан қўллаб-қувватланиши минтақада экологик инқироз оқибатларига барҳам бериш ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, аҳоли турмуш шароитини ошириш йўлидаги фаол мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Траст фондининг ташкил қилинишини “Жабрланган минтақа тарихида янги саҳифа”, деб баҳолагани бежиз эмас, албатта.

– Хоразм ана шу ҳалокатли ҳудудга яқин жойлашган вилоятлардан бири экани ҳар биримизни сергак торттиради. Бу борадаги бирор бир янгилик эътиборимиздан четда қолмайди, – дейди “Урганчтекс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, O‘zLiDeP фаоли Санжар Аминов. – Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига қараганда, денгиз тубидан кўтарилаётган чанг йилига 80 миллион тоннага яқин туз ва зарарли кимёвий унсурларни Шарқий Европадан Ҳимолай тоғларигача, Норвегия ўрмонларигача бўлган улкан ҳудудга ёяётгани муаммонинг нечоғлик жиддий тус олганини англатади. Шу маънода Норвегиянинг Траст фондига биринчилардан бўлиб маблағ ўтказганини яхши тушунаман. Диққатга сазовор жиҳати, ушбу эзгу ишнинг ташаббускори ҳам Ўзбекис­тон бўлди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида жаҳон ҳамжамияти эътиборини яна бир бор Орол фожеасига қаратгани, Ўзбекистонга қайтиб келгач ҳам, дипломатик каналлар орқали айни йўналишдаги саъй-ҳаракатларни тўхтатмагани барчамизга яхши аён.

Воҳа салоҳиятини ҳеч кимга исботлаш шарт эмас

Хоразм сафари давомидаги ҳамроҳларимдан бири “Юринг, сизни инновацион тадбиркорлик билан шуғулланаётган бир фидойи инсон билан таништираман”, деб қолди. Бундай таклифни рад этиб бўлмайди, албатта. Бироқ қизиғи шундаки, таърифи келтирилган ўша бобо билан таниш бўлиб чиқдик. Балиқчилик соҳасида бир неча фермер хўжаликлари ва МЧЖлар таъсисчиси Отабой Аллаберганов ҳақида илгари мақола ёзгани Хивага келган эдим-да.

– Озоджонмисиз, – деди мени кўриши билан бутун Хоразмда Отаҳаррот номи билан танилган инсон. – Буёна галинг, буёна. Сизга зўр янгиликни ўзим айтиб бераман. Гапнинг қисқаси, кеча юртбошимиз вилоят ҳокимлигида йиғилиш ўтказди. Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш ҳақидаги фикр­лари ниҳоясига етгач, менга юзландилар: “Оқсоқол, сизнинг агроинновацияларингизни журналистларнинг чиқишларидан кузатиб боряпман, қумда қанақа қилиб балиқ боқаётганингизни кейинги гал бориб кўраман, Вьетнамдан мутахассисларни олиб келиб ишлатаётганингиз мақтовга лойиқ”, дедилар.

Давлат раҳбарининг бундай эътибори етмишга етган мендай одамга шунақа куч бағишладики, асти қўяверасиз. Янги-янги ғоялар устида ишлаб, балиқчилик хўжаликларини кластерга айлантирмоқчиман. Кейинги йилнинг ўзида Урганч шаҳрида замонавий “Балиқ саройи”ни қураман. Бу энг сўнгги технологиялар асосида жиҳозланган савдо-хизмат кўрсатиш мажмуасига айланади. Унинг бир павильони Хоразм балиқчилик саноатини сайёҳларга намойиш қиладиган бўлим бўлади. Бир кўрган турист яна орзу қиладиган даражага олиб чиқамиз, худо хоҳласа. Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, Хоразм халқининг салоҳиятини ҳеч кимга исботлаш шарт эмас. Биздан қатъий ҳаракат бўлса бас. Бошқа шароитларнинг барчаси яратиб бериляпти.

Отаҳаррот шу тариқа сайёҳларни қумдаги ўтовлардан иборат 48 ўринли меҳмонхонага таклиф қилиб, уларга катер ва катамаранда хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантиришни ўйлаяпти. Бугун йилига 500 тонна маҳсулот бераётган “Хоразм балиқ саноати агро” масъулияти чекланган жамиятининг қувватини камида икки баробар ошириш хусусида бош қотиряпти. Демак, яхши даромад манбаи бўлган янги иш ўринлари ҳам яратилади!

