Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ҚИЗИҚАРЛИ ОБ-ҲАВО

ҚИЗИҚАРЛИ ОБ-ҲАВО
Ернинг сирли жумбоғи
“Атлантида – Атлантика океанида, тахминан Гибралтар бўғозининг ғарбида мавжуд бўлган улкан орол. Ери серҳосил, аҳолиси зич жойлашган. Зилзила натижасида океан қаърига чўкиб кетган. Атлантиданинг мавжуд бўлганлиги ва ҳалокатга учраши сабаблари фанда ҳанузгача жумбоқ бўлиб қолмоқда”. Юнон халқ ривоятларида, файласуф Платон асарларида қайд этилган афсонавий орол-мамлакат ҳақидаги изоҳ Миллий энциклопедиямизнинг биринчи жилдида айнан шундай келтириб ўтилган.
Инсоният тарихида бир-бирини такрорламас, қизиқарли афсона ва ривоятлар жуда кўп. Шундай бўлишига қарамай, муқаддимамизни айнан “Атлантида”дан бошлашга қарор қилдик. Сабаб, сўнгги йилларда рўй бераётган ер геофизикаси билан боғлиқ талофатлардир. Ҳа, сезганингиздек зилзилалар!
 
Ер қимирлаши нима?
Ер пўстида ёки мантиянинг юқори қисмида тўсатдан силжиш, синиш ёки ўпирилиш рўй бериши оқибатида вужудга келадиган ва тўлқинсимон тебранишлар тарзида узоқларга тарқаладиган ерости силкиниш­лари ва тебранишларига зилзила дейилади.
Сайёрамизда йил давомида бир неча юз минглаб зилзилалар юз бериши мумкин, уларнинг аксарияти фақатгина сейсмографлар сезадиган кучсиз қўзғалишлар бўлса, бизга сезиладиганлари бир неча мингга етади, вайронкор ер силкинишлари эса бир йилда юзтагача бўлиши мумкин. Улар ер шарининг тектоник жиҳатдан энг фаол бўлган (масалан, қисман мамлакатимиз сарҳадларида жойлашган Тян-Шан, Афғонистондаги Ҳиндикуш, Тожикистондаги Помир) тоғ тизмалари жойлашган ҳудудларда кўпроқ кузатилади.
 
“ЗИЛЗИЛАЛАР ЙИЛИ”
бўлиши ростми?
Яқинда юртимизнинг бир қанча ҳудудларида ер силкиниши қайд этилди. Зилзила ўчоғи Жиззах вилояти. Пойтахт сейс­мостанциясининг дастлабки маълумотларига кўра, пойтахтимизда ер ости силкиниш даражаси 3−4 баллни ташкил этган. Европа-Ўртаер денгизи сейсмомаркази маълумотларида эса зилзила магнитудаси марзий ўчоқда 5,1 баллни кўрсатган.
Шунингдек, жаҳон айвонида содир бўлаётган зилзилаларнинг даҳшатли оқибатлари кўлами кун сайин кенгайиб бораётганлиги аниқ фактларда кўриниб турибди. Масалан биргина шу йилнинг ўзида Хитойда 6-7 балли, яқин қўшнимиз Тожикистонда 7, Япония ва кўплаб океан орти мамлакатларида турли кўринишдаги ер қимирлашлари содир бўлди. Бироқ Мексикадаги силкинишлар буларнинг ҳаммасидан ўтиб тушди, десак муболаға бўлмайди. Фалокат натижасида мамлакатнинг асосий шаҳарлари вайронага айланди. Маҳаллий нашрларда эса 90 нафар фуқаронинг ҳалок бўлганлиги ва 75 мингдан зиёд кишининг уйсиз, кўчада қолиб кетганлиги айтилмоқда.
Халқаро экспертларнинг таъкидлашларича, 2017-2018 йилларда ер юзининг барча минтақаларида турлича кучга эга кўплаб силкинишлар, зилзилалар содир бўлиши кутилаётган экан. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ҳар асрда бир бор кутиладиган “зилзилалар йили”. Шунинг учун келинг, дарров ваҳима қилмайлик-да, ўзимиз ва оила аъзоларимизнинг ер қимирлашига оид билимларимизни бироз пухталаб олайлик.
 
Билган яхши-да!
Зилзила ҳақида аниқ маълумот берадиган тизим ҳали яратилмаган, шунинг учун қачон, қаерда ва қандай кучга эга фалокат рўй беришини олдиндан айтишнинг ҳозирча имкони бўлмаяпти. Фақатгина ҳодисадан бироз олдин бўладиган ўзгаришлар аниқланган, холос.
Бундай вақтда энг асосий қоида, бу – эсанкираб қолмаслик. Агар бино ичида бўлсангиз, стол ёки стул тагига қулайроқ жойлашиб олинг. Шу йўл билан устингизга қулаши мумкин бўлган нарсалардан ҳимояланган бўласиз. Эшик тагида (эшик жойлашган оралиқда) туриб олинг – уйнинг бу қисми бинонинг бошқа бурчакларига қараганда мустаҳкамроқ бўлиши архитекторларимиздан маълум. Ташқарида бўлсангиз-чи? Бино, дарахт, сув ёки электр симларидан узоқроқда туринг – электр узаткичларининг сувга қулаши ўта хавфли вазиятни юзага келтириши мумкин. Машинада бўлсангиз, машина ичидан чиқманг, лекин у бино, девор ёки бошқа қулаши мумкин бўлган объектлар қаршисида турган бўлса, ташқарига чиқиб, автомобилингиз ёнида чўккалаб туринг. Зилзила тўхтаганидан сўнг ҳам, бироз кутган маъқул.
Ана энди келаётган ҳафтада юртимизда кутилаётган об-ҳаво маълумоти билан таништириб ўтамиз.
Гидрометеорология хизматининг хабар беришича, мамлакатимизда шу кеча-кундузда совуқ ҳаво ҳарорати кузатилмайди. Қорақалпоғис­тон Респуб­ликаси ва Хоразм вилоятида ҳафта давомида ёғингарчилик бўлмайди, ҳарорат кечаси 5-10 даража, кундузи 15-20 даража илиқ бўлади. Шарқий шамол йўналиши ўзгариб, ғарбдан секундига 7-12 м/с тезликда эсади. Юртимизнинг жанубий ҳудудларида кечаси 7-12 даража, кундузи 22-27 даража илиқ бўлиши кутилмоқда. Тошкент шаҳри ва унга ёндош ҳудудларимизда ёғингарчилик кузатилмайди. Ҳарорат кечаси 7-12 даража, кундузи 22-27 даража иссиқ бўлиши мумкин.
Республикамизнинг тоғли ва тоғолди ҳудудларида 14-15 октябрь кунлари ёмғир ёғади. Шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиб, ҳаво ҳарорати кечалари 2-7 даража, кундузи 15-20 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.
 
Сардор ТУРОБОВ
тайёрлади.