Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этувчи масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилиш “Ўзбекистон Республикаси “Ўрмон тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишдан бошланди. Фракциянинг аввалги йиғилишларида ушбу қонун лойиҳаси депутатларимиз томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Уни ишлаб чиқиш ташаббусини Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи, шу жумладан, O‘zLiDeP фракцияси депутатлари ­З. Ханиязов ҳамда А. Матякубов илгари сурган эди. Таъкидлаб ўтилдики, парламент қуйи палатасида кўриб чиқиш учун тайёрлаш жараёнида қонун лойиҳаси тегишли вазирлик ҳамда идораларга, нодавлат нотижорат ташкилотларга юборилди. Бундан ташқари, лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун парламент қуйи палатасининг parliament.gov.uz веб-сайтига, шунингдек Экоҳаракатнинг eco.uz веб-сайтига, facebook.com ижтимоий тармоғига жойлаштирилди. Натижада қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш мақсадида тақдим этилган 250 дан зиёд таклиф ва тавсияларнинг 18 таси қабул қилиниб, лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ўз аксини топди.
Қонун лойиҳасида ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг мақсади, асосий йўналишлари аниқлаштирилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ушбу соҳадаги ваколатларига тааллуқли модда киритилмоқда.
– Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ўрмон бойлик­ларидан оқилона ва эҳтиёткорона фойдаланишга, шунингдек, ўрмон фонди ҳамда муҳофаза этиладиган ҳудудларни самарали бошқариш, ўрмон экинларини кўпайтириш, муҳофаза қилишга имкон беради, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Зафар Ханиязов.
Фракция аъзолари “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.
– Ушбу лойиҳада “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, янги таҳририни тасдиқлаш таклиф этилмоқда, – деди парламент қуйи палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Шуҳрат Бафаев. – Давлат мукофоти тушунчаси аниқлаштирилмоқда, давлат мукофотлари Ўзбекис­тон Республикаси қонунлари билан таъсис этилиши белгиланмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чет эл давлат мукофотлари билан ҳам тақдирланиши мумкинлиги белгиланган. Шунингдек, давлат мукофотлари ва давлат унвонларининг турлари ҳам назарда тутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссия зиммасига давлатимиз раҳбарининг давлат мукофотлари билан тақдирлаш масалаларини ҳал этиш билан боғлиқ конституциявий ваколатлари амалга оширилишини таъминлашга доир вазифа юклатилган ҳолда ҳуқуқий мақоми мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Давлат мукофотлари ҳисобланмайдиган мукофотлар, эсдалик ва кўкрак нишонларини таъсис этиш масалалари тартибга солинмоқда.
Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари, жумладан, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Абдуллажон Ҳамроқулов томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида тайёрланган ва муҳокамага киритилган “Парламент назорати такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Парламент назорати соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётининг, миллий қонунчилик ва хорижий тажрибанинг таҳлили, шунингдек, эксперт олимларнинг ишларини ўрганиш натижалари парламент назоратининг нафақат давлат органларини, балки хўжалик бошқаруви органларини ҳам қамраб олиши қонун ҳужжатларининг самарали амалга оширилишини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш борасида парламентнинг роли ва ўрнини кучайтиришнинг самарали воситаси эканлигини кўрсатмоқда. Айрим мамлакатларда парламент назоратини амалга ошириш соҳасига хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ҳам киради. Франция қонунчилигида парламентнинг ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳам, маҳаллийлаштирилган корхоналарнинг ҳам фаолиятини, шунингдек, давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган корхоналар фаолиятини назорат қилиш ҳуқуқи белгиланган.
Йиғилиш давомида ривожланган давлатлар тажрибаси асосида миллий қонунчилигимизга Қонунчилик палатасидаги “ҳукумат соати” институтининг жорий этилиши парламент назоратини амалга ошириш борасида қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятнинг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштиришга, шунингдек, ҳукумат аъзоларининг парламент олдидаги масъулиятини кучайтиришга имкон берувчи қўшимча механизмларни назарда тутишга хизмат қилиши фракция аъзолари томонидан алоҳида таъкидланди. Шунингдек, ҳокимларнинг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари бўйича ҳисоботини Олий Мажлис Сенати йиғилишида эшитишни қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйиш талаб этилади.
“Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу лойиҳа ўсимликлар карантини соҳасидаги давлат бошқарувини такомиллаштиришга, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси мақомини ва карантин хизмати тизимига юклатилган вазифаларни белгилашга қаратилган. Лойиҳани ишлаб чиқиш чоғида, депутатлар таъкидлаганларидек, Россия, АҚШ, Хитой, Украина, Беларусь ва Европа Иттифоқи давлатларининг ўсимликлар карантини соҳасидаги қонун ҳужжатлари ўрганилди. Хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, импорт ва экспорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари бажариши лозим бўлган карантинга оид талаб ва нормалар қайта кўрилди, ўсимликлар карантини бўйича давлат инспекторларининг вазифалари аниқлаштирилди, хусусан, мониторингни амалга ошириш тартиби белгиланди. Қолаверса, мониторинг натижаларига кўра, карантиндаги зарарли организмларнинг тарқалиш хавфи пайдо бўлганида тегишли чоралар кўриш имкониятини берадиган, республика ҳудудининг карантинга оид фитосанитария ҳолати тўғрисидаги ҳар йилги маърузани эълон қилиш назарда тутилмоқда.
– Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ўсимликлар карантини соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш механизмини такомиллаштиришга хизмат қилади, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракция­си аъзоси Рустамжон Қобилов. – Шунингдек, карантин хизмати фаолиятига замонавий хорижий технологиялар ва иш услубларини жорий этиш, шунингдек, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси масъул ходимларининг вазифаларини аниқ белгилаш имконини беради.
Фракция аъзолари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Мазкур қонун лойиҳаси рақобатни чекловчи келишилган ҳаракат ва битимларни аниқлаш механизмини такомиллаштиришга, тадбиркорлик субъектлари томонидан монополияга қарши орган билан бирга акцияларни олиш чоғида келишиш тартибини соддалаштиришга, асосий жамиятнинг устав капиталида шўъба ва қарам хўжалиги жамиятларининг, шунингдек, унитар корхоналарнинг иштирокига оид тақиқни белгилаш орқали юз бериши мумкин бўлган манфаатлар тўқнашувини бартараф этишга ва шу каби бошқа масалаларга йўналтирилгани, шунингдек, рақобат ва корпоратив бошқарув соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Халқаро банкнинг “Doing business” индексида Ўзбекистоннинг рейтингини оширишга, шунингдек, рухсат этиш тартиб-таомилларининг амалдагиларини соддалаштиришга ва ортиқчаларини қисқартиришга имкон бериши таъкидланди.
Йиғилишда давомида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди ҳамда фракция аъзолари томонидан мазкур ҳужжатлар концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда маъқулланди. Фракция йиғилишида муҳокама қилинган барча қонун лойиҳалари партиянинг сайловолди платформасида назарда тутилган йўналишларга мослиги билан алоҳида аҳамиятга эга.
 
Ўз мухбиримиз