Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Қўшнига зиён берманг

Қўшнига зиён берманг

Савол: Ҳовлимдаги асосий иморатнинг ёнидан ошхона, ҳаммом, омборхона сингари қўшимча бинолар тиклаганман. Иншоотларнинг орқа девори қўшнимникига қараган. Қўшним биз учун умумий бўлган ана шу деворни сувоқдан чиқаришимни талаб қиляпти. Унинг талаби қанчалик асосли?

А. Қурбонов,
Бўка тумани

Жавоб: Конституциямизнинг 54-моддасида “Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахс­лар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт” деб белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Уй-жой кодексининг 11-моддасига кўра турар жой хусусий ёки давлат мулки бўлиши ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкчиликнинг бир шаклидан бошқа шаклига ўтиши мумкин. Фуқаролар, юридик шахслар ва давлат турар жойга бўлган мулк ҳуқуқининг субъектларидир. Турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи муддатсиз бўлиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг, давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаган ҳолда шахснинг ўзига тегишли турар-жойга ўз хоҳиши ва манфаатларига кўра эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқи бузилишини бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Турар-жойларнинг кўринишини ўзгартиришга, уларни қайта қуриш ёки бузишга маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли рухсатномаси бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Ушбу қонун талабларига кўра, сиз ўз ҳовлингизда қўшимча қурилишларни бажариш жараёнида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегиш­ли рухсатномасини олган-олмаганлигингиз текширилиши керак. Агарда тегишли рухсатномани олмасдан қўшимча қурилиш­лар қилган бўлсангиз бу қонун талабига зид равишда қурилган ҳисобланади.

Шунингдек, юқорида таъкидланганидек Конституциямизнинг 54-моддасига кўра, мулкдорнинг ўз мулкидан фойдаланиши фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.

Демак, қўшнингизнинг талаблари қонуний, шу боис қўшимча қурилган иморатнинг қўшни тарафга қараган қисмини суваб қўйсангиз мақсадга мувофиқ бўлади.