Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“ҚЎЛ ЧИЛ”ГА ТУШГАН ЖУРНАЛИСТЛАР

“ҚЎЛ ЧИЛ”ГА ТУШГАН ЖУРНАЛИСТЛАР

Қашқаю Сурхон томонларда олиш (кураш)даги усуллар турлича аталади. Масалан, “ўрама чил”, “чил чалиш”, “туя чил”, “қоқма”, “чўнқайма”, “бел чил”, “илмоқи” ва ҳоказо. Булар ичида тақиқланган “қўл чил” ҳам борки, уни қўллаган ғирромчи полвонни баковул шу заҳоти қурдан четлаштиради. Сабаби, “қўл чил”га олинган полвон икки ўт орасида қолади: мажбурдан йиқилиб берай деса – ори йўл бермайди; усулга олинмиш қўлини суғурай деса – елкадан уланган бўғим чўрт узилиши ёки чўзилиб кетиб ўйнама бўлиб қолиши бор... Алқисса, ҳикоямиз Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг масалага қўл учида қарайдиган, “қўл чил” ҳадисини олган “полвон”лари ҳақида.
Не дейсизки, ўттизга яқин журналист шу “усул”га чув тушиб, не қиларини билмай қолди...

Жума

...Тушликдан қайтсам, таҳририят референти иш столи устига хат ташлаб қўйибди. Ҳошиясига бош муҳаррир томонидан “...га!” дея имзо чекилган мазкур тавсия хати Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан юборилган бўлиб, унинг қисқача мазмуни бундай:

...“Тошкент – Хўжанд – Қўқон – Тошкент” йўналишида синов тариқасида илк автобус қатнови йўлга қўйилмоқда.

Шу муносабат билан  Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги томонидан мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари вакиллари учун медиа тур ташкил этилмоқда. Йўналишнинг очилиш маросимида, Тожикистон Республикасининг Хўжанд шаҳрида ўтказиладиган матбуот анжуманида қатнашмоқчи бўлган ОАВ таҳририятлари Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги (Наврўз Аширматов, тел.: 71 202-05-00; мобил рақам 99...-71)га мурожаат қилишлари сўралади.  

Автобус 2018 йил 4 декабрь куни соат 9:00 да Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги биносидан йўлга чиқади”.

Аввалбошда мурожаат хатида кўрсатилган маълумотларни тасдиқлатиш мақсадида 99 ... 71 телефон рақамига қўнғироқ қилдим.

– Ҳа, ҳа, тўғри. 4 декабрь куни жўнайди автобус. Кутамиз, албатта келинглар.

Биламизки, шу йил бошидан бери юртимиздан Тожикистон Республикасига 4 та: “Тошкент – Хўжанд”, “Термиз – Душанбе”, “Денов – Душанбе”, “Самарқанд – Панжикент” автобус қатнови йўналишлари очилган. Демак, буниси навбатдагиси.

“Жирт-е Холмурод”! Яна тағин хайрли янгиликнинг “Маънавий юксалиш куни”да келганини-чи! Шу тобда Қўқоннинг ҳам яқин мозийда Ҳўқанд аталгани-ю, Хўжандга уйқаш экани хаёлдан ўтади.

Интернетни улаб, Хўжанд шаҳри тўғрисидаги маълумотларни жамлай бошладим. Касб тақозоси, тайёргарлик кўриш керак, қуп-қуруқ сўппайиб борсак изза бўламиз-а? Хуллас, изланиш авжида...

Душанба

Таҳририят ижодий ходимларининг йиғилиши.

– Сафарнома учун алоҳида бир саҳифа ажратамиз, материал серсурат чиқиши керак, – деди бош муҳаррир фотомухбир иккимизга юзланаркан.

– Рукннинг ишчи номи “Йўллар – диллар калити” бўлади, – дея топшириқни маъқулладик.

Тўғри, аввал ҳам республикамизнинг турли ҳудудларига сафар қилганмиз. Бироқ бу галгиси чегарадан ташқарида бўлгани туфайли озроқ ҳаяжон ҳам йўқ эмас. Шу боис Хўжанд ҳақида қўшимча манбалар – инфраструктура, тарихий обидалар, маданий марказлар, бозорлар хусусида ўргана кетдим.

Мана айримлари: Тожикистон шимолида жойлашган. Қадим Туроннинг бир бўлаги, 2500 йилдан зиёд тарихга эга, Буюк ипак йўли ўтган, Искандару Чингизлар истилосини кўрган. Ғарбдан Бекобод (40 км), шарқдан эса Қўқонга яқин (140 км). Айниқса, “Пайшанбе” бозори машҳур. Шайх Маслиҳаддин Бадеуддини Нури зиёратгоҳи, Камол Хўжандий мажмуаси...

Кечга яқин Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги масъул ходими Н. А. га бот қўнғироқ қилдим.

