Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ келгусида фуқароларимизнинг, хусусан, тадбиркор ва фермерларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига хизмат қилади

ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ келгусида фуқароларимизнинг, хусусан, тадбиркор ва фермерларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига хизмат қилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Дастлаб мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётига оид муҳим тадбирларни аҳамияти хусусида сўз юритилди. Сўнгра бир қатор қонун лойиҳалари депутатлар томонидан кўриб чиқилди. Қизғин баҳс-мунозараларда муҳокама этилган масалалар юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилди.
 
БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛЛАРИ
 
Ойбек ЖУМАЕВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари ўринбосари:

– Барчамиз кўриб, кузатиб турибмизки, жорий йил Ватанимиз сиёсий-маданий ҳаё­тида алоҳида таъкидлашга арзигулик қувонч­ли воқеаларга бой бўлмоқда. Биргина ўтган ҳафтанинг ўзида атоқли давлат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги Жиззах шаҳрида катта тантанага айланиб кетди. Ушбу маросимда Президентимиз иштирок этиб, нутқ сўзлади. Шунинг­дек, Самарқандда 10-11 ноябрь кунлари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан БМТ шафелигида “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуида ҳалқаро конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда юртбошимиз нутқ сўзлаб, минтақамизда тинчлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик муҳитини қарор топтиришнинг аҳамияти нечоғлик муҳим эканини яна бир карра таъкид­лади. Сир эмаски, бугунги кунда минтақанинг барча мамлакатлари терроризм, диний экстремизм, трансмиллий жиноятчилик ва наркотрафик каби таҳдидларга дуч келмоқда. Ушбу таҳдидларга қарши самарали курашишни фақат биргаликда, минтақа мамлакатлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик механизмлари доирасида таъминлаш мумкин. Юртбошимиз мазкур анжуманда хавфсизликка таҳдидларни “ўзиники ва ўзгаларники” деб ажратишдан воз кечиш, “яхлит хавфсизлик” тамойилига амалда риоя қилиш зарур, деган қатъий фикрни баён қилди.
Маърузада алоҳида таъкидлаб ўтилганидек, бизнинг бош мақсадимиз – умумий саъй-ҳаракатларимиз билан Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришдан иборат. Албатта ушбу мақсадга эришиш учун минтақадаги барча давлатлар турли низоларни қўзғайдиган ва унга кўмаклашадиган сабаб ва омилларга биргаликда барҳам бермоғи, умумминтақавий устувор манфаатларни инобатга олиш асосида миллий ривожланишни таъминламоғи зарур. Бунинг учун давлатларимиз айнан яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойиллари асосида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда, хавфсизлик ва барқарорлик масалаларида ўз салоҳиятини янада самарали амалга оширишга қаратилган изчил қадамлар ташлаши зарур.
 
ХУСУСИЙ БИЗНЕС:
ҚОҒОЗБОЗЛИКСИЗ ВА САРСОНГАРЧИЛИКСИЗ
 
Йиғилиш кун тартибига кўра бир нечта қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Айниқса, биринчи ўқишда муҳокамага қўйилган
“Ўзбекистон Респуб­ликасининг айрим қонун ҳужжатларига  ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
 
 
 
Соҳибжон Исмоилов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:
 
– Тараққиётнинг ҳозирги босқичи бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш масалаларида шаклланган ёндашувларни қайтадан кўриб чиқиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишнинг янги тизими яратилишини тақозо этмоқда. Хусусий бизнесни бош­лашда юзага келаётган муаммоларни ортиқча сарсонгарчиликсиз ва қоғозбоз­ликсиз тезкор ҳал этишга хизмат қиладиган бозор инфратузилмаси барқарор ишлаши ва янада ривожланиши учун уни мувофиқлаштирувчи амалий механизмнинг самарали тизимини яратиш зарур. Бу эса мақоми, фаолият йўналиши ва кўлами, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча тадбиркорлик субъектларини бирлаштирувчи нодав­лат нотижорат ташкилот ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг вазифалари, фаолият йўналишлари ва ваколатларини тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Қонун лойиҳасида давлат органларининг ваколатли шахслари қарорлари, ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоятлар бўйича тадбиркорлик субъектлари номидан суд жараёнининг исталган босқичида иштирок этиш, шунингдек, шикоят ва аризалар билан бир қаторда апелляция, кассация шикоятлари, назорат тартибида рад этиш тўғрисидаги хатларни тақдим этиш ҳуқуқини Савдо-саноат палатасига бериш мақсадида амалдаги қонунчиликка бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилди. Жумладан, Хўжалик процессуал кодексининг 44-моддасини янги таҳрирда баён этиш ва “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги қонунга тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга бевосита ёки билвосита таъсир қиладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари мажбурий равишда Савдо-саноат палатаси билан келишилиши тўғрисидаги меъёрни ифодалаган 251-моддани қабул қилиш таклиф этилмоқда. Лойиҳани тайёрлаш жараёнида хорижий мамлакатлар – Туркия, Россия Федерацияси, Беларус ва Қозоғистон Республикаларининг қонунчилиги ва таж­рибаси ўрганилди.
Асосий электорати тадбиркор ва фермерлардан иборат Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзолари лойиҳани биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан тасдиқлаб, бир овоздан маъқулладилар. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши бозор инфратузилмасининг барқарор ишлаши ва янада ривожлантирилишини мувофиқлаштириш, аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш ва соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этишнинг самарали тизимини шакллантиришга ёрдам беришини таъкидлаб ўтишди.
 
