Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Қозоғистонга 100 минг долларлик майиз жўнатилади

Қозоғистонга 100 минг  долларлик майиз жўнатилади
Қўшработ боғларида етилган узумлардан тайёрланган майизлар етти иқлимга машҳур. Туманнинг Қўрғон маҳалласида умргузаронлик қилаётган Шокирхон Неъматов кўп йиллардан бери ана шу бебаҳо неъматни етиштиради. 
 
– Яқинда кенжа ўғлимиз Усмонхонни уйлантирдик, – дейди миришкор. – Уй-жой билан қўшиб “Қўрғон жилваси” фермер хўжалигини ҳам унга топширдим. Эндиликда кичик корхонамизда таъсисчи сифатида ишлаяпман. Хўжалигимиз 27 гектардан иборат. Узумзорларимиз 10 гектарни ташкил этади. Қолгани сабзавот ва ғалла билан банд. Ўтган йили Қозоғистонга боғимиздаги узумлардан тайёрланган майизни 8 минг АҚШ долларига экспорт  қилгандик.  Жорий йил бошида қозоғистонлик ҳамкорлар билан майиз етказиб бериш бўйича юз минг долларга  тенг шартномани имзоладик. 2018 йилда деҳқончилик ва боғдорчиликдан олган фойдамиз ҳисобидан тўй қилдик, уйларимизни таъмирладик, Туркиядан 11 минг долларга майизни қайта ишловчи янги қурилма сотиб олдик. Бу ускунада 7 нафар ҳамқишлоғимиз биз билан бирга меҳнат қилишяпти. 
Шокирхон ака кўп йиллар тумандаги мактабгача таълим муассасалари ва шифохоналарга қолипли нон етказиб берган. Юртимиз мустақиллика эришгач, тадбиркорликка қўл урди, фермер хўжалигини ташкил қилди. Айниқса,  узумчиликда  ҳамкасбларидан илдамлаб кетди. Шу йили “Ташаббус-2019” кўрик-танловининг туман босқичида “Энг яхши фермер” номинацияси ғолиби бўлди. 
– Танловдаги муваффақиятимиз бизни янги режалар тузишга ундади, – дейди “Қўрғон жилваси” фермер хўжалиги бош­лиғи Усмонхон Валихонов. – Хориждан жунни қайта ишловчи технология сотиб олмоқчимиз. Туманимизда бундай хомашё сероб. Айримлар уни ёқиб юборяпти.  Жунни қайта ишлаб, ундан кўрпа ишлаб чиқаришни мўлжаллаяпмиз. Ўрганишларимиз бу маҳсулотнинг бозоргир эканини кўрсатди.

Муҳаббат РАВШАНОВА,
“ХХI asr” мухбири