Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Қаҳрамон Кўпайсинов: тадбиркорлик таваккалчилик эмас

Қаҳрамон Кўпайсинов: тадбиркорлик  таваккалчилик эмас “Тадбиркорлик – таваккалчилик”, деймиз. Лекин сирдарёлик ишбилармон Қаҳрамон Кўпайсинов бу фикрни маъқулламайди, таваккалчиликни ёқтирмайди.  “Ишни шундай пишиқ-пухта ташкил қилиш керакки, токи қоқилиб-суриниш­ларга, муваффақиятсизлик­ларга ўрин қолмасин. Юртимизда бизнес юритиш учун жуда қулай шарт-шароит вужудга келди. Бинобарин, тадбиркорликни қандайдир тасодифлар билан боғлиқ тарзда талқин қилиш тўғри бўлмаса керак”, дейди у.  Мазкур тамойилни амалга тўла татбиқ эта олгани боисидан бўлса керак, мана, саккиз йилдирки, Гулистон туманидаги мебель ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти узлуксиз ишлаяпти. 

“Мевазор мебель сервис” ишини йўлга қў­йишда тадбиркор банкларнинг молиявий мададига таянган. Узоқ муддатли кредит эвазига чет элдан уч хил дастгоҳ олиб келган. Ёнига уч коллеж битирувчисини олиб, мебелсозликнинг сир-асрорини қунт билан ўргатган. Дастлаб мамлакатимизда ва хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган ярим тайёр маҳсулотлардан идора ва хонадонлар учун 20 турдаги жиҳозлар тайёрлашганди.

Қаҳрамон айрим тадбиркорлар сингари топган даромадини ўткинчи ҳою ҳавасларга совурмади. Жамики маблағлар ва куч-ғайратини, вақтини бизнесини такомиллаштиришга, ривожлантиришга йўналтирди.  Бугунги кунда хусусий корхонада ишлаб чиқарилаётган жиҳозлар тури юздан, ишчи-хизматчилар сони эса 20 дан ошиб кетди. Шунингдек, ҳозирда корхонада ўндан ортиқ хорижий қурилмалар ишлатилаётгани мақтовга лойиқ.  Ишчиларга яхши ҳақ тўланяпти, бундан ташқари, улар учун ошхона, дам олиш хоналари ҳам барпо қилинган.

Ўтган йиллар мобайнида “Баҳор”, “Лола”, “Жозибали”, “Ягона” каби ўнлаб идора ва хонадон мебелларининг сифати яхшиланди. Корхона дизайнерлари эскизлари асосида ёнғоқ, чинор, ўрик, садақайрағочдан тайёрланаётган маҳсулотлар ғоят харидоргир. Маҳсулотлар буюртма асосида нафақат Сирдарё, балки Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Навоий ва Бухоро вилоятларидаги турли ташкилотларга, янги қурилган замонавий бинолар, иншоотларга етказиб бериляпти. Йилига 1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариляпти.

Хусусий корхонанинг муҳтожларга, ногиронларга беминнат ёрдам бераётгани ҳам таҳсинга лойиқ. Умид Бекбаев, Азиз Кўпайсинов, Аброр Рустамов, Бобур Ҳайдаров, Жамол Ғаниев каби усталар, безакчилар, бўёқчилар ана шундай хайр­ли ишларга бош-қош  бўлишяпти.

Қаҳрамон Кўпайсинов ўтган йили тижорат банкидан яна 600 миллион сўм кредит олди. Сармоя ҳисобига кўргазма зали, янги цех, болалар ўйин­гоҳини қурди. Яқинда тадбиркор Хитойга бориб, замонавий дастгоҳларни харид қилиш бўйича 2 миллиард 300 миллион сўмлик шартнома тузиб келди. ISО 2009 сифат сертификатига эга бўлиш мақсадида иш олиб боряпти. Тадбиркор ташқи бозорларга маҳсулот чиқаришга тайёргарлик кўряпти. Бироқ у тижорат банкидан кредит олишда баъзи қийинчиликларга дуч келди. Неча ойдирки, керакли маблағни ололмаяпти. Шунга қарамай, тушкунликка тушгани йўқ, масала тез орада ижобий ҳал бўлишига қатъий ишонади.

“Президентимизга минг раҳмат, хусусий сектор вакилларини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ҳаттоки прокуратура органлари ҳам бошқа вазифалар қатори эндиликда мулк эгалари ҳуқуқларини ҳимоя қил­япти. Шундай бўлгач, нега хавотирга тушайин?” – дейди Қаҳрамон Кўпайсинов.

Ғулом ПРИМОВ,

“XXI asr” мухбири

Муҳаммад КАРИМ олган сурат.