Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Қўрғонтепада банк филиаллари ходимлари фаолияти талаб даражасида эмасми?

Қўрғонтепада банк филиаллари ходимлари фаолияти талаб даражасида эмасми?

  Қўрғонтепа тумани “Обод турмуш” маҳалласида истиқомат қилувчи Зулфияхон Мўйдинова тикувчилик ортидан бугун кўплаб шогирдлар орттирди. У эндиликда фаолиятини кенгайтириш мақсадида “Микрокредитбанк”нинг “Охунбобоев” филиалидан кредит маблағи олмоқчи. Аммо... ҳар сафар банк ходимларининг масъулларини тополмай халак бўлиб чарчади. O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши ташаббуси билан партия Қўрғонтепа туман Кенгаши томонидан ташкил этилган сайёр қабулда унинг ижро интизоми бўйича билдирган эътирозини жиддий эътибор ва назоратга олиш мазкур банк мутасаддиси зиммасига юклатилди.

 Мустақиллик, Деҳқонобод маҳаллалари фуқаролари Илхом Эгамбердиев, Иномжон Хожиматовлар ҳам ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича кредит олишда банк фаолиятидаги сансалорликка йўл қўйилаётганидан шикоят қилишди. Уларнинг мурожаатлари ҳам назоратга олинди. Банк мутасаддиси томонидан ходимларнинг ижро интизоми, фаолияти қайта кўриб чиқилишига ваъда берилди. 

 -Хонодонимдаги 2 сотих томоқамдан самарали фойдаланиш мақсадида лимонария ташкил қилиш ниятидаман, - деди Шижоат кўчасида яшовчи  Нозимжон Абдураҳимов. – Бироқ бу борада етарли кўникмаларга эга эмасман. Бугунги сайёр учрашувда ўз саволларимга атрофлича жавоб олиш билан бирга, туман фермерлар Кенгаши томонидан амалий кўмак берилишидан мамнун бўлдим.

 Юксалиш маҳалласи аҳли анчадан буён фарзандлари учун ҳудудга ўқув маркази кераклиги тўғрисида бир неча жойга мурожаат қилгандилар. Уларнинг муаммоси ечимини шу ҳудуднинг Тараккиёт кўчасида яшовчи тадбиркор Таваккалжон Юсупов зиммасига олганди. Бироқ тадбиркорнинг эзгу мақсади зарурий ҳужжатларни аллақачон туман “Қишлоққурилишбанк”ка топширганига қарамай кредит ололмаётгани сабабли амалга ошмаётганди. Тадбиркорнинг мурожаати “Қишлоққурилишбанк” туман филиали масъул ходими томонидан жойида кўриб чиқилиб,  шу куннинг ўзида ҳал этилди.

Олимжон ТАЛИПОВ,

O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари

билан ишлаш бўлими мудири