Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Қолган ишга... қор ёғди-ку!

Қолган ишга... қор ёғди-ку!

Тонг саҳар қўл телефоним жиринглади. Одатдаги салом-аликдан кейин суҳбатдошим ўзини таништирди:

– Пахтакор тумани “Буюк ипак йўли” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи – Маърифат Тангатоваман. Қўни-қўшни билан маслаҳатлашиб сизни безовта қилаяпмиз, узр. Қўрғончамизга бирров кела олмайсизми?

– Тинчликми?

Маърифат опанинг овози титради.

– Бола-чақа билан тун бўйи ёмғирда ивиб чиқдик. Хабарингиз бор, маҳалламиз “Обод қишлоқ” дастурига киритилган. Биз яшайдиган уйнинг томи бузилганига бир ой бўлган эди. Мана ёғин-сочинга қолиб кетди. Ўтган сафар бу ердаги ободончилик ишларининг аҳволи матбуотда танқид қилиб чиқилгандан кейин, бир қатор ижобий ўзгаришлар бўлган эди. Кейин яна сансалорлик бошланди. Шу сабаб, яна сизларга мурожаат қилаяпмиз...

***

 O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши ходими Дилшод Турсунбоев билан ўша манзилга отландик. Йўл-йўлакай мурожаатга сабаб бўлган газетамизнинг жорий йил 5 июль сонида чоп этилган “Ободлик қаердан бош­ланади? Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани мисолида бу саволга жавоб изладик” деб номланган мақола ёдимга тушди. Мақолада тумандаги ободончилик жараёни, шу жумладан, “Обод қишлоқ” Давлат дастурига киритилган “Буюк ипак йўли” ва “Мингчинор” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли масканлари аҳволи танқидий-таҳлил қилинган эди. Ўшанда биз билан суҳбатда бўлганлар иш жараёни бунчалик чўзилса, ёғин-сочин кунлари қийналиб қолишлари мумкинлигидан хавотир олишаётганди. Мана, орадан тўрт ой ўтди. Наҳотки вазият ҳамон ўзгармаган бўлса?..

 Етиб борганимиз ҳамоно қўрғончада усти очиқ икки қаватли бино олдида тўпланиб турган одамларга кўзимиз тушди. Афсуски, ёмғирдан сўнг у ерга машинада ўтишнинг иложи бўлмаганидан, юриш учун лой-кўлмаклар оралаб турли хил тахта, темир бўлакларидан ясалган “йўлак” орқали улар томон йўналдик. Дарҳақиқат, аҳвол ўта аянчли. Гарчи, мавжуд 104 та кўп қаватли уйларнинг аксар қисмида том қайтадан ёпилган бўлса-да, ҳали йўлакчалар, зарур хўжалик бинолари, ҳожатхона ва бошқа режадаги қурилиш ишлари тўлиқ тугалланмаган. Таъмир ишлари энди бошланган ҳудудда эса тизза бўйи лой.

 Тўпланганларнинг куйиниб тушунтириш­ларича, улар 186 ва 187 рақамли кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари экан.

– Қўчқор Усгенбоевман, – деб ўзини таништиради пешвоз чиққанлардан бири. – Бизнинг “дом”ни қайта ёпамиз, деб очишганига бир ойдан ошди. Ўтган галги ёғингарчиликдан кейин мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Бажарамиз, қиламиз, деган ваъдаларни роса эшитдик. Мана энди аҳволни қаранг. Икки кундан буён сув ўтмаган хонадон қолмади.

– Кечаси фарзандларимизни қўшниларнинг уйига олиб чиқдик. Уларникидаям электр энергияси ўчган экан. Болалар бу аҳволда қандай қилиб дарс қилади, уларнинг соғлиғи нима бўлади, – дейди 9-хонадонда яшовчи Дилфуза Алиева куюниб. – Мана, уйимга кириб кўринг. Туни билан ўтаётган чаккани тўсаман, деб челак-тоғора қўйиб чиқдим. Барибир эплолмадим. Барча жиҳозларим шалаббо бўлди.

 Йиғилганларнинг барчаси қўшниларини қўллаб, ўз дардларини айта бошлади.

 Мулоқот давомида аста-секин бу жараёнга бош бўлиб турган масъуллар ҳам бирин-кетин кела бошлашди.

– Шу уйни таъмирлаётган бригада бош­лиғиман, – дейди ўзини Акмал Ўролов деб таништирган киши. – Биламан, одамларга қийин бўлди. Ишонасизми, биз ҳали аввалги бажарилган ишларимиз учун хизмат ҳақи олганимиз йўқ. Келишувга кўра, биз салкам 8 миллион сўм ҳақ олишимиз керак эди. Ишчиларимиз ҳам ишлаб, пул топамиз, оила тебратамиз деган умид билан келишган. Қолаверса, қурилиш материаллари кечикиб етиб келди...

