Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ҚАНДИЛ ОЛМАЛАР ҚИШЛОҒИ

 ҚАНДИЛ ОЛМАЛАР ҚИШЛОҒИ

Сангзор водийси бағрига ёнбошлаган қирлар тилларанг тусга кирган; баландроқ боқсангиз, худдики адоғи йўқ карвон шу ерга келиб, бир зум тин олаётгандек туюлади, адирлар чўк тушган туялар ўркачидек дўмпайиб туради. Довондан пастлаб Ғаллаорол туманига кирар экансиз, йўлнинг икки чети лаъл, ёқут, зумрад солинган жавондек товланиб эътиборингизни тортади. Бир тўхтаб, карсиллаган қирмизи, анвойи олмаларни ҳеч қурса томоша қилгингиз келади. Йил – ўн икки ой шундай. Ўтарда шундай – қайтарда шундай. Боз устига, сотувчи жувон иштаҳага бол қўшади: “Еб кўринг, Бахмалники, бошқа жойда учратмайсиз!”. Ҳидлаб-ҳидлаб олсангиз, беғубор болалик, орзу­манд ёшликнинг масъум хотиротлари қўзғайди – момомиз сандиқни очиб, олма узатарди: “Ол, қўбизим, қаддинг тик бўлсин...”. “Сандиқ олма” ибораси шундан қолган экан-да! Самарқанднинг нони, Сурхону Қашқадарёнинг тандир кабоби, Олтиариқнинг бодринги қандай овоза бўлса, Бахмал ҳам ажиб олмаси билан шу даражада машҳур! Бу ҳудудни ҳеч иккиланмасдан “Қандил олмалар мамлакати”, деяверинг...
Муштарийларнинг яхши хабари бор, газетамизда “Томорқа – хазина” рукни остида қизиқарли мақолалар эълон қилиняпти. Томорқачиликда катта ютуқларни қўлга киритиб, тажрибалари билан бўлишаётган, бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланиб, сархил меваю сабзавотлар етиштираётган замондошларимиз ҳақида туркум материаллар бериб бораяпмиз. Келинг, бу сафар “зичликдан – кенглик сари” юрайлик. Яйдоқ, лалми далалари бисёр, томорқаси боғ, боғ бўлганда ҳам фақат олмазор бўлган томонларга – Бахмал туманига саёҳат уюштирайлик. Ўсмат, Узунбулоқ, Новқа, Дувлат, Сутли булоқ, Қирққиш­лоқ, Алдашмон, Жумжум, Музбулоқ, Танги... Булар ичида танлаганимиз – Музбулоқ. Нега дейсизми?..

КОШ КЕЛИҢИЗДЕР!
...Маълуму машҳур эртак бор, биласиз – Зумрад ўтин оламан деб томга чиққанида атрофи тақир ялангликлар билан ўралган, аммо яшнаб турган қишлоғини кўриб қолади, “Уйимни соғиндим, кетаман”га тушади...

