Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Қарорлар қоғозда қолмасин

Қарорлар қоғозда  қолмасин

Амалий ишлари билан барчага намуна бўладиган, одамларнинг дарду ташвиш­ларини тинглаб, уларни бартараф этадиган, зиммасидаги масъулиятни теран англайдиган депутатгина электорат ишончини қозона олади.  Бугунги замон одамлари мурожаатларига эътиборсиз бўлган депутат ҳузурига бормасдан, ўз муаммоларига бошқа воситалар ёрдамида ечим излайдиган бўлишди. 
 

      Қашқадарё вилоят, туман ва шаҳар кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари аъзолари партия дастурий мақсадларини амалга оширишда фаолиятни замон талаблари даражасида ташкил этишда бор билим ва тажрибаларини ишга солишяпти. Ўтган йилда депутатларга Президентимизнинг 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан йиғилишдаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” деб номланган маърузаси дастуриламал вазифасини ўтади. Эндиликда асосий эътибор 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлашда халқ билан мулоқот қилишнинг самарали усулларидан фойдаланиш, Президентимизнинг Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашга қаратилаётир.     

        Вилоят, туман, шаҳар кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳларида фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун қулай имкониятлар яратиш, молиявий қўллаб-қувватлашни янада яхшилаш мақсадида олиб борилаётган ишлар юзасидан тижорат банклари вилоят бошқармалари, туман, шаҳар филиаллари раҳбар ва масъул ходимларининг ҳисоботлари эшитилди. Натижада элликка яқин ёш тадбиркорга кредит олишда кўмаклашилиб, икки юзга яқин янги иш ўринлари яратилди. Депутатлар томонидан аҳоли ўртасида кичик бўлса-да, ўз бизнесини ташкил этиш, қонуний асосда даромад топиш, ўзини, оиласини молиявий жиҳатдан мустаҳкамлаб, маҳалла ва туман ривожига муносиб ҳисса қўшиш борасида мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, томорқа хўжалигини ривожлантириш, ерлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш юзасидан ўн мингга яқин хонадон аъзолари билан мулоқот қилиниб, уларнинг аксариятида кузги экинлар экилиб, хонадон аъзоларини оилавий тадбиркорлик ва деҳқончиликка йўналтиришга эришилди.

       Вилоятда ноқонуний текширишларга барҳам бериш, электр ва табиий газ  таъминотини яхшилаш, ер ва ер ресурс­ларидан унумли фойдаланиш, қиш­лоқ хўжалигига илғор технологияларни жорий этиш, туманларда тармоқлар ва ҳудудларни модернизация қилиш, рақобатбардошлик даражаси ва экспорт салоҳиятини ошириш, озиқ-овқат саноатини ривожлантириш ва хавфсизлигини таъминлаш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини кўпайтириш борасида ҳудудларда олиб борилаётган ишлар юзасидан мутасаддиларнинг эшитувлари ташкил этилиб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди. Гуруҳлар йиғилишларида депутатлар томонидан қишлоқ жойларида намунали лойиҳалар асосида уй-жой қурилиши кўламини ошириш, пенсиялар ва нафақаларни тўлаш тизимини такомиллаштириб, нақд пул шаклида ўз вақтида тўлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўлидаги ғовларни олиб ташлаш, тиббий хизмат кўрсатиш тизимини яхшилаш, аҳолини сифатли ичимлик суви ва замонавий санитария тозалаш тизимлари билан таъминлаш, автомобиль йўллари қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, йўллар бўйидаги инфратузилмаларни ривожлантириш, ёш тадбиркорларга кредит ажратишни яхшилаш асносида бандликни таъминлаш борасида амалий таклифлар ишлаб чиқилди.  

      Яхшиси, ҳаётий мисолларга мурожаат қилайлик.

