Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Қонуннинг янги таҳрири соҳага янгича қараш демакдир

Қонуннинг янги таҳрири соҳага янгича қараш демакдир

Исломжон ЗОКИРОВ,

Олий Мажлис

Қонунчилик палатасидаги 
O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 5 январда “Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилиниб, уни иккинчи ўқишга тайёрлаш ва маромига етказиш бўйича ишчи гуруҳи томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жараён билан яқиндан танишиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, фракциямиз аъзоси Исломжон Зокировга бир нечта саволлар билан мурожаат этдик.

                – Биламизки, қонун қабул қилиш жараёни ва уни амалиётга татбиқ этиш учун маълум фурсат керак. Шу маънода қонунни янги таҳрирда қабул қилишнинг зарурати нималарда кўринади?

 

              – Аҳоли сонининг йилдан-йилга ортиб бориши, мамлакат иқтисодий тараққиётини таъминлаш, ўз навбатида, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи доимий диққат марказимизда бўлишини тақозо этади. Қолаверса, замон шиддат билан ўзгаряпти, қишлоқ хўжалиги тармоқларида ҳам бундан 20-30 йил аввалги қарашлар ҳозирга тўғри келмайди. Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилганидек, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш орқали мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қолаверса, экспорт салоҳиятини ошириш билан иқтисодиёт барқарорлигига хизмат қилиш муҳим вазифалардан биридир. Бу эса қишлоқ хўжалик экинлари етиштириш агротехнологиясини тизимли ривож­лантириш заруратини туғдиради. Чунки соҳага доир амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатлари бундан қарийб йигирма йил аввал, ўша давр талабидан келиб чиқиб ишланган.

              Қонунчилик палатасидаги Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан 2016 йилда ушбу қонуннинг ижроси назорат таҳлил тартибида жойларда ўрганилганда ҳам, унинг нормалари амалиётда тўлиқ ишламаётгани, ҳаволаки нормалар ва бўшлиқларнинг кўплиги янги таҳрирда қабул қилиш зарурлигини кўрсатди. Демак, энди соҳага замон талабидан келиб чиқиб қараш, яъни мутасадди вакиллар билан эмас, балки комплекс ёндашув керак. Шундай экан, соҳа вакиллари билан бир қаторда, маҳаллий ҳокимликлар, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, фуқаролар ҳам бирдек масъуллигини қонун билан белгилаш вақти етди. Айниқса, мазкур соҳа учун Президентимизнинг алоҳида фармон ва қарорлари ҳам қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, сақлаш, реализация қилиш борасида ягона тизим яратиш мақсадлари илгари сурилган.

            – Амалдаги қонун билан бугун тақдим этилаётган лойиҳа ўртасида жиддий  фарқ борми? Унга қандай қўшимчалар, ўзгаришлар киритилган?

               Қонунчилик амалиётида, амалдаги қонуннинг 30 фоизи ва ундан ортиқ қисми ўзгарса, янги таҳрир ҳисобланади. Амалдаги қонун 28 моддадан, янги таҳрири эса 34 моддадан иборат. Қонун лойиҳаси 5 бобга ажратилган. Илгари ҳаволаки нормалар 8 та эди, улар қисқармоқда ва тўғридан-тўғри ишлайдиган механизмлар киритилмоқда. Бугун қонунчилик амалиётида айни соҳа доирасида давлат сиёсатининг йўналишлари белгилаб қўйилмоқда. Қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи – ўсимликларни ҳимоялашга бугун давлат сиёсати даражасида қаралаётгани асосий йўналишлар қонун даражасига кўтарилаётганидан далолат беради. Яъни, бундан буён ўсимликлар ҳимоясида ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва техник шарт-шароитлар яратиш, давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, бу борада белгиланган талабларга риоя этилишини давлат томонидан назорат қилиш, соҳадаги илмий ва амалий тадқиқотларни ривожлантириш, соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

                Бундан ташқари, таклиф этилаётган таҳрирда ваколатли органлар сони 10 та  – Вазирлар Маҳкамаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,  Давлат кимё комиссияси, Давлат санитария-эпидемиология хизмати, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, махсус ваколатли хўжалик бошқаруви ташкилоти, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидир.

              Қонун лойиҳасининг принципиал янгилиги – айнан қиш­лоқ хўжалиги ўсимликларини ҳимоялаш борасидаги муносабатларни тартибга солишга оид чегаравий нормаларнинг белгиланганидадир. Айниқса, жисмоний ва юридик шахсларнинг қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид бир қатор нормалар белгиланаётгани Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ  хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларнинг қонуний жиҳатдан мустаҳкамланиши, дейиш мумкин.

                Давлат кимё комиссияси эндиликда янада кенг кўламли фаолият олиб бориш ваколатига эга: рўйхатни юритади, илмий-техникавий ҳужжатларни экспертизадан ўтказади, агрокимёвий воситалар рўйхатига киритиш учун синовлар ташкил этади. Агрокимёвий воситаларнинг саломатлик ва атроф-муҳитга салбий таъсири аниқланганда белгиланган тартибда рўйхатдан чиқаради.

            – Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ўз ваколати доирасида давлат назоратини олиб боради. Янги таҳрирда бу борада қандай ўзгаришлар бор?

              – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси давлат назоратини олиб бориши, қишлоқ хўжалиги ўсимликларининг ташқи ва ички карантини бўйича тадбирларни амалга ошириши, қишлоқ хўжалиги ўсимликлари ва маҳсулотларининг фитосанитар ҳолатини назорат қилиши, ўсимлик карантин объектлари аниқланганда бошқа ҳудудларга тарқалишининг олдини олиш ва уларни йўқ қилиш бўйича профилактика чораларини ўз вақтида ташкил этиши, қишлоқ хўжалиги ўсимликларининг кўчатлари, уруғлари, фаолиятга доир маълумотларнинг марказлашган электрон базасини шакллантириши ва доимий юритишини ўз зиммасига олган.

             Қонун лойиҳасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатлари ҳам алоҳида белгиланган. Яна бир муҳим жиҳати, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар иштироки белгиланиб, жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича норма киритилмоқда.

            Амалдаги қонунда жисмоний ва юридик шахсларнинг мажбуриятлари белгиланган эди. Янги таҳрирда эса уларнинг ҳуқуқлари алоҳида киритилиши қонун устуворлигини таъминлаш билан бирга, фуқаролар манфаатларининг ҳуқуқий кафолатлари янада мустаҳкамланаётганидан нишонадир.

           – Бугун қонун ижодкорлигида жамоатчилик фикрини ўрганиш муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда мазкур қонун лойиҳаси муҳокамаси қандай кечмоқда?

            – Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда сиёсий партиялар томонидан, шунингдек, интернет тармоғи орқали кўплаб таклиф ва тавсиялар билдирилди. Айниқса, “Миллий тикланиш” ДП ҳамда O‘zLiDeP Сиёсий кенгашлари ва фракциялари томонидан ушбу қонунни такомиллаштириш бўйича мутахассислар ва амалиётчилар иштирокида алоҳида давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этилди. Қолаверса, палатадаги “Демок­ратик кучлар блоки” томонидан ҳам алоҳида муҳокама этилиб, юзга яқин таклифлар умумлаштирилган ҳолда ишчи гуруҳга тақдим этилди.

             Ишчи гуруҳининг таклиф ва тавсиялари алоҳида ўрганилиб, асосан уч гуруҳга ажратилди: такомиллаштириш учун айнан зарур бўлган таклифлар, қонуности ҳужжатларига тааллуқли таклифлар, бошқа қонун ва қонун­ости ҳужжатлари билан тартибга солинадиган таклиф ва тавсиялар. Қонун лойиҳасини такомиллаштириш асносида ушбу таклиф ва тавсияларни тегишли нормаларга сингдиришга ҳаракат қилинди. Масалан, ишлаб чиқарилган ёки олиб келинган кимёвий воситаларни рўйхатга олиш синовлари натижаларига доир хулосани тайёрлаш муддати олти ой эмас, балки уч ойгача камайтириш таклифи ижобий қабул қилинди. Бу эса мазкур соҳада фаолият юритувчи субъект­лар, айниқса, тадбиркорларга янада қулайлик яратиши, шубҳасиз.

             Таклифлар қаторида ўрмон фонди ерларига оид нормаларни ҳам киритиш масалалари илгари сурилган. Ушбу соҳани қамраб олувчи алоҳида “Ўрмон тўғрисида”ги қонун мавжуд бўлгани боис ушбу таклифлар маъқулланмади.

          – Мазкур қонуннинг амалий аҳамияти, яъни партиямиз электорати учун қандай манфаатли томонлари бор?

           – Давлат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш механизмини такомиллаштириш, шу турдаги дори воситаларининг инсон соғлиғига, атроф табиий муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш, қулай фитосанитар вазиятни таъминлаш, соҳадаги субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, шу орқали ўсимликларни ҳимоя қилиш тизими сифатини яхшилаш, қонунни қўллаш амалиётида юзага келаётган муаммоларни, қонун ҳужжатларида мавжуд бўшлиқларни бартараф этиш қонуннинг амалий аҳамиятини белгилайди.

             Янги таҳрирдаги қонуннинг тадбиркорлик соҳасига ҳам алоҳида аҳамиятли томонлари бор. Масалан, рўйхатга киритилган кимёвий воситаларни барча юридик ва жисмоний шахс­лар томонидан белгиланган тартиб асосида рес­публикага олиб кириш, сотиш ва сервис хизматлари кўрсатишига эркинлик берилмоқда. Шунингдек, бундан буён маҳаллий корхоналар техник шартлар асосида кимёвий воситаларни эркин ишлаб чиқариши, реализация ҳамда экспорт қилиши мумкин.

“XXI asr” мухбири

Олимжон ЖУМАБОЕВ суҳбатлашди.