Акмал аканинг изоҳларидан маълум бўлишича, ширкат уй таъмири учун “Интерстройгарант” масъулияти чекланган жамияти қурувчиларини жалб қилган. Афсуски, мазкур корхона раҳбари Ёлқин Ўроловни анчадан бери ҳеч ким кўрмаган. Бизнинг  у кишига қилган қўнғироқларимиз ҳам жавобсиз қолди. Шу сабаб, ўзи ҳам бир неча кундан бери одамларга кўринмаган ширкат раиси Акбар Мирзааҳмедовга изоҳ сўраб юзландик.

– Банкда эдим. Мазкур уйларнинг том қисмини қайта ёпиш учун 1 миллиард 800 миллион кредит олишимиз керак. Аммо аҳоли ўз вақтида тўловни амалга оширмагани учун айни пайтда банкдан пул чиқара олмаяпмиз, – дейди у.

Маълум бўлишича, кўп қаватли уйларнинг том қисми, йўлаклар, дераза ва эшиклари “Обод қишлоқ” дастури доирасида эмас, балки аҳоли билан тузилган шартнома асосида ширкат томонидан амалга оширилаётган экан.

– Тузилган шартномалардан бирортасини кўрсак бўладими? – сўраймиз ширкат раисидан.

Раис маънили жавоб беришдан қочиб, турли хил сабабларни рўкач қила бошлади.

– Қандай қилиб биз уларга пул тўлаймиз, – дейди шу ерлик Абдумалик Қаршибоев. – Келиб, мана бунга қўл қўймасаларинг, томларингни тузатмаймиз дейишса, биз ҳам қўл қў­йиб бераверибмиз. Энди келиб, ҳар ойга икки хонадагилар 94 мингдан, уч хонадагилар 132 мингдан тўланглар, дейишаяпти. Ҳали ёлчитиб, бирор иш бажарилмаган бўлса нега пул тўлашимиз керак, тушунмаймиз?!

Ҳамсуҳбатимизнинг куюнганича бор. Ана шу икки уйда 147 нафар одам истиқомат қилади. Энг қизиғи, кўп қаватли уйларнинг бири чала таъмирланиб, иккинчисининг томи очиб ташланганини айтмаса, тайинли бир иш қилинмагани яққол кўриниб турибди. Электр, сув, газ таъминоти ва бошқа зарурий эҳтиёжлар ҳақида-ку гапирмай қўяқолайлик.

– Муаммоларнинг сабаби битта – маблағ, – дейди тумандаги “Таъмирлаш тиклаш хизмати” давлат унитар корхонаси раҳбари Олим Норбоев. – Айни пайтда дастурга киритилган “Буюк ипак йўли” ва “Мингчинор” қишлоқ фуқаролар йиғинида смета – лойиҳада кўрсатилган 1 миллиард 904 миллион сўмлик қурилиш – ободончилик ишларидан 728 миллион сўмлик иш амалга оширилди. Шундан 252 миллиони корхонамиз ҳисобидан амалга оширилди. 476 миллион банкдан кредит ажратилди. Қолган маблағни чиқариш учун, аҳолининг 8 миллион сўмлик қарздорлигини ёпиш зарур экан...

 Иқтисодчи бўлмасак-да, ушбу муаммоларнинг бири иккинчисини, иккинчиси учинчисини етаклаб келаётганини тушуниш қи­йин эмас. Бироқ, ажабланарлиси, уларнинг “Отангга бор, онангга бор” қабилидаги иш усулидан аҳоли азият чекмоқда. Наҳотки, бу муаммоларни ҳал қиладиган мутасаддилар бўлмаса?

 Мулоқот давомида туман ҳокимлиги вакиллари қурувчилар ишни тамомлаган куни иш ҳақини тўлашга кафолат бериб, ишни давом эттиришга кўндиришди. Қурувчилар истар-истамас ишни бошлаб юборишди.

 Сафардан оғир ўйлар оғушида қайтдик. Кечаси яна телефон жиринглади.

– Сизлар кетгунингизча қурувчилар 6-7 дона шиферни томга олиб чиққан бўлишди-ю кейин яна ишни тўхтатишди. Бугун энди қандай тонг оттирамиз, билмайман?..

***

...Ўша куни туни билан ёққан ёмғир, тонг­га яқин қорга айланди. Саҳаргача ухлолмай безовта бўлиб чиқдим. Томидан чакка ўтиб, уйлардаги йўлакда қунишиб, умид кўзларини катталарга тикиб турган норасида болаларнинг маҳзун нигоҳлари ҳамон кўз олдимдан кетмаяпти...

Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,

“XXI asr” мухбири