Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Қуруқ ва юзаки эҳтирослар вақти ўтди

Қуруқ ва юзаки эҳтирослар вақти ўтди

Гапнинг индаллосидан бошлайдиган бўлсак, “Масалани жойида ўрганиш керак, комиссия юбориш лозим”, деган қуруқ ва юзаки эҳтиросга қурилган хизмат сафарлари аввал ҳам бўлган. Пойтахтдан бир неча киши КОМИССИЯ бўлиб муайян ҳудудга чиққан. Аммо муаммолар йўл-йўлакай ёки бош оғриқ бўлмайдигани танлов асосида кўрилган. Ва қолип-шакли компьютерда тайёрлаб қўйилган маълумотноманинг атамалари, рақамлари, исм-фамилиялари ўзгартирилган. Биринчи чоракда Андижоннинг Бўзида ясалган “справка”нинг иккинчи чоракда Хоразмнинг Гурланида эгизаги “дунёга келиши” ҳеч кимни ажаблантирмаган, дейиш бироз ноўринроқ. Зеро, кампаниябозликдан наф йўқлигини тушунганлар ҳам “Сиҳат тиласанг кам е, иззат тиласанг кам де” мақолига амал қилишни маъқул топишган. Шунинг учун ҳам бир пиёлагина чой ичиш ва меҳмонларни кузатиш маросимида одамларни ташвишлантираётган масалалар келажакда албатта ҳал этилиши ваъда қилиниб ортга қайтилган.

Энг қизиғи, ҳаммамиз шу жараённинг ичида эдик. Бундай тартиб-таомилларни табиий ҳодиса сифатида қабул қиладиганлар ҳам кўпайиб қолганди. Лекин Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қиладиган вақт келди” деган даъват ўртага ташланганидан кейин нафақат бу борадаги қарашларимиз, балки амалий ишларимиз ҳам тубдан ўзгара бошлади. Масалан, юртбошимиз тавсиясига кўра, Олий Мажлис депутатлари ва сенаторларининг ҳар ойда 10-12 кун давомида мамлакатимизнинг 14 та маъмурий ҳудудида биттадан туманда бўлиб, маҳаллий ҳокимият, прокуратура ва ички ишлар органларининг фаолиятини пухта ўрганиш, таҳлил қилиш орқали тегишли хулосалар бериш жараёни мунтазамлик касб этаётгани эътиборга молик. Жойлардаги ҳақиқий ҳолатни холис ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилаётган бундай тадбирларда парламент қуйи палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривож­ланишини қиёсий нуқтаи назардан тадқиқ қилувчи экспертлар эътироф этаётганидек, бундай ўрганишлар асносида креатив ёндашув, мутлақо янгича форматга асосланган ўзига хос тизим яратилди. Мазкур форматнинг олдинги йиллардаги комиссиялардан фарқи унинг буйруқбозликдан холи эканлиги, мутасаддиларнинг аҳоли билан мулоқоти амалий натижага йўналтирилгани, одамларнинг келажакда эмас, ҳозир яхши яшашига шароит яратиб беришни мақсад қилгани билан изоҳланади. Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам ҳуқуқий пойдевор, ҳам “йўл харитаси” вазифасини бажармоқда.

Депутат ва сенаторларнинг шу йил апрель ойидаги халқ билан мулоқот манзилларига Мўйноқ, Андижон, Когон, Зарбдор, Учқўрғон, Пахтачи, Сирдарё, Музработ, Тошлоқ, Тошкент, Ҳазорасп, Касби туманлари ва Зарафшон шаҳри киритилди. Жумладан, 123,8 минг киши истиқомат қиладиган Сирдарё туманидаги ўн кунлик ўрганишлар давомида ишчи гуруҳ таркибида O‘zLiDeP фракцияси аъзолари Беҳзод Ортиқов ва Комилжон Эрназаровлар аҳолининг фикр-мулоҳазалари, ўртага қўйилган муаммолар ечими бўйича таклиф ва хулосалар тайёрлашди.

Қисқа ва аниқ рақамлар “сўзлайди”

Сирдарё туманида шу йилнинг 28 апрель ҳолатига 264 та хонадоннинг турмуш тарзи, 12 та маҳаллий давлат органи, 20 та ижтимоий соҳа объекти, 19 та маҳалла фуқаролар йиғини ўрганилди. Шу ерда истиқомат қиладиган аҳолининг 766 нафари билан бевосита суҳбатлашилди. Улар кўтарган жами 109 та масаланинг 55 тасига жойида ижобий ечим топилди.