– Эртага соат 9 да жўнаб кетилади, а?

– Ҳа, лекин сизлар 8:30 да келинглар, ярим соат аввалроқ.

– Хўп-хўп...

Хў-ў-ш, демак, сешанба куни жўнаб кетишимиз аниқ. Ўзингиз айтинг, тараддуд онларида ким эсга келади? Топдингиз, яшанг! Ёд рақамлар терилади.

– Онажон, оқ йўл тиланг, чегара ошадиган бўлиб турибмиз – тожик биродарлар юртига!

Аввали дуо, сўнг истак айтилади.

– Бехатар бўлсин, ўғлим. Мен ҳам ўттиз йил бурун Тожикистонга борган эдим. Ўша йиллари оёғимни совуқда шамоллатибман чоғи, отанг Душанбедан юз чақиримча нарида жойлашган шўрсувли сиҳатгоҳга оборган эди. Тезда шифо топганман...

Нариги томондаги гўшакдан “ғилт” этган овоз келади. Билдим, сездим...

– Ўксинманг, онажон. Қиш оёқ илгани ҳамоно, чечаклар нур эмгани ҳамоно Сизни шўрсувга элтганим бўлсин!..

Яна нима қолди? Ҳа-я, пойабзални янгилаш эсдан чиқибди...

 Сешанба

Каллаи саҳарлаб ишхонага келдим. Ноут­бук, сардафтар, флешка, қувватлагич, диктофон – бари-барисини сумкага жойладим. Ўтган йили шариф шаҳарга борганда “Бухородан эсдалик” сўзлари битилган ручкалардан кўпроқ харид қилган эдим. Элчилик, улар-да эсдан чиқмади: хўжандлик ҳамкасбларга совға!

Шундай қилиб, айтилган вақтдан ўн дақиқа олдин Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги биносида фотомухбир иккимиз шай турардик. Бироқ автобус қургурнинг сумбати тугул, қораси ҳам кўринмайди. Аста-секин уч-тўрт журналист ва видеокамера кўтарган техник ходимлар кела бошлади. Шунингдек, транспорт агентлиги ходимлари ҳам.

– Автобус автовокзалга кетиб қолибди, тушунтирдик, ҳозир қайтади, – деди улардан бири.

Бу орада рўйхатга олиш якунланди. Бирор ярим соат ўтди. Агентлик вакиллари хижолатли вазиятни юмшатиш мақсадида журналистларни ичкарига – мўъжазгина емакхонага таклиф қилди. Кимдир қаҳва ичиб, телефон титкилаган, кимдир қулоқчинда мусиқа тинглаётир, яна биров китоб ўқишга тутинган. Ниҳоят бир соат деганда автобус келгани ҳақида хабар берилди. Гуррос солиб, яп-янги автоуловга талпинамиз. Юклар багажга жойланди, ўриндиқларга мус­таҳкам ўрнашиб олдик.

– Қачон жўнаймиз? – овоз янграйди орқа ўриндиқдан.

– Ҳозир раҳбарлар келсин, кейин.

– Оқ фотиҳа оларканмиз-да!

Ҳазилга монанд енгилгина кулги кўтарилади. Аммо ҳазилнинг таги зил экани кейин маълум бўлажак. Бирпасдан сўнг узун-қисқа бўлиб, агентлик мутасаддилари автобус салонига кириб келишди. Келинг, айтилган сўзларни қандоқ бўлса шундоқлигича (таҳрирсиз) тинглаймиз. 

– Фарғона водийси билан боғлайдиган йўлни ўрганиш мақсадида, йўналишни, йўлларни кўриш, масофани ўрганиш, Тожикис­тон чегарасидан ўтиш вақтларини келишиб олиш, шуларни ўрганиш мақсадида, бизлар бугун биринчи “ўрганиш рейси”ни амалга оширишимиз керак. Ўрганиш рейсини кўриб келгандан кейин, биз сизларга агентлик мутахассислари йўлнинг ҳолатини кўриб ўрганганимиздан кейин, эртага сизларга ҳисоботини берамиз. Йўлнинг ҳолати, чегара қанча вақтни олади ва бориб-келишимизни муаммо бор-йўқлиги... Бизларга кўплаб мурожаатлар бўлган Фарғона водийсини Тошкент билан, республиканинг бошқа ҳудудлари билан автобусларини боғлаб бериш. Кейинчалик водийдан Самарқандга, Бухорога йўналиш­лар очиш мақсадида агентлик томонидан ҳудди шу русумдаги автобус қўйилиши режалаштирилган. Ҳозир ҳам йўлни ўлчаб, Тожикистондаги ўзимизни ҳамкорлар билан келишишимиз керак. Бу рейсга ҳозирги кунда агентлик мутахассисларининг ўзи борадиган, сизларга эса узр айтаман. Бу ерда озгина тушунмовчилик бўлган. Биринчи кунда фақатгина мутахассислар боради. Саволлар борми?

