Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ ҚИЗҒИН МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ ҚИЗҒИН МУҲОКАМА ЭТИЛДИ
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Парламент қуйи палатаси депутати, ушбу фракция раҳбари ўринбосари Ойбек Жумаев бошқарган йиғилишда ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этувчи бир қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
 
Дастлаб фракция аъзолари биринчи ўқишга киритилган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг мақсад ва зарурияти ҳақида атрофлича сўз юритишди.
– Конституциямизнинг 2-моддасига мувофиқ, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси Жаҳонгир Ширинов. – 19-моддасида эса Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқлиги қайд этилган. Бош Қомусимизда бундай нормаларнинг мустаҳкамлангани давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб боришга қодир фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга оид қонунчилик тизимининг шаклланишига замин яратди.
 
– Жамоатчилик назорати фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши ҳамда қонун ҳужжатлари талабларига давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан оғишмай риоя этилиши, уларнинг олдида турган вазифалар самарали амалга оширилишини таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Ойбек Эгамов. – Мамлакатимизда жамоатчилик назоратини олиб боришга қаратилган норматив-ҳуқуқий база шакллантирилган бўлиб, тизимли равишда такомиллаштирилмоқда. Айни пайтда миллий давлатчилик ҳамда жамиятни демократлаштириш ва эркинлаштириш жараёнининг босқичма-босқич ривожланиб бориши самараси ўлароқ фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ортмоқда. Бу эса жамоатчилик назорати бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, энг юқори поғонада мус­таҳкамлашни талаб этмоқда.
“Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуннинг кучга кириши соҳадаги қонунчиликни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, мавжуд бўшлиқларни бартараф этиш ҳамда фуқароларимизнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Депутатлар кун тартибидаги иккинчи масалани кўриб чиқишга ўтишди. “Ўзбекистон Респуб­ликасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Жиноят процессуал кодексининг 211-моддаси (Жиноят ишини юритиш тамом бўлгани муносабати билан ашёвий далиллар тўғрисида қабул қилинадиган қарорлар) ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 27-моддаси (Мусодара қилиш)га ўзгартиш­лар киритиш назарда тутилаётгани таъкидланди.
– Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг дастурида партиянинг қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш борасидаги вазифалари алоҳида мустаҳкамлаб қўйилган. Партиямиз мулкдорлар, тадбиркорлар, фермер ва ишбилармонлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминловчи қонунчилик меъёрлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектлари юридик жавобгарлик тизимини либераллаштиришни илгари суради. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса бизнинг ана шу мақсад ва вазифаларимизга ҳамоҳанглиги, электоратимиз вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Мавлуда Хўжаева.
 
– Чунки мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, биринчидан, хусусий мулк кафолатларини таъминлаш ҳамда уни ҳимоя қилишни кучайтиради, иккинчидан, жиноят иштирокчиси бўлмаган шахсларнинг жиноят содир этишда фойдаланилган мол-мулкини мусодара қилишнинг олдини олади, учинчидан, фуқароларнинг мулк ҳуқуқи тўлақонли ҳимоя қилинишини таъминлайди.
Фракция йиғилишида, айниқса, “Ўзбекис­тон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бевосита партия электорати манфаатларига дахлдорлиги боис қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Депутатлар қонун лойиҳасига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга тўхталиб, тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ажратилган ер участкаларида лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда, агар қурилишнинг норматив муддати белгиланмаган бўлса, қурилиш бошланганидан эътиборан йигирма тўрт ой ичида қурилиши тугалланмаган объектлар учун ер ва мол-мулк солиғи белгиланган ставканинг уч баравари миқдорида тўланиши каби нормаларнинг киритилаётганига эътибор қаратишди.
– Қурилиши тугалланган объектларда товар ва хизматлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича тадбиркорлик субъектлари томонидан олинган мажбуриятлар ўн икки ой ичида бажарилмаган ҳолларда мол-мулк солиғини уч баравари миқдорида қўллаш назарда тутилмоқда, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Исломжон Зокиров.
 
– Қонунан белгиланган муддатни жорий этиш тадбиркорлик субъектларининг кредит олиш, технологияларни ўрнатиш ва ишлаб чиқариш жараёнини юритиш ишлари билан боғлиқ хавфларни бартараф этишга қаратилган. Солиқ кодексига киритилиши назарда тутилган ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ажратилган ер участкаларида ижтимоий ва инвестициявий мажбуриятларни ўз муддатида бажариш ва қурилишларни амалга оширишни белгилайди. Ер участкаларидан оқилона фойдаланиш, зарур инвестициялар киритиш, замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, янги иш жойлари яратиш ҳамда ер участкаси бўйича қурилиш ишларини муддатида бажаришга асос бўлади. Бинобарин, ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар O‘zLiDeP дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади.
Фракция аъзолари, шунингдек, йиғилиш кун тартибига киритилган бошқа қонун ва қарор лойиҳаларини ҳам атрофлича кўриб чиқишди. Йиғилиш якунида барча масалалар юзасидан O‘zLiDeP фракциясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
 
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
“XXI asr” мухбири