Халқона чўпчакдаги ўша сюжетни эслаётганимизнинг боиси, Бахмал туманининг Музбулоқ қишлоғига етгунча лалмикор адирлар тугамайдигандек эди, гўё. Йўл юрамиз, мўл юрамиз, ахийри қовжироқ майсаларни тергилаб юрган сурувлар ортида яшиллик суқ солган маскан кўринади. Мезон насими мусаффо ҳавога қўшиб гиёҳлар исини димоққа ҳайдайди. Қадимдан шунақа: сув йўли адирлик кўксини тилса бас, ёнверида дов-дарахт, ўт-ўлан бўй кўрсатади, одамлар олис-олислардан келиб қўним топади. Ўзига хос анъаналар, урф-одатлар, удумлар пайдо бўла боради.
Қишлоққа энамиз. Ўҳ-ҳў! Боғ ортидан боғ кўринади. Ҳовли саҳни дейсизми, томорқа дейсизми, нишаблик дейсизми – ҳамма-ҳаммасида ҳосилнинг зўридан новдалари эгик дарахтларни кўрасиз. Улар мажнунтолдек хуш тавозе ила эгилиб, меҳмонларга пешвоз чиққандек тасаввур уйғотади. “Беш юлдуз”, “Кримсон”, “Голден”, “Бойка”, “Жонар” (ёнар; биз бу олма навини ўзимизча “ёқут” деб ўзгартирдик ҳам), “Симиренко”... Санаб улгурганимиз – шулар. Ғуж-ғуж, ширин-шакар меваларни кўриб, оғиздан сув қочади. Йўқ! Бу олмаларни егинг келмайди асло! Томоша қилсанг!.. Қорин ҳам тўяди, кўз ҳам тўяди, кўнгил ҳам тўлади!
Қаршимиздан мактаб чиқди. Пештоқидаги ёзувга қараймиз, ўқиб завқимиз келади.
– Ўтган аср ўрталарида чўлни ўзлаштириш важидан кўчирма бўлган, қавму қариндошлар билан бир муддат пастда яшаганмиз, – дейди бизга пешвоз чиққан нафақадаги педагог Сафарали Худойбердиев. – Тоғ одамлари чўл шароитига мослашиши осон эмас. Орадан вақтлар ўтиб барибир қишлоғимизга қайтдик. Бу қиру адирларда асрлар бўйи икки халқнинг куй-қўшиғи жаранглаб келади. Ўзбеку қирғизнинг азалдан тўю тўйчиғи бир: Кош келиңиздер!
Дарҳақиқат шундай, тарихан томирларимиз туташиб кетади. Ўзбек ва қирғиз бир-бирига яқин халқ эмас, аксинча, бир халқдир! Бахмал сафаримиз чоғида шунга қайта-қайта амин бўлдик. Ота-боболаримиз қўнғир ернинг устида, мовий осмон остида оға-ини бўлиб яшашган. Ўзбекистонда қирғиз қишлоқларининг, Қирғизистонда эса ўзбек қишлоқларининг кўплиги сабаби шундан. Замонавий дунёда ҳам давлат миқёсида чегараларимиз туташ, қўни-қўшничилик, борди-келди, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ҳамкорлигимиз чамбарчас. Бу жараёнлар, айниқса, давлатимиз раҳбарининг шу йил сентябрь ойи бошида Қирғизистонга ташрифидан сўнг янада мустаҳкамланди, расмий оҳанжамалардан холи самимий сатҳга кўчди.

