Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ҚИШЛОҚ КУТУБХОНАСИ ҚАЕРДА?

ҚИШЛОҚ КУТУБХОНАСИ ҚАЕРДА?
Яқинда Норинга борганимда Тўда қишлоғидан ўтаётиб, дуч келган кишига худди шу саволни бердим.
 – Э, ака, қишлоқда кутубхона нима қилади? – деди у менга “Тоғдан тушганмисиз?” дегандек қараб.
 – Маҳалладаям йўқми?
 Нотаниш киши бу гал оғрингандек қаради:
– Қишлоқда бўлмагандан кейин маҳаллада нима қилсин?..
 
Кейин бу саволни Мингбулоққа борганимда ҳам, Уйчига ўтганимда ҳам, Наманганнинг бундан бошқа аҳоли гавжум қишлоқларида бўлганимда ҳам кўпчилик замондошларимизга бериб кўрдим. Жавоблар деярли бир хил: “Йўқ!”.
 Йўл устида туриб қолдим.
 Катта, кенг, равон кўча. Йўлнинг ҳар икки ёқасида бири-биридан чиройли уй-жойлар қад ростлаган. Ора-орада савдо дўконлари, ошхона-чойхоналар, сомсахона, сартарошхона, гўзаллик салони, пойабзал таъмирлаш, , ҳатто дурадгорлик устахонасидан тортиб, терини қабул қилиш пунктигача бор, аммо... китоб дўкони ёхуд кутубхона йўқ.
Хаёл қурғур узоқ-узоқларга етаклайди...
 ...Иккинчи синфдалигимизда сочларига оқ оралаган, мулойим бир киши дарс бера бошлади. Бу Мамажон Бойматов деган, кўпни кўрган инсон эканлигини кейинроқ билдик. Шу домла илк бор синфимизга кириб келган куни ишни ҳар биримизни турғизиб, китоб ўқиттириб кўришдан бошлади. Шўх, ўйинқароқ боламан. Устозларнинг ўгити ҳам, ота-онамнинг панд-насиҳати ҳам у қулоғимдан кириб, бу қулоғимдан чиқиб кетади. Фикру хаёлим кўчада, тўп тепишда. Табиийки, “а... б...”дан нарига ўтолмадим, ҳарчанд чиранмай ҳарфлардан сўз чиқаролмадим.
 – Ие, сен боланинг ўқишинг чатоқ-ку? – деди ажабланиб Мамажон муаллим.
 Қизариб-бўзариб, терлаб туравердим. Мени бу ноқулай вазиятдан устознинг ўзи қутқарди.
– Ҳали дарсдан кейин кутубхонага киргин-да, ҳарфи катта-катта китоблардан олиб ўқигин, – деди у. – Мени айтди дейсан, ҳадемай ҳар қандай китобни ҳам тутилмай, шариллатиб ўқийдиган бўласан, ўртоқларингни қойил қолдирасан...
 Менга, айниқса, муаллимнинг охирги сўзлари ҳаммасидан ёқиб тушган эди. Устоз айтганидек, ўша куннинг ўзида кутубхонага аъзо бўлдим. Кутубхоначи опадан ҳарфи катта-катта китоблардан сўрадим. У менга “Чиполинонинг саргузаштлари” деган жудаям ажойибу ғаройиб суратлари бор китобни берди. Уйга олиб кетиб, олдин суратларини мириқиб томоша қилдим. Кейин ҳижжалаб ўқишга тутиндим. Муаллимим айтмоқчи, нафақат ўртоқларимни, барча-барчани қойил қолдирмоқчи эдим-да. Уч-тўрт кун ўтиб-ўтмай, ҳарфлардан сўз чиқаришни ўрганиб олдим. Ундан кейин сўзни сўзга қўшишга уриндим. Чиполинонинг кутилмаган саргузаштлари кўз олдимдан кино тасмасидек ўта бошлади. Қарасам, жудаям қизиқ. Киришиб кетдим-ку! Ётиб ўқийман, туриб ўқийман. Онам “Бўлди, кўзинг толади”, деса, томга чиқиб ўқийман, кўрпанинг тагига кириб ўқийман, ўқийвераман... Қаҳрамон билан хаёлан бирга ётиб, бирга тураман. Ўртоқларимга, ҳамма-ҳаммага бу тиниб-тинчимас “дўстим”нинг кўрган-кечирганларини сўзлаб бергим келади. Шу тариқа, ҳеч қанча ўтмай, шариллатиб ўқийдиган бўлдим.
 Мактаб кутубхонасидаги китобларни ўқиб бўлиб жамоа хўжалигининг, ана ундан кейин қиш­лоқ кенгаши қошидаги кутубхоналарга ўтдим. Китоб доимий йўлдошим бўлиб қолди. Тўртинчи синфдалигимда олдинига ота-онамга, сал кейин эса маҳалламизда ҳар ҳафта йиғилишиб, “гап” ейдиган отахонларга “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Авазхон” каби халқ достонларидан ўқиб берардим. Машҳур адиб Чингиз Айтматовнинг “Сарвиқомат дилбарим” қиссаси аввалидаги “Касбим журналист бўлганлиги учун Тянь-Шан томонларга тез-тез бориб турардим” деган сатрлар юрагимга жазиллаб тегди ва... бир умр шу соҳа этагидан тутдим.