– Ўзингизни таништирсангиз, илтимос?

– Мен Исаев Аброр, транспорт агентлиги бошқарма бошлиғиман...

***
Қалай? Мутасаддининг гапларини сиз қандай англадингиз билмадиг-у, аммо биз журналистлар шундай тушундик. Раҳбар тўрам айтмоқчи:

“Ие, сизлар нега ўрнашиб олдингиз? Бу рейс – техник рейс. Фақат мутахассислар кетади. Олдиндан огоҳлантирмадик? Билмабмиз-да, қаранг”.

Киноижодкорларимиз анча йил бурун самолёт бортида суратга олган ва Янги йил байрами ҳангомалари акс этган фильмда шундай ибора бор:

Олма-ота жеталмай,

Отам қолди шолпайиб!

Айтинг, айтинг, биз журналистлар ҳам отахондан кам бўлмадик. Тарвузи қўлтиғидан тушиб, шалпайган ОАВ вакиллари бирин-кетин тарқала бошлади. Ўрталиқда қолган яккам-дуккам ҳамкасбларни эса бир савол қийнарди: вазиятни тушунтирган бояги киши чиндан ҳам шу ерда ишлайдими?..

XXI асрда яшаяпмиз. Агентлик расмий сайтига бир қур кўз ташлаймиз. Чин экан, мана, сурати ҳам қўйилган: автомобиль ташувларини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи – Исаев Аброр Анварович!

Демак, алдамабди. Унда тушунмовчиликнинг илдизи қаерда? Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигидами? Қани, боғланиб кўрайлик-чи?

– Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги бошлиғи ўринбосари Х. Халматов шу йил 28 ноябр куни ЎзМАА бош директорига хат (3/3813-сонли) билан чиққан, – дейди ЎзМАА масъул ходими. – Мутасадди раҳбар томонидан “Тошкент – Хўжанд – Қўқон – Тошкент” йўналишида синов тариқасида илк автобус йўлга қўйилаётгани муносабати билан ОАВ вакиллари учун медиа тур ташкил этилаётгани ва мазкур тадбирни марказий нашрларда ҳамда интернет сайтларида кенг ёритилишида амалий кўмак бериш сўралган. Агентлигимиз шу хатга асос­ланиб ОАВларга мурожаат хати юборган.

– Айтолмайсизми, тадбирнинг қайси санада ўтиши, автобуснинг қачон жўнаб кетиши ҳам кўрсатилганми ўша хатда?

– Албатта, 2018 йил 4 декабрь, соат 9:00 да Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги биносидан йўлга чиқилиши белгиланган...

***

Ўзимизники-да, у бармоқни тишласак ҳам оғрийди, бунисини ҳам – мен транспорт агентлиги матбуот котибини айтяпман – имдод кутиб, унинг олдига бордик. Биласизми, ундан қандай сўзларни кутдик?

– Энди, ҳамкасблар минг бора узр. Раҳбарият журналистлар билан рисоладагидек муомала қилишни эплолмагандир, балки. Уларнинг ўрнига мен кечирим сўрайман. Иш-да, бу. Шунақа ҳолат ҳам бўлиб туради, тўғрими? Сизлар хафа бўлманглар, ҳаммани эслаб қолдим, рўйхатда борсизлар-ку, насиб қилса медиатур ўтказилиши ҳамоно биринчилар қаторида сизларни чақираман...

Қани эди, қани эди-я, шугина юпанч бўлганда?! Афсуски, тескариси. Матбуот котибининг дийдаси қаерда қотган билмадик, индамайгина, гап-сўзсиз олдиндан ёзиб қўйилган пресс-релизни улашаркан сўз қотди:

– Шошманг, мана бу жойини ўзгартирайлик.

Шундай қилиб, “йўлга қўйилаётган” ибораси ручка ёрдамида “техник қатнов”га ўзгартирилди. Балки, айрим нашрлар шундай ҳолида чоп этишга улгургандир ҳам, бу ёғи бизга қоронғи.

***

Кейин-чи, кейин нималар бўлди, дерсиз?

“Қўл чил”дан суғурилган бўғим чўрт узилди, йўғ-ей, ҳафсала пир бўлди. Фотомухбирники эса чўзилган, чоғи, йўлбўйи миқ этмади. Шу онда бизни бошқа бир оғриқли ўй исканжага олган эди: энди серсурат материал ўрнига нима қўями-и-з?..

Дарвоқе, Автомобиль транспорти агентлиги “полвон”ларига раҳмат. Улар бошлаган ҳангома сабаб янги пойабзаллик бўлдим. Илло, эрта баҳор шўрсувга ҳам бориш насиб қилар...

Асл ПОЛВОН