Масалан, тумандаги 28- ва 29-қишлоқ оилавий поликлиникалари қошида тез тиббий ёрдам бўлимларини очиш, ҳар қайсисига 1 нафардан врач, 2 нафардан ҳамшира штат бирликларини ажратишга оид сўров ижроия тизими мутасаддилари билан биргаликда ҳал этилди. Мактабгача таълим муассасаларининг эҳтиёжларини қоплаш учун 113 миллион сўм ажратилиши таъминланди. Бу маблағ гигиена воситалари ва дори-дармонлар, чойшаблар ҳамда ошхона жиҳозларини янгилашга сарфланиши назоратга олинди.

Марказий банкнинг вилоят бошқармаси ва тижорат банклари филиаллари раҳбарлари билан уйма-уй юриб, одамларнинг истакларига қулоқ тутилгани туфайли 25 нафар фуқародан паррандачилик, чорвачилик, асаларичилик, ҳунармандчилик каби йўналишларда кичик бизнесни йўлга қўйиш мақсадида микрокредит ажратиш юзасидан аризалар олинди. Демак, яқин кунларда яна 25 та хонадонда яшовчиларнинг даромад манбаи яратилади.

Ўрганишлар давомида O‘zLiDeP электоратининг асосий қисмини ташкил қилувчи ишбилармон кишиларнинг турли идоралар билан муносабатларини янада қулай оқимга солиш масалалари ҳам диққат марказида бўлди. Хусусан, шу ўн кун ичида 60 дан зиёд тадбиркорлик субъектларига тегишли давлат органлари ва муассасалари раҳбарларининг қабуллари уюштирилди.

Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан 2017 йили 198 та инвес­тиция лойиҳаси амалга оширилиши натижасида 1 147 та янги иш ўрни яратилишида ҳам партия аъзолари бўлмиш тадбиркорларнинг муносиб улуши бор. Жумладан, саноат йўналишида 17 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 135 та ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида 46 та лойи­ҳа ниҳоясига етказилган.

Секторларда нима гап?

Вилоят ҳокимининг 2017 йил 10 августдаги қарорига асосан Сирдарё тумани вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг сектори ҳисоб­ланади. Туман ҳокимининг 2017 йил 14 августдаги қарори билан мазкур ҳудуд белгиланган тартибда яна 4 та секторга бўлинган.

Туман ҳокими, прокурори, ИИБ ва ДСИ бошлиқларидан иборат сектор раҳбарлари уйма-уй юриш орқали маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит ва аҳоли кайфияти билан боғлиқ масалаларни мунтазам ўрганиб боришган. Лекин улар фаолиятида айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланиб қолди. Хусусан, аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалалар “йўл харитаси”га киритилмаган, ҳуқуқий маданиятни оширишга йўналтирилган тадбирлар тизимли равишда ташкил этилмаган, жамоатчилик назорати гуруҳи эса нотинч оилалар, айниқса, ишсиз аёллар ва ёшлар рўйхатларини шакллантириш жараёнини суст назорат қилган.

– Тиббиёт муассасалари раҳбарларининг ҳисоботини эшитишда тизимлилик ва изчиллик етишмайди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Меҳриддин Муҳаммадиев. – Секторлар фаолияти юзасидан аниқланган нуқсонларнинг объектив ва субъектив сабаблари чуқур таҳлил қилинмагани баробарида ўз вақтида амалга оширилган ижобий ишлар мониторингги ҳам етарли даражада юритилмаган.

Ҳокимлик секторининг “Уйма-уй юриш дафтари” ўрганилганда 2018 йил 28 мартдан кейин бу дафтар юритилмагани, баъзи масалалар охиригача бартараф этилмагани аниқланди. Масалан, “Дўстлик” МФЙда истиқомат қилувчи Ли Вадимнинг Тановор кўчаси йўли таъмирталаблиги, ёмғир ёққанда аҳоли юришга қийналаётгани ҳақидаги шикояти бўйича кўрилган чоралар юзасидан тегишли белги дафтарга киритилмаган. Айрим бандларда бажарилгани кўрсатилган муаммолар ҳақиқатда бартараф этилгани тасдиқланмади. Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи масъул секторнинг “Уйма-уй юриш дафтари” эса ягона китоб ўрнига ҳар бир маҳалла бўйича алоҳида юритилаяпти. Улар ҳам ҳокимлик эмас, балки давлат солиқ инспекцияси раҳбари томонидан тасдиқлаб қўйилган.