Кўҳна  Хиванинг  янги  қиёфаси

Хива деса кўпчиликнинг кўз ўнгида очиқ осмон остидаги музей – Ичонқалъа гавдаланади. Йиллар давомида шундай бўлиб келган. Энди эса бу ерда миллий ва замонавий меъморчиликни ўзида мужассам қилган янги-янги бино ва иншоотлар қад кўтарди. Айниқса, темир йўл вокзали ва ундан то Ичонқалъагача бўлган икки чақиримлик ҳудудда барпо этилган муҳташам сайлгоҳ каттаю кичикнинг тилига тушди. Куни кеча қадимий кентга биринчи йўловчи поездининг етиб келиши эса катта байрамга айланди. Ўз вагонларида пойтахтдаги таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорларни жамлаган поезднинг тарихий шаҳарга кириб келиши унутилмас лаҳзаларни бахш этди. Кўпни кўрган кишилар қадимий Хивага поезд келиши Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этишини фахрланиб сўзлашди.

Бу поезднинг дастлабки йўловчиларини Хоразм вилояти ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар тантанали кутиб олишди.

Навбатдаги савол: атиги ўн бир ой давомида йирик лойиҳалардан бирини амалга ошириш мумкинми? Жавоб Хиванинг темир йўл вокзали мисолида яққол намоён бўлиб турибди.

Президентимиз 2017 йил январь ойида Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Урганчдан Хивагача темир йўл ва Хива шаҳрида замонавий вокзал қуриш, сайёҳлар учун қулай транспорт хизматини йўлга қўйиш мақсадида поездлар қатновини ташкил этиш юзасидан топшириқ берган эди. Қисқа вақт оралиғида бу эзгу ташаббус рўёбга чиқди. Умумий қиймати 35,9 миллион АҚШ долларилик мазкур лойиҳа “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бунёдкорлари томонидан амалга оширилди.

Урганчдан Хива шаҳригача 30 километрдан зиёд янги темир йўл ётқизилди. Замонавий вокзал биносининг ташқи қиёфаси Хоразмнинг ўзига хос меъморчилиги намуналарини ўзида акс эттиргани билан жуда жозибали кўринади. Унинг олд тарафида мусиқий фаввора бунёд қилинган. VIPзал, она ва бола, тиббиёт хоналарида барча қулайликлар мавжуд. Вокзалда 35 нафар ишчи бир вақтнинг ўзида 200 йўловчига хизмат кўрсатади. 20 ўринли меҳмонхона ҳам бор.

Маҳаллий аҳоли кўз ўнгида бунёд этилган бу гўзаллик масканига янги поездда етиб келган меҳмонлар вокзалдаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Лойиҳанинг кейинги босқичида Хивага замонавий тез­юрар поездлар қатновини йўлга қўйилиши натижасида оралиқ масофани босиб ўтиш вақти икки баробардан кўпроққа қисқаришидан хабардор қилиндилар. Яъни, йўловчилар Хивадан Тошкентга 6-6,5 соатда етиб боришини таъкидладилар.

Рақсга тушмай бўларканми?..

Хоразм заминининг асрий наволари, бу юртда яратилган ҳар бир тарона барча-барчани беихтиёр рақсга чорлаши ҳеч кимга сир эмас. Таниқли санъаткорлар ва ёш истеъдодлар томонидан ижро қилинган куй-қўшиқларга ҳамманинг рақсга тушгани ҳам фикримиз далилидир.

Совуқ кундаги илиқ мулоқотлар чойхона ва гузарларда нуронийларнинг гурунгларида давом этмоқда. Улар юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг Жалолиддин Мангуберди ҳайкали буюк бобомизнинг жасорати ва шону шавкатига мос маҳобатли бўлиши зарурлиги, бу майдон тарихимиз кўзгуси, Хоразмнинг ташриф қоғозига айланиши кераклиги, тарихчи олимлар билан маслаҳатлашиб, мазкур майдонни чуқур мазмунли, бетакрор ва муаззам ансамблга айлантириш лозимлиги хусусидаги фикрларидан жуда хурсанд бўлганини таъкидлашмоқда. 

Бир сўз билан айтганда, юртбошимизнинг Хоразм вилоятига ташрифи ҳудуд аҳолисининг кайфиятини кўтарди, порлоқ истиқболга ишончини янада мус­таҳкамлади.

Озод РАЖАБОВ,

“XXI asr”  мухбири