ШАРОФ МУАЛЛИМНИНГ ЧОРБОҒИ
Устоз ва мураббийлар куни бошланғич таълим ўқитувчиси Шароф аканинг ҳовлисига йўл оламиз. Эллик сотихча жойни эгаллаган боғда қирмизи олмалар мезон шамолига юз тутиб, қандилга тизилган алвон чироқлардек кўзни олади.
 ­– Қишлоғимиз илгари асосан чорвачилик ва лалмикор деҳқончиликнинг нонини еган. Ҳовлиларда эртапишар оқ олма дарахтидан яккам-дуккам бўларди, ғўралигидан бошлаб ейилгани боис пишгунича тугаб кетарди. Кузги олма кўчатлари 60­­­­­­­­­–70-йиллардан бу ёғига экила бошлаган. Ҳозир қарийб ҳамма оиланинг олмазори бор. Меҳнатини қилган одам роҳатини ҳам кўраяпти, – дейди педагог.
– Боғингизга олманинг қайси навидан эккансиз?
– Асосан “Старкримсон”.
– Нима учун айнан шу навни танладингиз?
– Меваси йирик, нақшин-қирмизи бўлади. Ўртача 150 грамм тош босади. Энг каттаси 300 грамм­гача боради. Қишда яхши сақланади.
– Қишлоқ айланиб, боғларга кўз ташладик. Айрим олмазорларнинг меваси майда бўлиб қолган. Бунинг сабаби фақат навига боғлиқми ёки бошқа сири ҳам борми?
– Албатта, навига боғлиқ. Лекин бошқа жиҳатлари ҳам бор. Масалан, ёш новдалар йирик мева беради. Дарахт қарийвергани сари ҳосили майдалашиб кетади. Қишлоғимизда қирқ йиллик боғлар бор: мевани шиғил беради, бир тупидан 200 килогача ҳосил олиш мумкин, лекин олмаси майда бўлади. Тўғрисини айтиш керак, бизлар дарахт парваришини энди-энди ўрганяпмиз. Боғдорчиликка бағишланган телекўрсатувларни қизиқиб кўрамиз. Биладиганлардан сўраб-суриштириб, дарахтга шакл бериш, буташ-ёшартириш, пайвандлаш сирларини аста-секин эгаллаб боряпмиз. Қишлоғимизда ҳозиргача кўчатчилик йўлга қўйилмаган. Ниҳолларни четдан олиб келамиз. Баъзида ваъда қилинган нав чиқади, баъзида пулимизга ва уч-тўрт йиллик вақтимизга куйиб қоламиз. Тоғлар бағрида жойлашган бўлсак-да, боғни суғоришда сув тақчиллиги сезилади. Бу ҳам ўз-ўзидан ҳосилнинг чўғи камайишига, меванинг майдалашиб кетишига сабаб бўлади. Йилдан йилга аҳоли кўпайиб, олмазорлар ҳам кенгайиб боряпти-да.
– Халқимиз ер – хазина, сув – гавҳар, деб бежиз айтмайди.
– Қишлоқдошларимиз бу нақлнинг мағзини яхши чақади, десам янглишмайман. Айниқса, сувнинг гавҳардан ҳам қимматлигини ҳар йили мавсумда ҳис қиламиз. Ҳалиям мироб бор экан, тўғри тақсимот билан шуғулланади. Томорқанинг катта-кичиклигига қараб, суғориш учун муайян соат белгилайди. Ҳаммаси қатъий тартиб билан бўлади. Навбатимиз ўн беш-йигирма кунда айланиб келади. Миробимиз ғирромлик қилмайди, етти йилдан бери муаммо чиққани йўқ.
– Сир бўлмаса, бу йил боғдан қанча ҳосил кутаяпсиз?
– Бу йил бизга худойим қарашди. Бултур меванинг барини дўл уриб кетганди. Икки юз туп олмам бор, кўз тегмасин, ҳосили шиғил, ўн тоннача чиқар-ов...
 
“ШИПИРМА” нима дегани?
Биз қишлоқдаги Субхонберди Рустамов, Юнус Маматов, Халназар Ўралов, Муҳаммади Карачаев, Бегали Равшановларнинг ҳовлисида ҳам бўлдик. Тоғ йўлларига хос эгри-бугри кўчалардан юрарканмиз, юк машина ва енгил автомобилларнинг давлат рақамларига қараб, республикамизнинг турли ҳудудларидан келган харидорларни учратамиз. Савдо авжида. Мунозараларга қулоқ тутамиз. Бахмалда олма икки усулда сотилар экан: килобай ва шипирма. Биринчиси ­– одатдагидек килограмлаб тортилади, бунда меванинг қандайи тарозига тушади, қандайи майда ҳисобланади – шунисига келишиб олиш муҳим, келишмовчилик шу ердан чиқади. Боғбонларга қолса, боғни кўтарасига, шипирма сотгани қулай. Харидор ҳосилни кўзи билан чамалайди, уволию савоби ўз бўйнига. Нарх бичилиб, икки томон бир тўхтамга келгач, боғбон пулни санайди, ишбилармон эса меваларни каттаю кичиги, заха еганию қуртлаганигача битта қолдирмай йиғиштириб кетади. Нима ҳам дердик, сотармонга ҳам, олармонга ҳам баракасини берсин!
Бахмалда олманинг харидори кўп, Шумболанинг иш ҳақига бериладиган “бир қоп чирик олма”ниям сотиб оладиган топилади. Сандиқ олма, стакан олма, стандарт олма, бир бармоқ (мевани бош ва шаҳодат бармоқ билан қисиб, орасида очиқ қолган жойга бир бармоқ узунаси­га сиғса, шундай аталади; бунақаси майдага ўтмайди), иккинчи сорт олма... хуллас, ириган-чириганича мижози нақд. Боғбоннинг кўксига шамол тегиб, қўйни-қўнжи пулга тўлган палла ҳозир.
“Олмангиз намунча қиммат?” десангиз, таърифу тавсифиниям келиштиради:

