Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Қўлланма амалиётга татбиқ этилса...

Қўлланма амалиётга татбиқ этилса...

Маҳфуза Юсупова Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиали профессори, “Ихтирочи аёллар” уюшмаси раиси. Унинг “Қиш­лоқ хўжалик экинлари зарарли организмларига янги инновацион усуллар” мавзусидаги илмий иши бугун нафақат вилоятда, балки республикамиздаги деҳқон ҳамда фермерлар учун самарали қўлланма бўлмоқда.

 Яқинда “Аёллар инновацион ривож­ланиш тарафдори” лойиҳаси доирасида “Инновацион технологияларни ривож­лантиришда таълим, фан ва бизнес тизимлари ўзаро алоқаларига оид долзарб масалалар” мавзусидаги амалий семинар ҳам айнан мана шундай тажрибаларни оммалаштириш, барча соҳаларга инновацияларни татбиқ қилиш ҳамда олима аёлларни ҳар томонлама қўллаб- қувватлаш мақсадида ташкил этилди.

O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши Аёллар қаноти ташаббуси билан “Олима”, “Ихтирочи аёллар”, вилоят “Тадбиркор аёл” уюшмалари билан ҳамкорликда уюштирилган мазкур тадбирда Маҳфуза Юсупова каби йигирмага яқин олима, докторант, ихтирочи, рационализатор, инженер, конструктор, мутахассис, тадбиркор, ишбилармон, фермер хотин-қизлар ҳамда маҳаллий кенгашларга сайланган депутат аёллар иштирок этишди.

– Бугунги семинарга “Зайтун навларининг ўсиши, ривожланиши, ҳосилдорлиги ҳамда кўпайтириш усулларини ишлаб чиқишни Фарғона водийси шароитида илмий асослаш” мавзусидаги илмий ишимни тақдим этдим, – дейди тадқиқотчи Ҳавасхон Йўлдошева. – Ҳозирда вилоятимизда Туркия ва Италиядан келтирилган зайтун нави намуналарини мослаштириш бўйича иш олиб боряпман.

Тақдим этилган лойиҳалар йиғилганларнинг эътиборини қозонди. Моҳичеҳра Ҳамидова Олтинкўл тумани саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси. Унинг “Ўзбекистонда цитрус меваларнинг етиштирилиши” мавзусида олиб бораётган иши бугунданоқ натижа бермоқда.

Хуршидахон ХАЛИЛОВА,

O‘zLiDeP Андижон вилоят

Кенгаши раиси

ўринбосари