 
 ОТА-ОНАЛАР МАЖБУРИЯТИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИЛИШИ  КЕРАК!

Депутатлар муҳокамасига қўйилган навбатдаги қонун лойи­ҳаси ҳам бугунги кунда ўта долзарблиги, мамлакатимизнинг таянчи ва суянчи бўлган ёшлар масаласига тааллуқлилиги билан алоҳида диққатга сазовор.
Маълумки, республикамизда бепул таълим давлат томонидан кафолатланган бўлиб, давлат бюджетининг 34 фоизи ушбу йўналишга сарфланмоқда. Шундай экан, ота-оналар ҳам давлат олдидаги қонуний мажбуриятларини бажариши, ўз дилбандларининг таълим муассасасига бориши учун барча шарт-шароитларни яратиб бериши, жумладан, кийим-бош, ўқув анжомлари билан таъминлаши шарт.
 
 
Одинахон Жамолдинова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:
 
– “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилингач, уни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва тегишли вазирлик, ташкилотлар, таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида жойларда давра суҳбатлари ўтказдик. Шу билан бирга, ишчи гуруҳимиз томонидан вояга етмаганларнинг таълим муассасаларига қатнамаслик ҳолати ҳам ўрганилди. 2016-2017 ўқув йили якунлари бўйича 78 мингдан зиёд, шу ўқув йилининг биргина сентябрь ойида республика бўйича 14 мингга яқин ўқувчи сабабсиз ҳолда дарсга келмаган. Қолаверса, 263 нафар мактаб ўқувчиси, 1 000 нафардан ортиқ коллеж ўқувчилари чет элга чиқиб кетган. Албатта, 848 нафар ўқувчи уйидан чиқиб кетиб, ўқишга бормаётгани, 379 нафар ўқувчининг ота-она қаровисиз қолгани ёки айрим ҳолатларда турмушга чиққан қизларнинг таълим олишига тўсқинлик қилинаётгани барчани хавотирга солади.
Ота-оналарнинг айби билан ўз фарзандларининг таълим олишига тўсқинлик қилиш ҳолати ўтган ўқув йили якунида 881 тани ташкил этган бўлса, сентябрь ойининг ўзида яна 19 та шундай ҳолат кузатилди. Ота-оналар билан тушунтириш ишлари олиб борилиши натижасида 17 минг 141 нафар йигит-қиз таълимга қайтарилган, 555 та вояга етмаганлар эса чет элдан оиласи бағрига қайтган. Сир эмас, жойларда оилавий шароит сабабли ўқишга бора олмаётган ва ишлаётган ўқувчилар (1 804 нафар) ҳам бор...
Аниқланган ҳолатлар бўйича ўз мажбуриятини бажармаган ота-оналарнинг бор-йўғи 10 фоизига нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган, холос. Лекин шуни алоҳида таъкидлаш керакки, сўнгги икки йилда маъмурий жавобгарликка тортилгандан кейин 339 нафар ота-­она шундай ҳуқуқбузарликни бир йил давомида қайта содир этган.  Ушбу ҳолатлар, вояга етмаган болаларнинг таълим-тарбияси билан шуғулланишда ота-оналарнинг ёки улар ўрнини босувчи шахсларнинг фарзанд­лари олдидаги масъулиятини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда такрорий ҳуқуқбузарлик учун оғирроқ маъмурий жарима қўллаш, 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини белгилаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасини қўшимча нормалар билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Бу эса келгусида ота-оналарнинг фарзандлари олдидаги мажбурияти янада ошиши, ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олди олинишига хизмат қилади.
Шу куни фракция йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Жамоатчилик назорати тўғрисида” ва “Келажак бунёдкори” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди ва маъқулланди. Таклиф этилаётган қонун лойиҳалари долзарблиги, амалдаги қонунчилигимизда уларга эҳтиёж борлиги ва, энг асосийси, фуқароларимиз, тадбиркор ва фермерларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
 
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
“XXI asr” мухбири
 
Солижон ЗОИРОВ олган суратлар.