– Қишлоғимиз ўз номи билан Музбулоқ. Бу ернинг олмалари қишда яхши сақланади. Совутгичда-ку келгуси ёзгача шохидан энди узилгандай туради...
Тўғри, инфратузилма шакллантирилмаганида, мева-сабзавот сақлайдиган совутгичли омборлар қуриш қўллаб-қувватланмаганида, дастурхонимиз  қишин-ёзин ҳозиргидек тўкин бўлармиди? Кейинги йилларда мамлакатимизнинг деярли барча туманларида замонавий совутгичли сиғимлар, улгуржи база, лаборатория, ишлаб чиқариш ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш цехлари, юк машиналари учун кенг майдонли тураргоҳ ва бошқа захира сақлаш билан боғлиқ улкан комплексдан иборат логистик марказлар барпо этиляпти. Улар, аввало, ички бозорда нархлар мутаносиблигини йил бўйи таъминлашга, қолаверса, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган II Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида қатнашган Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Сергей Левиннинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Россия ўртасида мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш мақсадида ташкил этилган “яшил йўлак” 2017 йилнинг охирига қадар тўла қувват билан ишлай бошлайди.
Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг иккита “Боинг 767” йўловчи самолёти юк ташиш мақсадида қайта таъмирланиб, транспорт самолётига айлантирилиши, шундан сўнг юртимиз дала-боғларида янги узилган сархил мева-сабзавотларни АҚШга етказиб бериш йўлга қўйилишини маълум қилди...
Бу дегани, мамлакатимизда яқин келажакда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш жадаллашади. Бу дегани, деҳқону боғбоннинг кетмони янаям баландлаб учади. Бу дегани, халқимиз фаровонлиги бундан-да ошади.

“ЎСГАН БОҒИГА ОЛҚОВ, ЎСТИРГАН БОҒБОНИГА...”
Боғ оралаб кеч тушганини ҳам сезмай қолибмиз. Азим пойтахтга қадар олис – уч юз чақирим йўл босишимизни ўйлаб, енгил тамаддига ўтирамиз. Гурунг кетади: кураш, улоқ-кўпкари бош мавзу бўлади; чорвачилик, йилқичилик сир-асрорларидан гапирилади; қўноқ – меҳмон кутиш одобларию қизиқ кўринишлари ҳақида ҳангомалар бўлади. Элдош-қардошларимиз билан бир қурда, дилкаш даврада ўтирарканмиз, ич-ичимиздан тотувлигимизга, аҳиллигимизга шукроналар келтирамиз. Ота-боболаримиздан мерос аҳиллигимизга кўз тегмасин, деймиз.
Музбулоқдан узоқлашаётиб, ортга яна бир марта қараймиз: тоғ қишлоғидаги баланд-паст порлаган электр чироқлари мусаффо осмондаги Сомонйўли юлдузлари билан қўшилиб ажиб манзара ҳосил қилади. Бу ажойиб гўшага фасли нав­баҳорда бот қайтмоқликни дилимизга тугамиз; ўшанда олма гуллари қийғос очилиб, қишлоқ бемисл жозибадорликка чулғанган бўлади. Бир гўзал боғлар бағрига чорлаб, руҳиятимизга сокинлик индиришидан, толмас куч-қувват бағишлашидан умидланамиз. Меҳмондўст, меҳнаткаш, меҳрваш чеҳралар эса шууримизга ботиб бораверади. Шу далалар, шу адирлар алла айтиб улғайтирган, қўшни Алдашмон қишлоғида туғилган бахши шои­римиз Тўра Сулаймоннинг халқона мисралари қуйи­либ келаверади:


...Ўсган боғига олқов, ўстирган боғбонига,
Хавфу хатардан сақлай келган соябонига.
Андалиб қўнар, зоғлар қўнолмас бўстонига.
Мақтовига мен бир ён, борлиқ сухандон бир ён...

Аслиддин АЛИМАРДОНОВ,
“XXI asr” махсус мухбири.

ТОШКЕНТ – БАХМАЛ – ТОШКЕНТ