Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Қонунчилигимизда ёлғон хабар тарқатганлик учун жавобгарлик акс этганми?

Қонунчилигимизда ёлғон хабар тарқатганлик учун жавобгарлик акс этганми?

Бугунги кунда жаҳон аҳолисининг катта қисми интернет тармоғидан кенг фойдаланади. “Smart Insights” компанияси томонидан ўтказилган “Global Social Media Research Summary — 2018” тадқиқоти натижаларига кўра, ўтган йили интернет фойдаланувчилари сони 4,021 млрд. (дунё аҳолисининг 53 фоизи) кишига етган. Бу 2017 йилга нисбатан 7 фоиз кўп, дегани.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари сони эса 3,196 млрд. кишини (дунё аҳолисининг 42 фоизи) ташкил қилган бўлиб, бу кўрсаткич 2017 йил билан таққослаганда 13 фоизга юқоридир. Дунё аҳолиси сони 7,5 млллиарддан ортгани ҳисобга олинса, ушбу кўрсаткичлар интернет ва ундаги ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари сони йилдан-йилга ошиб бораётганини билдиради.

Албатта, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали янги дўстлар орттирилади, ўзаро алоқалар мустаҳкамланади, уйдан ёки офисдан чиқмай туриб харидлар қилинади, маҳсулот нархлари, хуллас, барча янгиликдан сониялар ичида хабардор бўлиш имконияти мавжуд.

Аммо масаланинг бошқа жиҳатлари ҳам борки, буни асло ёддан чиқармаслик керак. Мисол учун, тадқиқотларда аён бўлмоқдаки, интернетда, хусусан, ижтимой тармоқларда ҳар куни миллионлаб ёлғон хабарлар тарқатилмоқда. Уларнинг оқибатлари ҳам турлича. Баъзилари ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаса-да, айримлари ишонарлилиги билан кишини ташвишга солиб қўяди. Шу боис  дунё давлатлари интернетда тарқатилаётган ёлғон хабарларга қарши курашиш, уларнинг салбий оқибатларини бартараф этиш юзасидан ўз қарашларини илгари сурмоқда.

Жумладан, Францияда ёлғон хабар тарқатаётган оммавий ахборот воситаларига нисбатан таъсир чораларини қўллашни назарда тутувчи қонун қабул қилиниши эълон қилинди. Жамоатчилик фикрини бошқаришга оид ахборотлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган ушбу ташаббус мухолифатнинг кўплаб эътирозларига дуч келди.

Шунга қарамай, Франция Парламенти қуйи палатаси – Миллий Мажлис “Ёлғон хабарга қарши кураш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллади. Агар мазкур ҳужжат кучга кирса, француз судлари оммавий ахборот воситасини уларнинг ишончлилиги бўйича келиб тушган шикоятга кўра блоклаб қўйиш ваколатига эга бўлади ва 48 соат ичида ахборотнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини аниқлайди. Бундан ташқари ОАВ бўйича ваколатли орган хорижий давлатлар томонидан молиялаштириладиган телевизион каналлар, радиостанцияларни улар томонидан мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга бўлган уринишлар бўлган тақдирда блоклаб қўйиш ҳуқуқига эга бўлади.

Россия Федерацияси Федерал Мажлиси қуйи палатаси – Давлат Думаси томонидан ҳам жорий йилнинг январ ойидан бошлаб ёлғон хабарга қарши курашиш мақсадида “Ахборот, ахборот технологиялари ва ахборот ҳимояси тўғрисида”ги ҳамда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Федерал қонунларга ўзгартишлар киритиш устида иш олиб борилмоқда. Бу борада маълум натижаларга эришилди ҳам. 2019 йил 13 март куни юқори Федерация Кенгаши ёлғон хабарлар тарқатган ресурсларни блоклаш ва жазолаш кўзда тутилган қонун лойиҳасини маъқуллади. 29 мартдан бошлаб “Ёлғон хабарларни тарқатганлик учун жавобгарлик тўғрисида”ги Қонун кучга кирди.  Қонунда ёлғон хабар тарқатишда айбдор деб топилган шахсларга 30 минг рублдан 100 минг рублгача жарима жазоси белгиланади. Такрорий ҳуқуқбузарлик учун 100 минг рублдан 300 минг рублгача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси тайинланади. Агар хабар шахс, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказган бўлса, жарима суммаси 300 минг рублдан 600 минг рублгача бўлган миқдорни ташкил этади.

