Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Қонун ҳам, қарор ҳам ижроси билан гўзал-да!

Қонун ҳам, қарор ҳам  ижроси билан гўзал-да! Гулнорахон ҚОДИРОВА,
халқ депутатлари

Андижон шаҳар Кенгаши депутати:
Жамоатчилик фикри айрим мутасаддиларни қизиқтирмайдими?
Жорий йилнинг 9 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Орадан бир ой ўтиб, 10 майдан куннинг ёруғ вақтида барча автотранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши жорий қилинди. Буни янги тартиб сифатида қайд этдилар. Ҳатто бу вазифа бажарилмаса, энг кам ойлик иш ҳақининг ярим баравари, яъни 101 минг 365 сўм миқдорида жарима ҳам белгиланди. Бу ҳолат анча вақтгача жамоатчилик муҳокамасига ва эътирозига сабаб бўлганини ойнаи жаҳон орқали ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам узоқ кузатдик.

Аксарият ҳайдовчилар, улар қаторида йўловчилар юртимизда кундуз кунлари ҳаво ҳароратининг сезиларли даражада юқорига кўтарилишини, айниқса, ёз фаслида бу ҳол жазирамага айланишини ҳисобга олиб, ушбу тартиб кўнгилсизликларга сабаб бўлишини таъкидладилар. Мутахассисларнинг фикрича, кўча ва йўлларимизда юрган автомашиналар ташқи иссиқ ҳароратдан ҳимоялайдиган “диод” қопламига эга эмас. Шунинг учун симлар эриб, турли нохушликлар келиб чиқиш эҳтимоли юқори. Машиналарга мана шундай қопламаларни алоҳида қўйиш керак. Албатта, бу ҳайдовчилар учун қўшимча харажат. Уларнинг фикрича, яна бир жиҳатга, яъни машина аккумулятори 25-30 дақиқанинг ичида ишдан чиқишини ҳам эътибордан қочирмаслик зарур.

Хориж тажрибасини қўллаш, евростандарт жорий этиш яхши. Аммо шароитни, иқлимни ҳам ҳисобга олиш керак эмасми? Бизнинг табиатимизда кеча ва кундузнинг асосий қисми ёруғ вақтга тўғри келади. Қолаверса, ёз фаслида ҳароратнинг ўта юқори маҳали чироқларнинг ёқиб юрилишига мос автомобиллар ишлаб чиқариляптими? Билишимча, Молдовада мазкур тартиб фақат қиш мавсумида амалга киритиларкан.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасига ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима белгилаш бўйича 2016 йил 23 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни таҳриридаги диспозицияси депутатлар томонидан маъқулланиб, қабул қилинган эди. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Йўл ҳаракати қоидаларининг 138-бандига киритилган “Куннинг ёруғ вақтида барча автотранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт” деган ўзгартиш юқоридаги қонуннинг тегишли қисми концепциясига мос келмайди.

Амалиётга мос равишда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши ва билдирилган таклифлар асосида такомиллаштирилиши керак. Биз ҳуқуқий давлат қуриш жараёнида каттаю кичик жиҳатларга баравар ёндашмоғимиз зарур. Агар бирор ҳужжатда жамоатчилик фикри инобатга олинмаса, мана шундай муҳокамалар тўхтамаслиги мумкинлиги кўриниб турибди. Бу эса турли қарама-қарши фикрлар уйғонишига сабаб бўлади. Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган қарорида асосий мақсад аслида ҳайдовчи ва пиёдаларнинг хавфсизлигини таъминлаш назарда тутилганлигидан ҳеч ким кўз юммайди, албатта.

Саидолим ТЎРАХЎЖАЕВ,
Андижон вилоят агроинспекциянинг
жамоатчилик билан алоқалар, ҳуқуқий
ахборот бўлими бошлиғи, O‘zLiDeP фаоли:
Ўзбошимчаликка чек қўйиш вақти келди, аммо буни
айрим фермерлар ҳис қилмаяптилар...
Маълумки, кейинги вақтда ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан айрим қонунбузилиши ҳолатлари тез-тез содир этилмоқда. Бундай ўзбошимчалик ва бепарволикка шарт-шароит яратиб бўлмайди. Қонунчиликдаги ушбу бўшлиқдан аксарият ҳолларда фермер хўжаликлари раҳбарлари “унумли” фойдаланиб қолмоқдалар, гўёки мутасаддиларнинг “кўзи кўрмайди”.

Жорий йилнинг 4 март куни Президентимиз имзолаган “Ер тўғрисида”ги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун бу йўналишдаги ишларни тартибга солишга хизмат қилмоқда. Бу борада Жиноят кодекси ердан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатлар аниқ акс этган янги – 191-1 модда билан тўлдирилди. Унда белгиланганидек, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи жавобгар ҳисобланади.

Оптималлаштириш, яъни мақбуллаштириш жараёни айни ҳолатларга чек қўйиш учун муҳим қадам бўлди. Бугун айрим ер эгаларининг ерини олиб қўйилгани тўғрисидаги иддаоларига дуч келишга кўникдик. Ўрганишлар эса асосий сабабни топишга хизмат қилди. Уч йил давомида контрактация шартномаларини бажара олмаган, ер майдонининг бир қисмига бошқа экинлар экиб олган, агротехник тадбирлар бажарилишига лоқайд қараган, ачинарлиси, ер майдонидан унумли фойдаланиш ўрнига иморат қуриб олган ўзбошимча ер эгалари энди “уйғониш”га мажбур. Ҳеч қурса, жавобгарликдан қўрқиб, ўзларига берилган имконият ва шароитлардан самарали фойдаланар...

Юқоридаги каби ҳолатлар фермерларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга эҳтиёж сезилаётганини ҳам кўрсатмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонидан келиб чиқиб, ер майдонларидан самарасиз фойдаланган, қишлоқ хўжалиги экинларини тўла экмаган, агротехник тадбирларни вақтида амалга оширмаган ер эгаларига нисбатан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларининг бекор қилиниши жавобгарлик чоралари белгиланган.

Албатта, ер тўкинликнинг, фаровонликнинг асоси. Унга астойдил парвариш, меҳр керак. Ерни алдаганни бугун қонунчилик тамойиллари ҳам кечирмайди.

“XXI asr” мухбири
Зилола Раҳмонова ёзиб олди.