Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Қодир бахши қадр топдими?!

Қодир бахши қадр топдими?!

Билганим, 1986 йили қирчиллама 49 ёшида дунёдан ўтган Қодир бахши Раҳимов Москва ва Парижда ўтказилган VII ва VIII халқ ижодиёти халқаро конгрессларида совриндор бўлган. 1982 йили эса Олмаотада ташкил этилган “Шарқ халқларининг достон мусиқаси” мавзусидаги анжуманда “Алпомиш” достонини ўттиздан зиёд куйда ижро этиб, нуфузли давра аҳлини ҳайратга солган. Шундан кейин бахши Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган. Шу, холос. 

Билмаганим, унинг ҳаётлик маҳалида айтган қирққа яқин достонлари, неча юзлаб термалари ҳақида муфассал, мукаммал илмий-бадиий мақолалар ёзилмаган (айрим олимларнинг илмий тадқиқот ишлари бундан мустасно, албатта). Афсусланарлиси, “Алпомиш” достонининг Қодир бахши айтган нодир варианти ҳалигача топилмаган...

Бу ёғини биздан эшитинг. Афсонавий Қодир бахши билан боғлиқ унутилмас бир воқеа­га шахсан ўзим гувоҳман. 1977 йил эди, адашмасам. Китоб туманидаги мўъжазгина қишлоқда Орзиқул бригад тилаб олган ўғлига суннат тўйи берди. Ўшанда 8-синфда ўқирдим. Пешин маҳали шов-шув бошланди: “Қодир бахши кепти тўйга, “Алпомиш”ни айтармиш...”. У маҳаллари кечқурун кураш бўларди. Кун совуқ. Ўртада олов ёқилган. Давра ўртасида бахши дўмбира чертиб нола қилаётир. Каттаю кичик сеҳрланган кўйи достон ичида яшарди, гўё. Кимдир пиқ-пиқ йиғлар, яна кимдир чоҳга тушган Алпомишга кўмак бергиси келарди...

Бир маҳал баковулнинг ҳайқириғидан давра қалқиб тушди: “Бахши бова, кеч бўп кетди, олти соатдан бери дам олмай айтяпсиз, курашни бошлолмаяпмиз ахир, илтимос, достонни эртанга қолдиринг!”.

Қодир бахши оғир тин олди. Пиёладаги совиб қолган чойни ҳўпларкан, “Бовурларим, полвонлар кутиб қолди, қани, дуо беринглар, шул жигитларгаям Алпомиш боболарининг руҳлари мададкор бўлсин!” дея одамларни курашга чорлади...

1985 йили эса Ғузор туманидаги Ярғунчи қишлоғида бўлган тўйда “Ойчинор” ва “Ойша” достонларидан парчалар ва бошқа соф халқона термаларни куйлаганида... оддий, соддадил, кўнгли ярим одамларнинг Қодир бахшини қучоқлаб йиғлаганларини кўриб ҳайратга тушганман. Орадан бир йил ўтгач, унинг кутилмаган ҳалокат туфайли қазо қилганини эшитдиму кўнглим бузилди, устихоним эзилди. Алпкелбатли, ўзининг муштдай юрагига заҳматкаш халқимизнинг дарду ҳасратларини кўмиб яшаган бахшининг қадрига нега тириклигида етмадик, шундай иқтидор соҳибини нечун асраб-авайламадик, энди-чи, ўрнини ким боса оларкин, деган аламли саволларга жавоб излаганман. Бу сўроқ ўттиз уч йилки, ҳамон юрагимни ўртайди.

2000 йиллар эди. Улуғ шоиримиз Абдулла Орипов билан кечган гурунглардан бирида Қодир бахшининг мероси, унинг ўзбек достончилигидаги тарихий ўрни ва ниҳоят қадр-қимматини жойига қўйиш масаласи кўтарилди.