         Ғузор туманида 200 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Туман аҳолисига ичимлик суви асосан Яккабоғ туманидаги ВИ-5 ичимлик суви ишлаб чиқариш насос станцияси орқали 62,5 км. узоқликдан, 25 метр баландликда ер ости Д-1000, Д-830 мм.  қувурлар орқали етказиб берилади. Кейинги йилларда бу қувурлар чириб, яроқсиз бўлиб қолганлиги боис аҳолининг ичимлик сув таъминотида жиддий қийинчиликлар юзага келди. 75 та шахсий транспортлар орқали аҳолига бир литр сувни 10 сўмдан, 1 тоннасини 10 минг сўмга ташиб бериш белгилаб қўйилган бўлса-да, ёз ойларида бир тонна сув 100 минг сўмдан сотилаётганлиги аниқланган.  Ғузор туман Халқ қабулхонасига ичимлик суви таъминотини яхшилашни сўраб ўнга яқин фуқаро мурожаат этган, аммо ҳеч қандай натижага эришилмаган. Шундан сўнг сайловчилар туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳига мурожаат этишга мажбур бўлишди. Мазкур масала депутатлар томонидан ўрганилиб, туман кенгаши сессияси кун тартибига киритилиб, қарор қабул қилинди.

       – Бу муаммо халқимизни кўп йиллардан буён қийнаб келаётган эди, дейди халқ депутатлари туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Шуҳрат Қурбонов. – Туманда 4 та сув тарқатиш шохобчаси мавжуд бўлиб, шундан иккитаси ишламайди. Аҳолининг 21 фоизи марказлашган сув қувурига уланган. 97,9 фоиз аҳолига ичимлик сув автотранспорт воситалари орқали етказиб берилади. Сессия қарорининг ижросини  таъминлаш учун гуруҳимиз аъзолари анчагина елиб-югуришди. Ниҳоят декабрь ойидан бошлаб “Яккабоғ-Ғузор” магистралидаги чириб кетган эски қувурлар Д-500 мм. лик янги полиэтилен қувурларга алмаштирила бошланди. Йил ярмига қадар бу иш тўлиқ поёнига етказилиб, аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилиши кўзда тутилмоқда.

        Аммо депутатларнинг саъй-ҳаракатлари билан туман кенгашлари сессия­лари муҳокамасига киритилган масалалар юзасидан қабул қилинган айрим қарорлар қоғозларда қолиб кетаётганлиги ҳам бор гап.

        Миришкор туманидаги Қурама ва Найистон маҳаллаларида 661 хонадон бўлиб, уларда 3 137 нафар аҳоли истиқомат қилади.  Одамлар кўп йиллардан буён ичимлик суви таъминотининг ёмонлиги боис азият чекиб келишади. Улар бу ҳақда вилоят “Сувоқова” ДУК туман филиали раҳбариятига жуда кўп бор мурожаат қилишларига қарамай, ҳеч қандай ўзгариш бўлмагач, ниҳоят O‘zLiDeP туман Кенгаши депутатларига мурожаат этишган эди.   

        Дарҳақиқат, Миришкор туманида ичимлик сув таъминотини янада яхшилаш мақсадида 2010-2011 йилларда “Осиё тараққиёт” банкининг имтиёзли кредити ҳисобига “11-ММКК” бунёдкорлари томонидан замонавий типдаги 2 та тоза ичимлик суви сақлаш ҳовузлари қурилгач, Қурама ва Найистон маҳаллаларида яшаётган аҳолининг ичимлик сув таъминоти изга тушиши керак эди. Бироқ иншоотлар қурилди-ю, негадир ишга тушириш муаммолигича қолди. Депутатлар сайловчиларнинг ҳақли эътирозларини ўрганиб чиқиб, туман Кенгаши сессиясига масала киритдилар ва иншоотни ишга тушириш юзасидан сессия қарори қабул қилинди. 