 Шу ўринда бир фикр: бугун элликдан ё олтмишдан ўтган аксарият замондошларимизнинг ҳаёт деган чексиз-чегарасиз уммонда ўз ўринларини топиб олишларида, камолга етишларида мактаб ёхуд қишлоқлардаги кутубхоналар, у ердаги “энг яқин дўст”лар, ҳеч шубҳасиз, катта аҳамият касб этган.  Яширишнинг ҳожати йўқ. Сўнгги йилларда замон шитоблашди. Бозор иқтисоди деган тушунча, тирикчилик ташвишлари кўпларимизни шошириб қўйди. Нашриётларимизда чиқаётган китоблар нарх-навоси ҳам сезиларли даражада қимматлашди. Аксариятимиз нафақат китобдан, балки газета-журналлар мутолаасидан ҳам узоқлашдик.
 Ўзим Наманганнинг бутун водийга машҳур, Санг деган кўҳна қишлоғида яшайман. Куну тун одамлар орасидаман. Эрта саҳар ё оқшом сўлим кўчаларни айланиб юраман. Она қишлоғимнинг кун сайин ўзгариб, чирой очаётганидан, бири-биридан гўзал ва муҳташам бинолар қад ростлаётганидан, тадбиркор кишилар кўпайиб, одамларнинг орзу-ҳаваслари ушалиб бораётганидан кўксим ғурурга тўлади.
 Айни пайтда... Зеҳн солиб қарайман, тўй-тўйчиқларда, маърака-маросимларда одамлар сўзига қулоқ тутаман. Улар кимларнингдир қилган дабдабали тўйлари, машваратга нечта одам келгани-ю нечта қўй сўйилгани, келин-куёвнинг никоҳ маросимида қанча, қанақа автомашиналар хизмат қилгани, қўшни аёл қизига қанча сеп солгани-ю қанақа мебель ё гилам олгани, яна кимнингдир бешик тўйига довруқли яллачи келганини айтишдан толмайди ёки ҳамқишлоқларимиздан бири “Нексия”сини сотиб, “Малуби”ли бўлгани, ўтган бозор куни битта буқа нақ ўн саккиз миллионга пулланганини оғиз тўлдириб гапиришади. Мен таниш-билишларим оғзидан “Фалон ёзувчининг фалон китобини ўқидим, зўр экан-да...” ёки “Мана бу газетанинг ўтган сонида шундай мақола чиқибди, сиз ҳам ўқидингизми?” каби гапларни ҳам ора-сирада бўлса-да эшитгим келади. Бироқ бундай гаплар, китоб, китобхонлик, газета-журнал ўқиш одамларнинг эсига тушавермаслиги шу юртнинг бир боласи, оддий бир зиёлиси сифатида мени ташвишга солади. Таълим муас­сасаларини ҳисобга олмаганда, бирорта оила газета обуна бўлмагани, почтачи газета-журнал кўтариб, ойда-йилда бирор хонадон эшигини қоқмаслиги юрагимни оғритади.
 Сал аввал эслатганимдек, одамлар орасида муҳокама мавзуларининг бачканалашиб кетиши, меҳр-оқибат, инсоф-диёнат сингари туйғуларнинг ўтмаслашиши, ёшу қари орасида бойлик, ҳашамга ўчлик каби иллатларнинг авж олаётгани, баъзи ёшларнинг юриш-туришидаги нуқсонлар, ўринсиз кибру ҳаволанишлар, иғвою фисқ-фужур каби иллатларнинг урчиб бориши ...худди шу ўқимаслик, адабиётдан узоқлашиш оқибати эмасмикан, деб ўйлаб қоламан.
 Ваҳоланки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, КИТОБСИЗ КЕЛАЖАК ЙЎҚ! У инсонни ҳар тарафлама юксалтирадиган энг яхши восита. Бебаҳо бойлик. Уни бежиз офтобга қиёсламайдилар. Донишмандлардан бири “Ўзимдаги барча фазилатлар учун китобдан миннатдорман”, деб бежиз ёзмаган.
 Китоб ўқийдиган билан ўқимайдиган одамнинг дунёга қарашида, ер билан осмонча фарқ бор. Умрида қўлига китоб ушламаган киши ҳар мақомга йўрғалайди, дўстни душмандан, яхшини ёмондан фарқлай олмайди.