Абдулла ака ўшандаёқ бор ҳақиқатни айтди-қўйди: “Қодир бахши, тан оламизми, тан олмаймизми, юз йилда бир марта келадиган улкан ижодкор, зукко бахши-шоир. Унинг ютуғи халқчиллигида эди, достон-термаларини ёдламасди, юрагидан тўқиб кетаверарди. Ҳақиқий халқ бахшиси шундай бўлади”.

Эшқобил ШУКУР, шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

– Қодир бахши қирққа яқин достон айтгани ҳақида эшитганмиз. Бу ҳазилакам рақам эмас. Унинг талқинидаги “Алпомиш” биз шу кунгача билган, ўқиган, эшитган достонлардан анча фарқ қилади. Нега десангиз, бахши халқимизнинг чинакам эпосига ижобий маънода янгиланишлар киритган, кўп нарса қўшган. Алпомишнинг ўзига хос маҳобати, унинг бор куч-қудратини аниқ намоён эта олган. Лекин энг катта муаммо – Қодир бахши айтган “Алпомиш” вариантини тиклаб бўлмаяпти. Тўлалигича ёзиб олинганми-йўқми, номаълум. Аммо бахшини чин дилдан севган, ардоқлаган инсонларда қайсидир шаклда сақланиб қолган бўлиши мумкин. Асосийси, унинг ижросидаги “Алпомиш” варианти топилса, бу маънавий ҳаётимизда тарихий воқеа бўлар эди, деб ўйлайман.

Яна бир оғриқли муаммо ҳам ўз ечимини кутиб ётибди. Бир пайтлар Миллий университетнинг ўзбек филологияси талабалари амалиёт даврида вилоятларга чиқиб, бахшилар ва кексалардан халқ оғзаки ижоди намуналарини ёзиб олиб, тўплашарди. Бу анъана кўпдан бери тўхтаб қолганми дейман. Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёт университети талабалари давом эттирсалар, хайрли иш бўларди.

1998 йили “Алпомиш”нинг 1000 йиллиги тўйи арафасида Термизга бордим. Алломасифат шоир, адабиётимизнинг асл жонкуяри Шафоат Раҳматулло Термизий билан кўришиб, Шеробод достончилик мактаби анъаналари ва бу азим дарёнинг вакиллари ижоди, қолаверса, ҳаёт кечмишлари ҳақида ҳам сўзлашдик. Гап айланиб, Қодир бахшига келиб тақалганида раҳматли Шафоат ака бир зум маҳзун тортиб қолганди: “Нимасини айтасиз, иним, улуғларнинг улуғлиги бу дунёдан ўтиб кетганидан кейин англанар экан-да. Мен фольклоршунос эмасман, фақат халқ оғзаки ижодидан озгина бохабар одам сифатида айтадиган бўлсам, Қодир бахши жуда катта мактаб яратиб кетди. “Ёдгор”, “Ширин билан Шакар”, “Зайдиной”, “Ойчинор”, “Келиной”, “Жорхун мастон”, “Мисқол пари”, “Равшанхон”, “Ёзи билан Зебо”, “Олланазар Олчинбек”, “Олтин қобоқ”, “Нурали”, “Малла савдогар”... бу рўйхат жуда узун, қани энди, уларни пухта ўрганиб, чуқур тадқиқ эта оладиган олимлар йўқми, деб ўйлаб қоламан. Биламан, Сурхону Қашқадарёда ҳам бахшининг ашаддий мухлислари беҳисоб эди. Эшитганим, Термиз атрофларида магнитафон кассетасига Қодир бахшининг достонларини, айниқса, бутунлай бошқача талқинда айтилган “Алпомиш”ни ёзиб олган отахон бор дейишарди. Журналист Олимжон Усанов билан ҳам кўп марта суриштирдик, тополмадик. Агар ана шу бебаҳо бойликни тополсак, армоним қолмасди”, дегани ҳалигача эсимдан чиқмайди.