       – Сессия қароридан сўнг мазкур ҳудуддаги қишлоқларда яшаётган, ичимлик сув таъминотининг ниҳоятда ёмонлигидан азият чекаётган, сувни пулга сотиб олиб истеъмол қилаётган одамлар бироз енгил тортган эдилар, – дейди халқ депутатлари туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Бешбой Шарипов. –  Ёзнинг саратонида бир машина сув 60 минг сўм туриши ва шу даврда одамлар жуда кўп сув ишлатишини инобатга олсак, киритилган масала ниҳоятда долзарб. Ушбу сув иншоотларининг ишга туширилиши нафақат Қурама ва Найис­тон, балки Айзобод ва Булуч маҳаллалари, Жейнов қишлоғида яшаётган аҳолига ичимлик сув етказиб беришни яхшилабгина қолмасдан, 6 нафар фуқаронинг иш билан таъминланишига йўл очарди. Минг афсуски, ўша дориломон кунларни интизор бўлиб кутган одамларнинг орзуси ҳалигача рўёбга чиққан эмас.  Сессия қарори қоғозда қолиб кетди. Ҳолбуки, Президентимизнинг “2017–2021 йилларда ичимлик сув таъминотини ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги қарорида аҳоли учун қулай ва муносиб ижтимоий-маиший шароит яратилишига асосий эътибор  қаратиш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган. Хўш, мазкур қарор ижросини таъминлашда масъул бўлганлар нега одамларнинг арзини тинглашмаяпти?  Агар сессиялар қарорлари қоғозда қолиб кетаверса,  халқнинг эртанги кунга бўлган ишончи сўнмайдими?  

       Иккинчи бир долзарб масала, Шаҳрисабз шаҳрини қайта қуриш ва реконструкция қилиш даврида бешта маҳалланинг ичимлик сув тармоқлари бузиб ташланган эди. Шаҳарда таъмирлаш ишлари поёнига етди, аммо  қурувчилар ўз ишларини охирига қадар етказмадилар. Натижада аҳоли ичимлик сув таъминотидан ниҳоятда қийналиб қолди. Сайловчилар туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳига мазкур масаланинг ижобий ва мақбул ечимини топишда амалий ёрдам беришни сўраб, мурожаат қилишди. Халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи  томонидан тумандаги Қўшҳовуз, Зингирон, Қозигузар, Заргарлик ва Хазара маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида яшаётган аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масаласи киритилиб, қисқа фурсатда бу муаммони бартараф этиш юзасидан қарор қабул қилинган эди. Бироқ орадан олти ой ўтди ҳамки, бирорта амалий иш бажарилмади. То ҳануз маҳаллалар аҳолиси ичимлик сувини ташиб ичишга мажбур бўлмоқда.

       – Шиддаткор замон  ҳар бир депутатдан фаолиятга янгича ёндошув ва ташаббускорликни талаб этмоқда, – дей­ди O‘zLiDeP вилоят Кенгашининг депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири Сарваржон Бекмуродов. – Аҳоли ва партия электорати ўртасида ташкил этилаётган тадбирлар, амалий мулоқотларнинг таъсирчанлигини ошириш, O‘zLiDeP ғояларини ижтимоий-сиёсий ҳаётимиз ва фуқаролар онгидан мустаҳкам ўрин эгаллаши учун  излан­япмиз. Дастурий вазифаларни аҳоли ўртасида тарғиб қилишда депутатлар фаоллиги сезиларли даражада ошди. Аммо партия билан алоқани унутиб қўйган депутатлар ҳам йўқ эмас. Сайловчилар ишончини қозонолмаган, зиммасидаги масъулиятни унутган депутатдан ҳеч кимга наф йўқ.

       Яқинда бўлиб ўтган O‘zLiDeP вилоят кенгаши йиғилишида партия депутатлик гуруҳларининг ўтган йилда амалга оширган ишлари сарҳисоб этилди. Қоғозларда қолиб кетаётган сессиялар қарорлари аҳоли ва партия электоратининг депутатларга бўлган ишончини сусайтираётганлиги танқид қилиниб, мутасаддилар бу ҳақда жиддийроқ ўйлаб кўришлари кераклиги алоҳида эътироф этилди. Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган депутатлик гуруҳларининг вазифалари ҳақида сўз юритилиб, келгусидаги амалий ишлар режаси ишлаб чиқилди.

       Инсон дунёга бир марта келади. Унинг гўзал ҳаёт кечиришини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Бугун тафаккур уйғонди, одамлар ҳаётга теран нигоҳ билан қарамоқдалар. Уларни эзгу ишлар, яратиш ва янгиланишлар сари бошлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиз ҳисоб­ланади.

                                                                              Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири