Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Қуръони Каримнинг брайл ёзувидаги ноёб нусхаси Ўзбекистонга келтирилди

Қуръони Каримнинг брайл ёзувидаги ноёб нусхаси Ўзбекистонга келтирилди Куни кеча Тошкентда "Мурувват куни" доирасидаги дастлабки учрашув ташкил этилди. Унда 250 нафар кўзи ожиз ҳамда эшитиш ва гапиришда имконияти чекланган фуқаролар иштирок этди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати маълумотига таяниб "Kun.uz" манбаси хабар тарқатди.

Учрашувда қўмита томонидан Қуръони Каримнинг брайл ёзувидаги, Саудия Арабистонидан махсус келтирилган ноёб нусхаси кўзи ожизларга туҳфа этилди, шунингдек, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ҳам қимматли совғалар тақдим этилди.

"Мулоқот давомида имконияти чекланган юртдошларимиз томонидан намоз, поклик ва бошқа диний адабиётларни брайл ёзувида нашр қилиш ва аудио-дисклар чиқариш, маърифий суҳбатлар сонини янада кўпайтириш, шунингдек, диний-маърифий тадбирларни ўтказиш учун бино ажратиш, диний телекўрсатувларга сурдо таржимонларни бириктириш, жума маърузаларини сурдо таржимонлар ёрдамида онлайн тартибда бериб бориш, имконияти чекланган инсонлар учун махсус сайт ташкил қилиш бўйича қатор таклифлар билдирилди.

"Ўзбекистонда 23 минг нафар кар-сақов бўлса-да, уларга 50 нафаргина сурдотаржимон бор, – дейди меҳмонлардан бири. – Ҳеч бўлмаса, 300 нафар ана шундай таржимон керак. Бугунги кунда масжидларда ҳам сурдо таржимонларга катта эҳтиёж бор", – дейилади хабарда.

Тадбирда шу каби муаммолар ва уларнинг ечими йўлида қатор таклифлар билдирилган. Кейинги мурувват кунига қадар амалга ошириладиган режалар белгилаб олинган.

Маълум бўлишича, навбатдаги “Мурувват куни” 2 декабрда бўлиб ўтади.