 Жаббор ЭШОНҚУЛ, филология фанлари доктори:

– Қодир бахши Раҳимов Булунғур ва Қўрғон достончилик мактаблари анъаналаридан ҳам ўрганган. Масалан, “Кунтуғмиш”ни Эргаш Жуманбулбул ўғлидан ёзиб олиниб нашр этилган китобини ўқиб, жонли оғзаки ижрога киритган. Қодир бахши, тўғрисини айтганда, ҳаётлик вақтида элнинг эъзозида юрган, лекин дунёдан ўтганидан кейин ижодий мероси қадрланмади. Достонни тинглаш керак, жонли ижроси билан зўр. Китобдан ўқиш бошқа нарса. Афсуски, Қодир бахши ҳаётлигида достон ва термаларини магнит тасмасига туширишга кўпда эътибор берилмаган.

 Олдингдан оққан сув­нинг қадри йўқ, деганлари шу-да. Мана, энди аттанг қилиб ўтирибмиз. Бахшидан ёзиб олинган “Жорхун мастон” ва “Ойчинор” дос­тонларини Туркияда икки тилда нашр эттирдик. Икки марта. Жуда яхши кутиб олинди. Яқинда бўлиб ўтадиган Халқаро бахшичилик санъати фестивалига турк ҳамкасбларимиз ўша китобларни олиб келмоқчи. Президентимиз ҳам халқ достонларини катта тиражда нашр эттириб, халқимизга етказиш кераклигини уқтирмоқда. Маҳаллий раҳбарларимиз ҳам ўрнак олса, яхши бўларди.

Тоштемир ТУРДИЕВ, филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

– “Алпомиш” достонини Фозил Йўлдош ўғли, Бобо шоир, Мардонақул бахши, Хушбоқ бахши ва Абдуназар бахши гўзал талқинда айтган. Қодир бахши вариантини, тўғриси, парчалар эшитганман-у, кўрмаганман, ёзиб олинган деган гаплар юради. Суюкли бахшимиз айтган достон тўлиқ ва аслиятга яқин бўлганига шубҳам йўқ. Умуман олганда, ўзбек бахшичилик салтанатида Қодир бахшига ҳофизалик (овоз, оҳангдорлик, халқона руҳ) бобида тенг келадигани йўқ эди. Сурхондарёга, Деновга келса, ҳар доим мени йўқларди. Бир воқеа ҳалиям эсимдан чиқмайди. У маҳаллари райисполкомда ишлардим, боғимизга кириб бир пиёла чой устида Қодир бахшини эшитардик. Унинг микрофонсиз жарангдор овозини эшитган заҳоти идорадаги 20-30 чоғли ходимларни-ку қўяверинг, кўчадан ўтиб-қайтаётган оддий одамлар билан каттакон боғ тўлиб кетарди. Ўзига хос оҳанрабоси бор эди. Дўмбира йиғларди, бахши йиғларди, томошабин ҳам сел бўлиб кетарди. Ана сизга ҳақиқий халқ бахшисининг сурати ва сийрати.

Артистлар ўз йўлига, лекин қайси замонда бахши дегани тўй-томошада пешонасига пул қистиртириб, эстрада усулида дўмбира чертиб, ўйинчи ўйнатган экан, билганлар айтсин? Бу кўргилик кейинги даврларда урфга айланди. 

Бахши дегани давра ўртасида ўтирволиб достон айтган, халқ термаларини куйлаган. Ҳозир билмайман, халқ бахшиларига қандай талаб, мезонлар қўйилади, лекин бурунги даврда, энг аввало, халқнинг ўзи “Алпомиш” достонини билмаганни бахши деб тан олмаган. Демак, энди бу борадаям талабларни кучайтириш, ўзгартириш пайти келди.

Ўзбек достончилигида Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Муҳаммад Жонмурод ўғли Пўлкан, Ислом Назар ўғли, Бобо бахши, Шерна бахши, Хушбоқ бахши каби тенгсиз дарғалар бисёр. Улар орасида биз бугун хотирлаётган Қодир бахшининг ҳам, шубҳасиз, муносиб ўрни бор. Ўйлайманки, халқимизнинг асрлардан асрларга ўтиб келаётган қадим анъаналарини дунёга танитган бахшининг ўлмас овози, бой ижодий мероси, муҳими, муборак номи юксак даражада қадрланишга арзийди.

Худойназар ДЎСТҚОБИЛОВ, “Ўзбекистон 24” телерадиоканали директори ўринбосари:

– Қодир бахшининг айтимларини болалигимда эшитганман. Ҳалиям ўша соҳир овозни соғинаман, излайман, йўқ, тополмайман. У киши ёниб, жўшиб ижод қилган шўролар замонида Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош, Пўлкан шоирларнинг довруғи ниҳоятда баланд эди. Менинг назаримда, Қодир бахши 1970-1980 йиллар ўзбек фольклорида такрорланмас ҳодиса бўлган. Бундай овоз, услуб, йўналиш ҳатто таниқли фольклоршуносларни ҳам довдиратиб, ўйлантириб қўйгани ҳақиқат. Шунинг учун ҳам Қодир бахшидаги улкан меросни ҳадеганда тан олгилари келмади. Оқибатда ушбу фавқулодда истеъдод соҳибининг ижоди етарли даражада ўрганилмади.

Ҳалигача эслайман, 1985 йили оловқалб ижодкор, раҳматли Ўрол Ўтаевнинг фидойилиги туфайли “Ўзбекистон” телевидениеси орқали Қодир бахшидан ёзиб олиниб эфирга узатилган кўрсатувни бизнинг Тоғайтемир қишлоғимиз аҳли киприк қоқмай кўрган. У пайтлар бир қишлоқда уч-тўрт телевизор бўларди. Миллий телерадиокомпаниянинг телевидение ва радио­эшиттиришлар архив фондида бор-йўғи 28 дақиқа, яъни “Алпомиш” достонидан 23, “Келиной” достонидан 5 дақиқагина бизгача етиб келди.

Қодир бахшининг иқтидорли фарзандлари Абдуқаҳҳор бахши, Абдумурод бахшилар ҳам оталари изини босаётганига шубҳам йўқ. Шу ўринда бир мулоҳаза, улкан оиланинг яна бир оташнафас вакили Баҳром бахшини ҳам аллақачон катта давраларда кўриш вақти етди, деб ўйлайман. Боиси, айнан ана шу истеъдодли бахшининг ижодини кузатсангиз, унда ҳам бизлар соғинган Қодир бахшининг сеҳрли овози сезилади. 

Қодир бахшининг хотирлаш қобилияти, туғма истеъдоди, қувваи ҳофизаси фавқулодда кучли эканлигига кўпчилик гувоҳ. Қўйингки, ўша Париж ёки Олмаотада, бу ёғи Тожикис­тону туркман тупроғида бўлиб ўтган анжуманлар, тўй-томошаларда ҳам Қодир бахшининг чин юракдан ёниб, жўшиб куйлаган дос­тону термаларини эслаяпмиз. Шу ўринда ҳақли саволлар туғилади: хўш, унинг бой ижодий меросига оид намуналар қай даражада сақланиб қолган? Китоб ҳолидами, пластинка, магнит тасмаси, кассета ё дисклардами, қай бири тўлиқ кўчирилган? Ул-бул манбаларда қайд қилинган саноқлигина достонлардан парчалар, айрим термаларидан бошқа нимаси бор? Тасаввур қилинг, бугун дунёда тан олинган ва бундан неча асрлар аввал яшаб ўтган ижодкорларнинг мероси топиб ўрганиляпти, илмий тадқиқотлар олиб бориляпти. Бор-йўғи ўттиз уч  йилгина бурун дунёдан ўтган Қодир бахшидан эса фольклор дурдоналарини ёзиб олишда сусткашлик қилганмиз. Бу хатолар учун энди ҳеч ким жавобгарликни бўйнига олмайди. Бугун-чи? Нега ҳамон томошабинлик қилиб ўтирибмиз? Эрта-индин Термизда бошланадиган Халқаро бахшичилик санъати фестивалида дунёда довруғ таратган оқину жировлар қаторида Қодир бахши Раҳимовни ҳам йўқласак, савоб бўлади-ку! Бу масалани масъул вазирлик ва идоралар ўйлаб кўриши керак эмасми?

