Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

ҚИШЛОҚ ЧЕККАСИДАГИ УЙ...

ҚИШЛОҚ ЧЕККАСИДАГИ УЙ...

...Дарвозани очиб киришим билан қизим дадажоним ишдан келдилар, деб бўйнимдан қучди. Аёлим салом бериб, қўлимдаги нарсаларимни олди-да, мени тўйга айтиб кетишганини, ҳозир онамга учрашишимни айтди. Кирсам, меҳнаткаш онам томорқамизда етиштирилган ловияларнинг пўстини арчиб, тозалаб ўтирган экан. Салом бердим. “Чарчамасдан келдингми”, дея ёнларига ўтирғизиб, қўлимга бир пиёла чой тутқазди. Чойни бир симирдим-да, тўйга ким айтганини сўрадим. Волидам кўрпача остидан таклифномани чиқариб берди. Ўқидим. Манзил, мўлжал, хонадон эгалари номаълум, лекин якшанба куни наҳорга ошга деб ёзилган чақирув қоғози орқасига, “Албатта боринг” деган ёзув бор эди. Тўй эгалари ким, қайси таниш ёки қариндош деб сўрасам: “Қайнона-келин пешиндан буён тўйчивойларнинг кимлигини тополмай оворамиз, ўзинг биларсан кимлигини”, дея елка қисди онам...

Қизиқ бўлди-ку. Уст-бошимни алмаштиргани кириб кетдим. Уйга кириб костюмимни ечиб, таклифномадаги мўлжал  деган жойидаги, “қишлоқ четидаги ҳовли” деган ёзувни ўқиб, эсладим! Бу ўша опахон эмасми? Қишлоқ адоғида бир ўзи ёлғиз,  икки фарзанди билан яшайдиган муштипар она! Шу вақт эшикни очиб аёлим кириб келди.

– Топдингизми кимлигини?

– Топдим, онаси, топдим! Бу ўша имконсиз, келажакдан умидвор аёл!

Шундай дея унга етти йил аввал бўлган  воқеани айтиб бердим.

...Ҳозир ишлаётган ташкилотимда, етти йил бурун оддий ходим эдим. Жамоамиз асосан аҳолини гаров асосида кредитлаш билан шуғулланар, одамларнинг  ҳожатини чиқариб, оилаларга қувонч олиб келар эди. Лекин кўпчилик ҳам бу қувончдан баҳраманд бўла олмасди. Айрим одамларда кредит олиш учун гаров бўлмаса, айримларга пул етмасди. Кунлардан бир куни хонамизга юпун кийинган, уятчан, тортинчоқ, озғингина аёл кириб келди. Кредит олмоқчилигини, лекин гаровга қўядиган мулки йўқлигини, имконият бўлса, истисно тариқасида айнан у учун гаровсиз кредит  беришни илтимос қилди. Мен эса бунинг имкони йўқлигини, белгиланган қонун-қоидалардан четга чиқолмаслигимизни айтдим. Аммо у умидвор бўлиб бир ҳафтача келиб кетаверди. Раҳбарга, бошқа ходимларга ҳам учради. Охири келиб, яна менга дардини айтди.

– Қариндош-уруғ, ака-укаларингиз йўқми? – сўрадим ожизадан.

– Бор, аммо уларнинг ўзлари биздан хабар оладиган аҳволда эмас.

– Кредитни нимага ишлатмоқчисиз?

– Такрорий экин экиш учун ер олганман, шуни экишим керак. Ер ҳайдатаман, уруғ оламан. Пул берасизми? – у шундай дея илтижоли кўзларини менга тикди.

Ўйланиб қолдим. Алдамаяптимикан?

– Хўп, опажон, аввал оилавий шароитингизни ўрганиб чиқайлик, кейин, – дея унинг уй манзилини олиб қолдим.

Кеч бўлди. Иш тугади. Айтилган жойни топиб бордим. Уй, ҳақиқатан ҳам, қишлоқнинг бир чеккасида, ҳатто дарвозаси ҳам йўқ эди. Овоз бергандим, бир қиз ва бола чиқди. Чамаси 12-14 ёшларда эди. Энди ўзимни таништиришни бошлаган эдим, опа томорқасидан этагини тўлдириб, помидор териб чиқди. Саломлашдик. Уйга таклиф қилди. Ўйланиб турган эдим:

– Хижолат бўлманг, уйимизнинг кўчадан фарқи йўқ, –  дея ҳазиллашиб эшикни очди. Уйга кирдим-у, даҳшатдан ҳайратга тушдим. Бир хона ва бир даҳлиз қилиб қурилган томи пастаккина уйнинг девори сомон сувоқда, поли ҳам йўқ эди. Ўтириш учун ёзги сўрини олиб кириб қўйишган экан. Деразаларнинг айрим синган кўзлари ўрнига плёнка тортилган. Аммо тураржой кўримсиз бўлса-да, жуда саранжом-саришта эди. Дастурхонга тўрт дона қайнатиб пиширилган маккажўхори қўйишди...

