Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Қишлоқ – обод, одамлар – шод

Қишлоқ – обод, одамлар – шод

Аҳоли билан учрашув ва мулоқотларда одамлардан келиб тушаётган мурожаатлар уй-жой ва маиший шароитларни яратиш борасида айрим муаммолар борлигидан далолат бермоқда. Жумладан, электр тармоқларидаги носозликлар туфайли айрим узилишлар, суюлтирилган газ баллонларининг етишмаслиги, автомобиль йўлларининг таъмирталаблиги, ичимлик суви қувурлари ва иншоотлари яроқсизлиги каби муаммолар қишлоқ аҳолисига ташвиш келтирмоқда. Шу маънода қишлоқларимиздаги вазиятни тубдан ўзгартириш, аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш кечиктириб бўлмас вазифага айланди.

               Президентимиз фармони билан туман ва шаҳарларда, аввало, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда 2018 йилда 2 тадан ва келгуси йилларда 3 тадан қишлоқ (маҳалла)да “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилиши белгилангани юртдошларимизнинг оғирини енгил қилишга қаратилган. Шунингдек, 2018 йилда мамлакатимизнинг 174 та туманидаги 368 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларини комплекс равишда янгилаш чора-тадбирлари қабул қилингани, айниқса, 127 143 та уй-жойни таъмирлаш, уларнинг томини, ташқи кўриниши, ён-атрофини ободонлаштириш ишлари кўзда тутилгани алоҳида аҳамиятга молик.

                Дастур доирасида 1 535 километр тоза ичимлик суви тармоқларини таъмирлаш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, қишлоқларни туман маркази билан боғлайдиган ва ички йўлларни, пиёдалар йўлакларини барпо этиш, таъмирлаш учун жами 2 083 километр йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, лизинг асосида 571 замонавий автобус харид қилиниб, қишлоқ ва туман маркази орасида транспорт қатновини йўлга қўйиш, ушбу йўналишларда 252 та бекат барпо этиш назарда тутилган.

                 Халқаро молия институтларининг кредитлари ҳамда корхоналар маб­лағлари ҳисобидан 1 847 километр электр таъминоти тармоқларини яхшилаш, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш учун 44 868 та газ баллони етказиб бериш ҳамда алоқа тизимини модернизация қилиш ишлари ҳам амалга оширилади.

                 Болалар боғчаси, мактаб, оилавий поликлиникалар ва шу каби бошқа жами 736 та ижтимоий соҳа объектини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, лаборатория ва замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳам кўзда тутилган. Албатта, жойларда бозор инфратузилмаси объектлари ва сервис шохобчаларини, жумладан, ҳаммом ва кичик бозор шохобчаларини тадбиркорлик асосида бунёд этиш алоҳида аҳамият касб этади.

            Маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида “Обод қишлоқ” мақсадли жамғармалари тузилиб, бюджет, тармоқ корхоналари, халқаро молия институтлари ва хорижий давлатлар грантлари, ташаббускор тадбиркорлар маблағлари, ҳашарлар ва хайрия тадбирлари айнан шунга йўналтирилади.

             Бу йил барча манбалар ҳисобидан 3 триллион 40 миллиард сўмдан зиёд маблағ ишончли ва мунтазам равишда йўналтирилади. Ушбу лойиҳаларнинг меъморий ва техник жиҳатдан пухта ишлаб чиқилишини таъминлаш мақсадида 190 га яқин тажрибали ва малакали лойиҳа институтлари жалб этилади. Арзон, сифатли қурилиш материаллари, ишлаб чиқарувчилар учун электр энергияси ва газ етказиб беришда преференциялар назарда тутилган.

             Архитектура, санитария ва техник талаблар асосида шахсий мулк эгалари ўз уй-жойини сақлаш, мавжуд томорқалардан унумли фойдаланиш, ер ва мол-мулк солиқлари ҳамда кўрсатилган коммунал хизматлар учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш ва қарздорликка йўл қўймаслик, ҳашарларда фуқароларнинг бевосита шахсий иштирокини акс эттирувчи жамоа шартномаларини тузиш ҳам кўзда тутилган.

            Таъкидлаш жоизки, “Обод қиш­лоқ” дастури доирасидаги қурилиш ишлари қишлоқ жойларда уй-жойларни кенг кўламда барпо этилиши, қишлоқ қиё­фасининг тубдан янгиланиб, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатининг ошишига хизмат қилади.

Қутлимурат БАБАШЕВ,

Олий Мажлис

Қонунчилик палатасидаги,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси