Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ҚАШҚАДАРЁ МЕВА ВА САБЗАВОТЛАРИ БОЛТИҚБЎЙИ МАМЛАКАТЛАРИДА ХАРИДОРГИР

ҚАШҚАДАРЁ МЕВА ВА САБЗАВОТЛАРИ   БОЛТИҚБЎЙИ МАМЛАКАТЛАРИДА ХАРИДОРГИР

   Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспорт салоҳияти янада кенгайтириш, улар томонидан чет эл бозорлари учун рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва экспортга чиқаришда молиявий, ҳуқуқий ва ташкилий ёрдам кўрсатиш борасида муайян ишлар бажарилаётганлиги Қашқадарё вилоятининг экспорт салоҳиятини янада юксалишига хизмат қилмоқда. 

         Жорий йилда хориж мамлакатларига 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тайёр маҳсулотлар экспорт қилиш режалаштирилган бўлиб, шундан 63 млн. АҚШ доллари саноат, 133 млн. АҚШ доллари эса мева ва сабзавот маҳсулотларидир. Ўтган беш ой мобайнида воҳадаги кичик  бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан 34,2 млн. АҚШ долларилик тайёр маҳсулотлар хорижлик ҳамкорларга етказилди.  

- Воҳамиз тадбиркорлари дунё бозорига чиқиш, жаҳон стандартлари талаблари даражасида  маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида туну кун изланиб, янги-янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширмоқдалар, - дейди Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси вилоят ҳудудий филиали директори Баҳодир Жамолов. - Биз жойлардаги ишбилармонлар ва экспортёр корхоналарга  ташқи савдо масалалари бўйича  маркетинг тадқиқотлари олиб бориш, экспортбоп маҳсулотларнинг потенциал имкониятларини аниқлаш, уларни ташқи бозорларга чиқаришда эҳтимолий хавф-хатарлардан ишончли ҳимоялаш борасида амалий маслаҳатлар бераяпмиз. Ўтган 5 ойда 20 млн. АҚШ доллари миқдоридаги мева ва сабзавот маҳсулотларимиз Латвия, Литва ва Эстония, Қозоғистон ва Россияга етказиб берилди. “BIG REGION”, “Prime capital group”, “SADO”, “COTTON ROAD”  МЧЖларнинг трикотаж матолари, пойафзал ва тикувчилик маҳсулотлари хорижлик харидорларини топди. Қарши шаҳридаги “NASAF TRADE INVEST”   МЧЖ ва “Шаҳрисабз мева-сабзавот агрофирмаси”нинг мева - сабзавот маҳсулотларига хорижий ҳамкорлар топиш ва шартномалар тузишда юридик, консультатив ёрдам кўрсатилди.      

           Экспорт лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорларга хориж мамлакатларининг қонунчилигига мувофиқ зарур лицензиялар, рухсатномалар, сертификатлар олишда амалий ёрдам берилаяпти.  Шунингдек, уларнинг халқаро тендер савдоларида иштирок этиши билан боғлиқ рўйхатдан ўтиш йиғимлари, бошқа тўловларни тўлаш, экспорт шартномаларини тузган корхоналарга янги маҳсулот турларини экспорт қилишини таъминлаган ҳолда хорижнинг нуфузли кўргазма ва ярмаркаларида иштирок этиши учун зарур маслаҳат ва молиявий кўмак берилмоқда.

         Жамғарманинг Қозоғистонда ваколатхонаси очилгач, икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорлик янада ривожланмоқда. Воҳа ишбилармонларининг тижорат таклифлари қўшни давлатдаги ҳамкорларимизга тақдим этилиб, йирик савдо марказларида реклама қилинди. Натижада қозоғистонлик ҳамкорлар томонидан мева сабзавот ва текстиль маҳсулотлари учун катта миқдорда шартнома имзоланди.  Айни пайтда “SULTAN TEX”, “OQ SAROY TEXTILE”, “COTTON ROAD” ва “LT Textile International” корхоналариинг текстиль ҳамда тикувчилик маҳсулотларига бўлган талаб ортиб бораётир. Шунингдек, Афғонистон ва Тожикистон республикаларига  воҳа тадбиркорлари томонидан  3 млн. донага яқин тухум экспорт  қилинди.  “Муборактекстиль” корхонасида тоза пахтадан ишлаб чиқарилаётган пайпоқлар Жанубий Кореялик ҳамкорлар катта қизиқиш билдиришаяпти. Тайёр маҳсулотларни бу мамлакатдаги савдо нуқталарига  пешма-пеш етказиб бериш бошлаб юборилди.                   

         Экспорт қилинаётган маҳсулотлар турини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш мақсадида вилоятдаги барча тадбиркор аёллар иштирокида давра суҳбатлари ташкил этилиб, улар томонидан тайёрланаётган миллий каштачилик, зардўзлик, гиламчилик маҳсулотларини хорижга чиқариш юзасидан тижорат таклифларини электрон савдо майдончаларига жойлаштириш юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилди. Ҳадемай Чироқчи, Деҳқонобод гиламлари, Шаҳрисабзу Китобнинг кашталари, Касбининг кулолчилик маҳсулотлари  хорижда ўз харидорларини топса, ажаб эмас.

          Мухтасар қилиб айтганда, мазкур жамғарма томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган ҳуқуқий, ташкилий, молиявий кўмак боис уларнинг экспорт салоҳияти юксалиб,  ўз маҳсулотлари билан жаҳон бозорида муносиб ўрин эгаллашларига яқиндан ёрдам бермоқда.    

 

                            Сайфулла ИКРОМОВ,

 “ХХI asr” мухбири