Кўриниб турибди, бу оилада гўшт ёки тансиқ таом тугул ёғли овқат ейиш ҳам амри маҳол эди. Опанинг олинг-олинги билан минг хижолат ичра жўхоридан татиб кўрдим. Еяпман-у, ёшлигимда онамнинг тушлик вақтида пишириб берган жўхориси таъмини ҳис килдим ва тушундимки, демак, ўша пайтлар у киши ҳам рўзғор тешигини ямаш учун шундай йўл тутган экан...

Опанинг айтишича, умр йўлдоши вафотидан сўнг икки боласини ёнига олиб уйма-уй юриб, бировларнинг томорқасидаги ишларини қилар, кунлик топгани кунига зўрға етар экан.

– Деҳқончилик қиладиган ерингиз қаерда? – сўрадим ниҳоят.

– Уйимизнинг орқасида, юринг, кўрсатаман, – деди шоша-пиша.

Кўрдим. Фермер инсофли экан, сувга яқин жойдан буғдойдан бўшаган бир гектар ерни бепул деҳқончилик қилиш учун берибди...

– Бу ерга нима экасиз?

– Шоли экаман. Шоличилик сердаромад соҳа, беш ойда ҳосил беради.

Опанинг интилиши, қизиқишини кўриб, унга чин дилдан ёрдам бергим келди ва эртасига боришини айтиб хайр­лашдим. Шу кунларда туғилган қизимнинг ақиқаси учун боқаётган қўчқорим эсимга тушди. Тўғри қассобникига бордим ва уни уйга бошлаб келиб, савдолашиб сотиб юбордим...

Уйдагилар ҳайрон. Аёлимдан яшириб, бўлган воқеани ота-онамга сўзлаб бердим, қўчқорнинг пулини опага беришимни айтдим. Бу гапларимни эшитиб, улар ҳам мени қўллаб-қувватлаб дуо қилишди. Эртаси куни ишхонада опага пулни тутқаздим. Аввалига ҳайрон бўлди, “Тушунмадим. Мен сизга кредит оламан девдим-ку, шунча пулни қачон қайтараман?” дея сўрай кетди. “Топган пайтингиз берарсиз”, дея кузатиб қўйдим...

Қайда, опа орадан кўп вақт ўтмасдан яна йўқлаб келди. Ҳайрон бўлдим. “Укажон, худойим бирингизга минг берсин, илоё, деҳқончиликни бошлаб юбордим. Лекин туну кун ҳаловатим йўқ, бугун озроқ пул обкелувдим, насиб этса, куз адоғигача ҳаммасини узаман, розимисиз”, деса бўладими. Хуллас, йил охирламай қарзини узиб кетди... 

Бу воқеани мен айтиб беряпман-у, аёлимга қарасам, кўзларида жиққа ёш. Қизимизнинг ақиқаси учун аталган эҳсонни ҳақиқий эгасига топширганимни айтди. Тўйга қуруқ бормасдан, тўёна олиб боришим кераклигини тушунтирди...

Якшанба ҳам келди. Тонг саҳарда завжам берган тўёнани олиб, наҳорги ошга бордим. Уйни зўрға топдим, анча ўзгариб кетибди. Етти йил аввалги чордевордан асар ҳам йўқ – унинг ўрнида саккизта кенг хона ва дарвозахонадан иборат данғиллама қилиб қурилган ҳовли турарди. Эл қатори ошга кирдим. Чиқаётганимда бир йигит қуюқ сўрашиб, четга тортди. У кўзимга иссиқ кўринди. Танидим – опанинг ўғли. Катта йигит бўлиб кетибди.Тўй билан қутлаб, онасининг ҳол аҳволини сўрадим. У хижолат тортиб, синглисини турмушга узатаётганини айтди. Шу пайт уйнинг орқа томонидаги эшикдан бир аёл ва қиз биз томонга қараб шоша-пиша келди. Ўша опа! Елкамдан қучиб, юм-юм йиғлади, худди йўқотган жигарини топгандек. Ҳамманинг кўзлари бизда эди. Аёлни тинчлантириб, биргалашиб меҳмонхонага кирдик.

– Шунча ўзгаришлар бўлибди, тинч­ликми, лотореяга пул ютиб олдингизми? – ҳазил қилган бўлдим.

– Қайдам? – елкасини учирди у. – Сиз берган пул лотореядан ҳам кўра баракалироқ чиқди. Ўшандан бошланган деҳқончилик йилдан йилга кенга­йиб, ҳозирда ўнлаб гектарли мулкдорга айландим. Меҳнатдан барака топдик, укажон. Мана шу уйни кўтариб, ўғлимга автомашина олдик, қизимни ўқитиб, тўйини ҳам кўряпмиз. Бу яхши кунларимизнинг пойдевори сиз берган пул! Умрингиздан барака топинг!

Асад СОЛИЕВ