Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Қизиқ жойига келгандим...

Қизиқ жойига келгандим...
...Болалик чоғларим эсимда, бадиий китобларимиз кўп бўлса-да, ота-онам битта асарни талашиб ўқишарди. Ишдан бўшаб, мутолаа қилишга вақт топишганда “Мен қизиқ жойига келувдим, мен ўқий” деб тортишишар эди.
 
Шундай вақтларда баъзида китобни онам овоз чиқариб ўқир, биз эса эшитар эдик. Тушунмаган жойларимизни шарҳлаб беришдан ҳеч эринмас эди. Байрам ва туғилган кунларда ҳам китоб совға қилиш оиламиз анъанасига айланиб қолган. Ўқитувчимиз тавсия қиладиган асарларнинг кўпини мен ўқиб бўлган бўлар эдим...
Оила, мактаб, маҳалла – бу болани қамраб олган дунё. Инсон онги ўзини ўраб турган муҳит қуршовида шаклланади. Бу уч тузилмани бир-бирини тўлдирувчи куч сифатида кўришимиз мумкин. Бола кун ярмигача вақтини дарсда ўтказади. Демак, китобга қизиқтириш айнан шу гўшадан бошланади. Кўпчилик мактабларда синфнинг ҳам ўз кутубхонаси ташкил этилган. Ўқувчилар бир-бирига қизиқиб ҳам мутолаага киришади. Педагогларимиз ичида ноанъанавий усуллардан фойдаланиб, китоб ўқишга меҳр уйғотадиган жонкуяр ўқитувчилар кўп.
– Ўқувчиларимга китоб ўқинг, демайман, – дейди Жиззах шаҳридаги 2-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Адолат Муродова. – Яқиндагина шу ҳикояни ёки эртакни ўқидим, деб асарнинг энг қизиқарли жойидан парча айтиб бераман. Қарабсизки, улар мени саволларга кўмиб ташлашади. Воқеалар ривожи қизиқ жойига етганида эса “Бўлди, энди дарсга қайтамиз”, дея асарнинг кутубхонада борлигини гап орасида қистириб ўтаман. Шунда танаффус бўлиши билан ўқувчиларим кутубхонани тўлдириб юборишади. Кейинги дарснинг ўн дақиқасини шу асар таҳлилига ажратаман.
Устознинг шунча саъй-ҳаракати ота-она томонидан қўлланиши жуда яхши натижа беради. Яқинда дугонамникига бордим. Ота-онаси оддий, аммо китобхонликнинг олий даражасига етишган. Жаҳон дурдонасидан сўрайсизми, ўзбек адабиётиданми, бемалол баҳсга киришишади. Суҳбатлашиб ўтирар эканмиз, набиралари келиб қолди. Мактабда беш баҳо олганини айтиб, кундалик дафтарини кўрсатди. Бувиси унинг  пешонасидан ўпиб, баракалла тойчоғим, деганча рағбат учун эртак китобини ўқишга рухсат берди. Унинг қувонганини айтмайсизми. Рости, бироз ҳайратландим. Кўпчилик ҳолларда бола нотўғри иш қилиб қўйса, ота-оналар, бўлди, ўйнамайсан, уйга кир, китобингни ўқи, дейишганини эшитгандим. Лекин китобдан рағбат вазифасида фойдаланишганини биринчи марта кўришим. Маълум бўлишича, кеча ёмон баҳо олгани учун жазо тариқасида ўқишни тақиқлаб, китобини олиб қўйишган экан. Энг қизиқ жойида қолган чоғи, бугун аъло баҳо олиб келибди...
Ўйлаб қарасам, бу жуда тўғри усулдек кўринди. Ҳар бир одам мукофот олишга интилади. Жазоланиш кимга ҳам ёқади дейсиз?! Дилбандининг яхши ишларини рағбатлантириш мақсадида китоб бериб, боз устига биргаликда мутолаа қилинса, қандай яхши бўлар эди?! Мактабда ҳам, уйда ҳам китобхонлик муҳити бўлгандан сўнг ўз-ўзидан маҳаллада ҳам шу муҳит ҳукмронлик қилади. Ёшлар компьютер хоналарига ошиқмай, ўзлари ўқиётган дурдонанинг мазмунини ўртоқларига тўлиб-тошиб ҳикоя қилса, нур устига нур эмасми?
Бир бора мутолаа завқини туйган инсон яна ва яна ўқигиси келаверади. Дунёқараши, фикрлаши ўзгаради. Бугун ҳаётимизни технологияларсиз тасаввур қила олмаслигимиз табиий, бироқ уни китобларсиз ҳам тасаввур этиш жуда мушкул. Бир танишим Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини электрон  ва босма нашрда ўқиб чиқибди. Айтишича, асарни барибир  китоб ҳолида мутолаа этиш завқли экан.
  Бу ҳақда кейинроқ, бафуржа сўзлаб бераман, ҳозир эса хаёлим кечагина ўқишни бошлаб қўйган китобимга кетди. Энг қизиқ жойига келгандим...
 
Чарос ЁҚУБОВА,
ЎзДЖТУ талабаси