Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Қардош халқнинг маданият маскани

Қардош халқнинг маданият маскани

     Юртимиз иқтисоди  жадал ривожланиб  қардош, чегарадош давлатлар билан ўзаро ҳамкорликлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қардош Озарбайжон давлати билан йўлга қўйилган алоқалар иқтисодий, тижорий, дипломатик ҳамда  маданий соҳаларда ўз аксини топмоқда.

    Мамлакатлараро гуманитар алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида юртимиздаги  Озарбайжон элчихонаси қошида 2010 йилнинг 27 сентиябридан Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази фаолият юритаётир.

Озарбайжон маданияти, бой тарихи, азалий қадирятларидан халқимизни хабардор қилиш мақсадида  масканда компьютер ҳамда Озарбайжон тилини ўргатиш курслари ташкил этилган.  Бундан ташқари, марказ қошида “Озарбайжон” мусиқий гуруҳи ва “Озарбайжон қизлари” рақс ансамбль тўгараклари тузилган бўлиб, уларда Ўзбекистонда яшаётган озарбайжонлик ҳамда ўзбек ёшлари шуғулланиб келади. Эътиборлиси шундаки, курсларда қатнашувчи ёшларга бепул дарслар ўтилади.  Қардош давлатнинг маданияти, тарихи, анъаналари  ҳақида юртдошларимизда бой таъсурот уйғотиш мақсадида марказ қошида муҳташам анжуманлар зали, кутубхона, Ҳайдар Алиев номидаги музей, Озарбайжон тарихий музейи, Озарбайжон ва Ўзбекистон умумий тарих музейлари фаолият юритмоқда. Байрам маросимларида кийиладиган миллий рақс либослари ҳам шу марказда сақланади.

Ёшларнинг маънавий дунёқарашини шакиллантириш, билим салоҳиятини яхшилаш ҳамда маданий ҳордиқ чиқаришлари учун 4 000 дан зиёд китобларни ўзида жамлаган ахборот ресурс маркази ҳам шакиллантирилган. Китобларнинг  аксари ўзбек тилига таржима қилинган нодир асарлардир. Жумладан, Озарбайжоннинг улуғ шоири ва мутафаккири Низомий Ганжавийниг беш достонини қамраб олган “Хамса”, Алишер Навоийнинг бетакрор ижоди жамланган девонлари, Насимий, Фузулий ҳамда Озарбайжоннинг машҳур адиблари асарлари таржимаси ушбу кутубхонадан ўрин олган. Шу ўринда Озарбайжоннинг  Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда маданият маркази ташаббуси билан  ёзувчи, Озарбайжонда хизмат кўрсатган журналист, Олий мажлис депутати Элмира Охундованинг Тошкентдаги “ Машҳур пресс” нашириётида ўзбек тилида чоп этилган “ Илҳом Алиев, Президентнинг ўзгаришлар фонидаги портирети” китоби тақдимоти халқимизга катта совға бўлди. Ҳозирда ушбу китоб Алишер Навоий номидаги кутубхонада сақланмоқда. 

 Ўзбекистон ва Озарбайжон азал-азалдан урф-одат, анъаналари бир-бирига  яқин миллатлардир. Ўзбек тўйларини қардош халқ қўшиқларисиз тасаввур этиш қийин, камида иккита учта озарбайжонча қўшиқлар янграб туради. Маданий ҳамда азалий қадирятларни янада кучайтириш мақсадида марказ қошида турли байрам, форумлар ташкил этилади. Байрам дастурида озарбайжонча, ўзбекча қувноқ рақс чиқишлари, хонандаларнинг дилрабо қўшиқлари янграйди. “Шарқ Тароналари”, “Мақом челленж” каби фестивалларни қардош давлатларнинг чиқишларисиз таъсаввур этиб бўлмайди. Яқинда Шаҳрисабизда ўтказилган халқаро “Мақом фестивали”да  озарбайжонлик хонандалар гран-при соҳиби бўлишгани санъат борасида халқларнинг бир-бирига яқинлигидан далолатдир.

Бугунги кунда марказ фаолиятини янада кенгайтирган ҳолда Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика Университети билан маданий алоқалар ўрнатилди. Университет биносида Озарбайжон маданият маркази ўз фаолиятини бошлади.

— Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика Университети билан ҳамкорликда кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқчимиз, – дейди марказ директори Самир Аббосов.

—    Университет билан ҳамкорликда 9 ноябрь куни “ Озарбайжон маданияти ва адабиёти ҳафтаси”да “Ҳусайн Жовид ижоди – дунё драматургиясининг юксак намунасидир” номли халқаро анжуман ташкил этмоқдамиз. Унда  Ҳусайн Жовидга доир китоб кўргазмаси ташкил этилиб, икки давлатнинг татқиқотчи олимлари сўзга чиқиши режалаштирилган. Жаҳон ҳамжамияти Ҳусайн Жовуднинг  Амир Темур юришларига бағишланган асари бугунги кунда ҳақиқий тарихий манба сифатида эътироф этилади. Тадбирда қардош халқларнинг тарихий кечмишлари акс этган “Азалий дўстлик ришталари” номли тарихий бадиий филим тақдимоти ҳам бўлиб ўтади. Мақсад — маданий алоқаларни янада яхшилашдан иборатдир. Келажакда илим-фан, таълим соҳаларида ҳам Ўзбекистондаги таълим муассасалари билан кенг алоқаларни йўлга қўймоқчимиз. Икки қардош халқлар ёшлари Ўзбекистон-Озарбайжон университетларида таҳсил олиб, ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўладилар.

Эскартиш: Марказ фаолияти ҳақида  azculture.uz веб-сайтида батафсил ахборотга эга бўлиб бориш имконияти бор. Озарбайжон маданиятига қизиқадиган ҳар бир юрдошимиз ушбу марказни келиб кўриши, тарихий ёдгорликлари, бетакрор  санъат асарлари, миллий либослари кўргазмасидан баҳраманд бўлиши мумкин.

Назим БЎРОНОВ,
ЎзДЖТУ талабаси