Шунингдек, қонунда юридик шахслар учун ҳам жавобгарлик белгиланган бўлиб, улар учун жарима суммаси 200 минг рублдан 1,5 миллион рублгача бўлган миқдорда белгиланган.

Хўш, Ўзбекистонда бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Интернетдаги фейклар, ёлғон хабарлар тарқатганлик учун жавобгарлик муайян бир қонунлар билан белгиланганми?

Афсуски, қонунчилигимизда интернетда тарқалувчи ёлғон хабарларга қарши алоҳида қонун ҳужжати мавжуд эмас. Лекин ахборот, ахборотлаштириш ва реклама соҳаларини, оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи бир қатор қонун ҳужжатлари бор. Шу сабабли ўрганилган хориж давлатлари тажрибасидан келиб чиққан ҳолда мавжуд қонунчиликка ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш йўли билан мавжуд ҳуқуқий бўшлиқларини бартараф этиш мумкин.

Мисол учун, аҳоли ўртасида ваҳима, қўрқув ва давлатга қарши норозилик кайфиятини уйғотиш мақсадида ҳалокатлар (табиий ёки бошқа турдаги) ёлғон ахборот тарқатганлик, аҳоли ўртасида ваҳима уйғотиш учун аслида содир бўлган фожиалар тўғрисида нотўғри ва тасдиқланмаган ахборот тарқатганлик, ҳодиса айбдорлари тўғрисида ёлғон факторларни маълум қилиш, масалан, аслида умуман ҳодисага алоқадор бўлмаган шахсларни ҳодиса иштирокчиси, ҳодиса айбдори сифатида кўрсатганлик учун жавобгарлик масалалари қонунчиликда баён этилмаган. Қолаверса, ёлғон хабарларга қарши курашишда давлат ва нодавлат ташкилотлари, умуман, аҳоли барча қатламининг ўрни катта.

Яқинда хорижий нашрларда пойтахт Тошкентда 30 мингдан ортиқ уйлар ноқонуний бузилаётгани ҳақидаги асоссиз маълумот эълон қилинган ва уни миллиондан ортиқ фойдаланувчилар кузатганлар. Буни рад этувчи жавоб хабар эълон қилинганидан икки кун ўтиб эълон қилинган.

Мазкур ҳолат ёлғон ахборот қанчалик тез тарқалса, ҳақиқий ҳолат тўғрисида ахборот ҳам шунчалик тез эълон қилиниши лозимлигини кўрсатади. Акс ҳолда, ёлғон ахборот кўплаб кишилар онгига ўрнашишга улгуради. Натижада, ҳақиқий ахборотнинг қабул қилиниши ва тарқалиши қийинлашади, чунки бунгача кишилар ёлғон ахборотга асосланиб, тегишли хулосалар чиқариб бўлишади.

Шу нуқтаи назардан, 1997 йилда қабул қилинган “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги Қонунга табиий офатлар, содир бўлган бахтсиз ҳодисалар тўғрисида тезкорлик билан ҳодиса бўйича қилинган дастлабки хулоса ва тахминларни ваколатли орган сўров келиб тушмасдан эълон қилиши лозимлиги тўғрисидаги нормани киритиш мақсадга мувофиқ.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ёлғон ахборотга қарши курашиш бўйича алоҳида қонун ҳужжатини ишлаб чиқиш эмас, балки мавжудларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозим. Хусусан, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунда шахслар қатори ёлғон маълумотларни тарқатган оммавий ахборот воситасига ушбу фактни ОАВнинг ўзи аниқлаган ҳолларда ўз ташаббусига кўра ахборот бўйича раддия бериш ҳуқуқини бериш, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга белгиланган тартибда ёлғон маълумотларни била туриб тарқатганлик учун жавобгарлик масаласини киритиш керак.

Албатта, буларнинг барчаси ёлғон хабарлар тарқалишининг олдини олишга, энг муҳими, ахборотларнинг ишончлилигини кафолатлашга хизмат қилади. 

 

Нурбек ТОШКАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти катта маслаҳатчиси