Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Қизиллик: қизиқиш, қизғониш... Э-э-э, қизиғида босинг!

Қизиллик: қизиқиш, қизғониш...  Э-э-э, қизиғида босинг!

       Табиат инъом этган ранглар бисёр. Улар кишининг руҳиятига мос келиши, шу билан бирга ларзага солиши мумкин. Бу борада олимлар кизиқарли тажрибани амалга оширганлар. Маълум бўлишича, айрим ранглар бизни турли буюмлар сотиб олишга ундар экан. Қизиқ-а?!

        Шубҳасиз, ҳар бир тадбиркор ўз маҳсулотларини харидоргир бўлишини ёинки кўрсатаётган хизматлари эл оғзига тушишини истайди. Лекин бунда реклама унга  кўмакдош эканлигини унутиб қўяди. “Маҳсулот одамларга чиндан керак бўлса, ишлаб чиқарувчи уни бозорга олиб чиқса бас – истеъмолчи ўзи билиб олаверади”,  деб хато фикр юритадиганлар ҳам йўқ эмас. Тан олиш керакки, жуда кўп ҳолларда бизга керакмас дори-дармон, буюм, кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотларини айнан реклама таъсирида сотиб оламиз. Ҳатто, бу соҳадаги изланишлар ХIХ асрда ҳам равон йўлга қўйилган эди.

       Калькутта шаҳар полицияси хавфли жиноятчини қўлга туширди. Суд қарори билан осишга ҳукм қилинган жиноятчи ҳузурига бадавлат жентельмен ташриф буюради ва улар узоқ суҳбат қуришади. Навбатчи уларнинг хайрлашув олдидан айтган қуйидаги гапларини эшитиб қолади:  – Майли, таклифингизга розиман. Лекин сиз бунинг учун оила аъзоларимга 10000 фунт стерлинг пул тўлайсиз!

      – Онт ичаман!, – бу ўша жентельменнинг жавоби эди. Қатл куни маҳкумнинг сўнгги сўзлари узоқ йиллар давомида аҳолининг ҳайратига сабаб бўлган: “Энг яхши шоколад лондонлик Вильямсон Кеннедининг Пикадилли шоколадидир! ” Хуллас, Вильямсон Кеннеди унинг оиласига шу миқдорда пул берган-бермагани номаълум, бироқ унинг растасига одамлар оқиб кела бошлагани рост.

       Шунингдек, 1889 йилнинг  ёзида Сан-Франциско кўчаларида катталаштириб кўрсатувчи кўзойнаклар кўтариб олган шахс одамлар эътиборини тортади: “Сиз бу кўзойнаклар билан Венерани бепул томоша қилишингиз мумкин!” Унинг гапига қизиқиб, кўзойнакларни тақиб кўрганлар  кулгудан ўлиб қолаёзишди. Нега деганда, уни тақиб, “эълон берувчи ” кўрсатган томонга қарашганда кўчанинг нариги тарафида Адам Смит исмли тадбиркорнинг “Венера” номли совунлар сотилаётган дўконини кўришди.

       Энг қизиғи, 1879 йилда АҚШ нинг  Огайо штатида чоп этиладиган газеталардан бири бадавлат ворис қизлар билан “фақат ушбу газета обуначиларига турмушга чиқиш ҳақида шартнома тузганини” эълон қилган эди. Бу газета  обуначилари сонининг кескин ортиб кетишига сабаб бўлган. 

         Ана сизга қоши куюк, кўзи сузук “рекломгина”ни иши. Гап шундаки, сиз ҳам бизнинг “найранг”имизга учдингиз. Қандай қилиб дейсизми? Сарлавҳани ўқибоқ, мақола мутолаасига киришдингиз. Аслида диққатингизни тортган сўзлар (нарса) “Ориат доно” радиосида жаранг сочган реклама ролигидан олинган иқтибос (парча) эди, холос. Рекламанинг кучи ҳам ана шунда – бозорда талаб яратиш. Сиз ҳам фикримизга қизиқиб харидорларни уддабурон тадбиркорлар “чорлов”идан қизғанаётган бўлсангиз, қизиғида босинг. Ахир, буни “реклом” дейдилар. А, лаббай?!

 

Шаҳло РАҲМОНОВА,

 “ХХI asr” мухбири