Давлатимиз раҳбари шу йилнинг ўзида айнан китоб билан боғлиқ, жумладан, нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, бадиий мутолаа ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича фармойиш ҳамда қарор қабул қилди. Бундан илгарироқ эса кутубхоналар фаолиятини йўлга қўйиш ва такомиллаштириш бўйича ҳам алоҳида ҳужжат имзолаган эди. Маърифат йўлига қаратилаётган бундай юксак эътибор замирида халқимизнинг маънавий камолоти, миллатимиз равнақи, ёшларимиз тақдирига дахлдорлик туйғулари мужассам.
Таажжубки, китобхонлик маданиятини ошириш бўйича дастлабки фармойишнинг матбуотда эълон қилинганига ўн ойдан ошаётганига қарамай, пойтахтимиз ва вилоятлар марказларини истисно қилганда, қишлоқларимизда, маҳаллаларимизда бу соҳада жиддий ўзгаришлар деярли сезилмаяпти.
Ижрога бевосита масъул ташкилот ва муассасалар, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар, кўп сонли депутатлар, кенг жамоатчилик бу ишга етарли даражада киришмаётгани кишида ташвиш туғдиради. Ваҳоланки, Президентимиз шу йилнинг 13 сентябрь куни имзо чеккан “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорда мутасаддилар зиммасига қишлоқ аҳолисига кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини ташкил этиш чоралари тўғрисида тадбирлар режаси лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш вазифаси юклатилган эди.
Яқинда Чортоқда бўлганимда Пешқўрғон қишлоғига ўтиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли болалар шоири Оташ Холмирзаевни зиёрат қилдим. Оташ ака китобнинг ашаддий мухлиси ва тарғиботчиси. Унинг шахсий кутубхонасида 10 минг нусхага яқин бадиий ва илмий адабиётлар бор.
– Юртбошимиз қарорида болалар адабиётини чоп этишга алоҳида эътибор қаратилганидан бошим осмонга етди, – дейди шоир. – Бугун келажагимиз эгалари дунёқарашини шакллантирадиган, маънавий оламини бойитадиган, орзулари ортидан эргаштирадиган, ватанпарварлик руҳида тарбиялайдиган китоблар керак. Ёшларни мутолаага ўргатишимиз жуда муҳим.
Қишлоғимизда 32 мингдан зиёд аҳоли бор, аммо китоб дўкони ҳам, кутубхона ҳам йўқ, – афсус билан бош чайқайди Оташ ака. – Маҳалламизда биттагина зиёхона бор эди, у ҳам бекилди... Дарвоқе, ҳар бир маҳалла, албатта, ўз кутубхонасига эга бўлиши керак. Аҳолини китобга қизиқтириш, китобхонлик маданиятини оширишнинг йўллари эса кўп. Ҳар бир корхона, ташкилот, муассасада ходимларнинг туғилган кунларида раҳбарият томонидан китоб совға қилишни изчил йўлга қўйишимиз керак. Мактаб­ларда, болалар боғчаларида ҳам энг намунали ўқувчиларни, китоблар билан сийласак, қандай яхши.
Яқинда “ХХI аср” газетасида ўқидим. O‘zLiDeP ташаббуси билан Жиззах ва Фарғона вилоятларидаги бошланғич ташкилотлари саъй-ҳаракати билан ўша бир нечта ҳудудда кутубхона ташкил этилибди! Ана сизга савобли иш. Қани энди, шу хайрли ташаббусни ҳаммамиз қўллаб-қувватласак. Бу ишга етакчи партиямиз фаоллари, депутатлик гуруҳларимиз, илғор фермер ва тадбиркорлар, зиёлиларимиз бош-қош бўлишса, қўлларидан келганча ҳисса қўшишса... бунинг савобига не етсин!
 Ўрни келиб қолди, аччиқ бўлсаям бир гапни айтмасам бўлмайди. Ишбилармон сармоядорларимизнинг кўнглига келмасину, улар ҳадеб ҳар хил егуликлар, турфа қақур-қуқурлар билан савдо қиладиган дўконлар қуравермасдан, эндиликда китоб дўконлари, кутубхоналар ҳам очсалар, шу йўл билан халқимиз маънавиятини юксалтиришдек эзгу ишга баҳоли қудрат ҳисса қўшсалар ярашади.
Ушбу мақолани таҳририятга йўллаш олдидан маҳалламиз сартарошхонасига кирдим. Бу ерда Алишер деган ўз касбининг устаси, жуда ҳам дилкаш бир йигит хизмат қилади. У гап орасида:
 – Хона ўртасига битта стол қўйиб, устига бир неча китоб, газета-журналларнинг янги сонларини қўйиб қўйсам, қалай бўларкин? – деб қолди.
– Икки карра савоб оласиз-да! – дедим.
Бир оддийгина ҳунарманд йигитнинг бу гапи, бу ташаббуси, кечирасизу, катта-кичик минбарларда туриб китоб, китобхонлик ҳақида ваъз ўқийдиган, амалда эса ҳеч бир иш қилмайдиган баъзиларнинг сўзидан кўра минг чандон аълороқ туюлди менга.
 
Ортиқали НОМОЗОВ,
“XXI asr”   мухбири