Солиқ тизими масъулияти ҳақида гап кетганда туманда 2017 йил учун бюджет даромадларининг тасдиқланган режаси қатор тўловлар бўйича бажарилмаганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Мисол учун, бюджет даромадларининг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (85,4 фоиз), маҳаллий йиғимлар, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи (81,6 фоиз) бўйи­ча режа-кўрсаткичлар ижроси тўлиқ таъминланмаган.

Хусусий тадбиркорлик
суст-ку!

Сирдарё туманида, 2018 йил 1 январь ҳолатига, 1 337 та кичик бизнес субъекти рўйхатдан ўтган. Тармоқлар кесимида 233 таси саноат, 205 таси қишлоқ хўжалиги, 92 таси қурилиш, 410 таси савдо, 169 таси ташиш ва сақлаш, 57 таси яшаш ва овқатланиш, 27 таси ахборот ва алоқа, 21 таси соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш йўналишларида, қолган 123 таси бошқа соҳаларда фаолият кўрсатаётир. Аммо айни пайтда 131 та хўжалик юритувчи субъектнинг фаолияти тўхтаб қолган. Улардаги иш ўринлари қўшиб чиқилса, 262 киши даромад манбаидан айрилгани ойдинлашади. Бундан ташқари, туманда оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантиришга етарлича эътибор қаратилмаган. Ҳозирда атиги 6 та оилавий тадбиркорлик субъекти мавжудлиги, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан умуман ўзгармагани ҳам фик­римиз далилидир.

Бу борада нафақат маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, балки кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган O‘zLiDePнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари зиммасига ҳам катта масъулият юкланганини унутмаслик даркор. Модомики, сирдарёлик партиядошларимиз оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга белни маҳкам боғлаб киришиши талаб этилади.

Қониқарли ёки...
қониқарсиз

2017 йил мобайнида халқ депутатлари Сирдарё туман Кенгашининг
11 та сессияси ўтказилиб, 34 та қарор қабул қилинган. 2018 йилнинг 27 апрель ҳолатига эса икки маротаба сессия ўтказилган. Мазкур сессиялар қарорлари ижро учун масъулларга тарқатиш варақаси орқали расман юборилган бўлса-да, белгиланган вазифалар бажарилгани тўғрисидаги маълумотлар мавжуд эмас.

– Кенгашнинг қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссиясидан ташқари бошқа комиссияларнинг саъй-ҳаракатлари талаб даражасида эмас, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Комилжон Эрназаров. – Масалан, ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссияларнинг йиллик иш режаларида назарда тутилган масалалар бўйича йиғилишлар ўз муддатларида тўлиқ ўтказилмаган.

Ўтган йил давомида маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларига бор-йўғи 25 та депутатлик сўрови юборилган. 2018 йилнинг 20 апрель куни Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳ туманга келиши натижасида шу ойнинг охиригача 70 дан зиёд депутатлик сўровлари чиқарилди. Шулардан 32 тасига жавоб хатлари ҳам олиниб, 9 та сўров жойида ижобий ҳал этилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, парламент вакиллари томонидан ўтказилаётган мазкур ўрганишлардан кўзланган асосий мақсад жойлардаги аҳволни яхшилаш, тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш, қонун ҳужжатларини қўллаш ҳолатини таҳлил қилиш, зарурат бўлганда, уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат. Депутатларимиз бунга қай даражада эришаётганининг баҳосини сайловчилар беради. Биз эса ҳудудларни ривожлантиришда тўсиқ бўлаётган сабаб ва омилларни аниқлашда қуйидан юқорига тизими асосида ҳар бир соҳа бўйича маълумот алмашинуви нечоғлик самарали йўлга қўйилганини мунтазам кузатиб борамиз.

Озод РАЖАБОВ,

“XXI asr” мухбири