Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ҚИШЛОҚ МУЛКДОРИНИНГ ҚЎШ ҚАНОТИ

ҚИШЛОҚ МУЛКДОРИНИНГ ҚЎШ ҚАНОТИ

Қорақалпоғистон Республикаси Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, O‘zLiDeP ҳудудий Кенгаши раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони ­Серсенбой СЕЙИТНАЗАРОВ мухбиримиз саволларига жавоб бериш асносида Президентимизнинг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қишлоқ хўжалигидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқаётгани хусусида атрофлича сўз юритди.

– Серсенбой оға, уч минг йиллик “Авесто”да инсонга қарата айтилган “Ўнг қўлинг билан ҳам, сўл қўлинг билан ҳам ерга уруғ соч!” деган олижаноб даъват бор. Зеро, ер бизни бир неча минг йиллардан буён боқиб, едириб-ичириб, кийинтириб, барча маъмурчилигимизни таъминлаб келади. Донишмандларимиз “Ерни боқсанг, ер элни боқади” дейишган. Давлатимиз раҳбари имзолаган фармон  мамлакат тараққиётида янги босқични бошлаб беряпти.  Мазкур ҳужжат матбуотда эълон қилинган куни кўнглингиздан қандай ўйлар ўтди?

– Фармонни ўқиганимда давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқидаги “Биз аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, теран англаган ҳолда, қатъий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан бормоқдамиз” деган ажойиб жумлалар ёдимга тушди. Бугун Ўзбекистон янада файзли, кўркам қиё­фа касб этди. Бу бевосита мустақил мамлакатимиз қишлоқларига, аграр соҳа равнақига ҳам тааллуқлидир. Бугун қишлоқ мулкдорининг қўш қаноти бор. Биринчиси – фермер ҳамда деҳқон хўжаликлари, иккинчиси – томорқа. Икки қанот ҳам қудратли бўлса, ислоҳотлардаги парвозимиз янада юксак бўлади.

Ҳозирги кунда Қорақалпоғистонда жами 5897 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда, улар 287 минг 834  гектар экин майдонини тасарруф этаяпти. Айни чоғда ҳудудимизда жами 241 минг 907 хонадон бўлиб, уларнинг 47 минг 478 гектар томорқаси бор. Фермер хўжаликлари негизида кичик саноат корхоналари, ҳатто экспортчилар шаклланмоқда. Агар томорқа ер эгаларининг фаолиятига суръат бахш этсак, Ўзбекистон қишлоғининг истиқболи янада ёрқинлашади.

– Бошқа бир давлатга сафаримиз чоғи бозорга бориб, қаҳва ичиб, олди-сотди ишларини кузатиб ўтирдик. Бир пайт арава етаклаган ўрта ёш киши келиб қолди. Арава устига ёпилган брезентни кўтарганида кўрдикки, қандайдир кичик замонавий қурилма бор экан. Вақтимиз бемалол бўлгани учун бу кишининг ишларини бошидан охиригача кўришга қарор қилдик. У аввал тўрт қоп сабзи харид қилди. Кейин махсус мослама билан ювиб, тозалади. Кўз ўнгимизда аппаратга солиб, шарбатга айлантирди. Шу ернинг ўзида қадоқлади. Ярим соат ичида яхшигина нархда сотиб, мўмай пулни киссага солиб, бир қисмига зарур ашёлар, оиласи учун озиқ-овқат, керакли буюмлар харид қилиб, яна уйига равона бўлди. Бизда ҳам шундай тадбиркорлар кўпаядими?

 

 

– Шак-шубҳасиз, қишлоқ мулкдорларининг асосий қисми товар ишлаб чиқарувчиларга айланади. Нега биз шу кунгача бу мақсадга тўлиқ эриша олмадик? Давлатимиз раҳбарининг фармони бу саволга атрофлича жавоб беради: биринчи – фермерлар кенгашлари фаолиятини ташкил этишдаги нўноқлик, иккинчи – томорқадан самарали фойдаланишга панжа орасидан қараш, учинчи – ердан фойдаланиш устидан қатъий назорат йўқлиги, тўртинчи – қайта ишлаш саноатининг заифлиги, бешинчи – фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига кўрсатиладиган сервиснинг савияси юқори даражада эмаслиги, олтинчи – уларнинг илғор агро ва инновацион технологиялардан етарли тарзда фойдалана олмаслиги, еттинчи – қишлоқ мулкдорининг профессионал маҳорати етишмаслиги... Фармонда ана шу етти йўналишда ҳам туб ўзгаришларга эришишнинг аниқ вазифалари, омиллари, манбалари аниқ кўрсатиб берилган.

– Яқин ўтмишимизга бир назар соладиган бўлсак, собиқ тоталитар салтанат таназзулга юз тутган, иқтисодиёт издан чиққан ва бошбошдоқлик авж олган, мустақил мамлакатимиз энди тетапоя қадамларини ташлаётган, миллион-миллион одамларни нон билан таъминлаш масаласи кескинлашган чоғларда қишлоқ аҳолисига қўшимча томорқа ер берилгани энг оқилона тадбир бўлган эди. Шоли курмаксиз бўлмаганидек, томорқа ер эгаларининг бир қисми бу олтинга тенг ерларни ташландиқ ҳолга ташлаб қўйганди. Энди бунга чек қўйиладими?

– Фармонда, энг аввало, бу борадаги мавжуд қонунчиликка, хусусан, Ер кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, ер ва экин майдонларидан самарали фойдаланишда барча бўғинларда назоратни кучайтириш, зарур ҳолларда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилинишига қадар жавобгарликни белгилаш кўрсатилган.

Тасаввур қилинг, сиз томорқа ер эгасисиз. Олдин ундан қай йўсинда фойдаланишингиз назоратдан четда эди. Энди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бу масалани ҳар ойда муҳокама қилиш, тегишли чоралар кўриш ҳуқуқига эга. Фермер хўжаликларининг ердан фойдаланиш масаласи қандай бўлади, деб сўрашингиз табиий. Бу масала ҳар чоракда халқ депутатлари туман кенгашларида кўриб борилади. Албатта, гап партиямиз ҳақида кетадиган бўлса, ундан сайланган депутатлар, халқ депутатлари қуйи кенгашларидаги партия гуруҳлари бу ишга енг шимариб киришадилар. Партиявий лойиҳалар рўйхатига бу борада янги ташаббуслар киритилади.

Муҳтарам Президентимиз БМТ анжуманида “Биз оддий бир ҳақиқатдан келиб чиқмоқдамиз: халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, дея таъкидлаган эди.  Фермер бадавлат бўлса, деҳқон хўжалиги мустаҳкам бўлса, томорқа ер эгаси тўқ бўлса, бутун мамлакатнинг қудрати ошади, аҳолининг турмуш даражаси юксалади. Ҳаётимиз янада гўзал, фаровон бўлади. Мазкур фармон ижроси бу йўналишда янги саҳифалар очиб беради.
 
“XXI asr” мухбири
Янгибой ҚЎЧҚОРОВ
суҳбатлашди.