Навбатдаги эътирозимиз Қашқадарё вилояти ҳамда бевосита бахши туғилиб ўсган Деҳқонобод тумани ҳокимлиги мутасаддиларига тегишли. Қодир бахшининг орамиздан кетганига чорак асрдан зиёд вақт ўтди. Ўзбек бахшичилик санъатида ўзига хос мактаб яратган Қодир бахши
Раҳимовнинг ўлмас хотирасини абадийлаштириш учун шу пайтгача қандай амалий ишларга қўл урилган?

Бизнингча, мақтангулик ҳеч нарса қилинмаган. Унинг таваллуд топган қишлоғи ё сабоқ берган мактабида ёки туман марказида уй-музейини ташкил этиш, халқимиз орасида сочилиб ётган ижодий меросини тўплаш борасида ўйлаш вақти келди. Бу кечиктириб бўлмайдиган хайрли вазифани вилоят ҳокимлиги уддалашига ишончимиз комил.

Норқобил ЖАЛИЛ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Кетаётир ойпари...

“Келиной” достонидан парча

Боз бозған-а, бозған-а,

қилиқлари созғана.

Лабига ярашади,

чолса чанқовузғана.

Ака деган товуши

чанқовуздан созғана.

Кетаётир ойпари

гала қиздан илгари.

 

Босган жойи миннатдор,

босмаган жойи гинадор.

Босиб ўтмаган жойлари

босама дея умидвор.

Кетаётир ойпари

гала қиздан илгари.

 

Жомоли тўлган ойдай бўб,

сурувдаги қўйдай бўб.

Ўйноқлаб журган тойдай бўб,

Дирка-дирка тайлаши-я

нишабдан энган қўйдай бўб.

Кетаётир ойпари

гала қиздан илгари.

 

Биқ-биқирдаб, биқирдаб,

бақолоғи шиқирдаб,

Бир-бир мўнчоқ тоққани

журганида шақирдаб.

Қобатида қизлари

опа дейди қиқирлаб,

Келаётир ойпари-ё

санамлардан илгари.

 

Кўзлари хумор-хумор,

зулпаклари зулхумор.

Желкасига жорашар-о

хийли тоққан кўзтумор.

Кетаётир ойпари

гала қиздан илгари.

Баданининг оқлиги

товда турган қордай бўб.

Шарпа олиб жўнаётир

сарбон тортган нордай бўб.

Бўйнин тайлаб жўнайди

жигитга кўнгли бордай бўб.

Кетаётир ойпари

гала қиздан илгари.

 

Қадам тайлар буралиб,

тол химчадай ирғалиб.

Ҳапамати кўксида

кўйлагига тиралиб.

Кетаётир ойпари

гала қиздан илгари.

 

Тўбада тиккан уйини,

кўтариб тутқан жийини.

Уйдан сўлқиллаб чиққан сўнг

олар бўйдоқнинг сўлини.

Тўбадан тайлар ҳимиллаб,

шойи кўйлак қимиллаб.

Уни кўрган бўйдоқлар

олти ой ётгудай инғиллаб.

Кетаётир ойпари

гала қиздан илгари.

 

Қарши билан Ғузор-о,

қийқувлашар қизлар-о.

Қўлида даби-доира,

минг нағмага созлар-о.

Бўйнида лаъл мунчоғин,

қандай йигит узар-о?

Кетаётир ойпари

гала қиздан илгари.

Ёзиб олувчи: Ўктам ҲАКИМОВ