Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ҚУТЛУҒ САНА

ҚУТЛУҒ САНА   15 ноябрь куни ўз олдига қўйган аниқ мақсад ва дастурлари, истиқболли ташаббус ва амалий ҳаракатлари билан мамлакатимиз иқтисодиё­тини юксалтириш, юртимиз фаровонлигини янада оширишга муносиб ҳисса қўшиб, электорат вакилларининг обрў-эътиборини қозонаётган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташкил этилганига 15 йил тўлди.

O‘zLiDeP тарихан қисқа, аммо жуда масъулиятли даврни босиб ўтди. Кенг­роқ мушоҳада юритадиган бўлсак, шу муддат ичида республикамиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида содир бўлган воқеа-ҳодисаларда партия ислоҳотларнинг шунчаки иштирокчиси эмас, балки унинг муваффақиятини таъминлаш учун масъ­ул бўлган етакчи сиёсий куч сифатида қатнашди. Айниқса, кейинги икки йилдан кўпроқ вақт мобайнида юз берган ўзгаришлар партия аъзоларини янада фаолликка ундади, янги марраларга азму шижоат билан интилишга чорлади. Улар орасида O‘zLiDeP таъсис қилинган кундан бошлаб жамоатчилик асосида астойдил хизмат қилиб келаётган маслакдошларимиз ҳам талайгина. Қутлуғ сана муносабати билан ана шундай партиядошларимиздан айримларининг фикр-­мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ташкил топганига 15 йил тўлди. Аслида бу вақт кўҳна тарих учун киприк қоққудек фурсат бўлса-да, комил ишонч билан айтиш мумкинки, ўтган йиллар партиянинг юртимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётида тутган ўрни нуқтаи назаридан том маънода асрларга татигулик ишлар амалга оширилган даврга айланди. Зотан, фуқаролик жамиятини шакллантиришда етакчи сиёсий куч сифатида майдонга чиққан O‘zLiDePнинг асосий мақсад ва ғоялари – юртимизда хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Шу баҳонада партиямиз тарихига ўчмас сатрлар билан битилган айрим саналарни яна бир бор эслаб ўтмоқчиман:

2003 йил 4-5 октябрь кунлари бир гуруҳ ташаббускорлар Тадбиркор ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясини тузиш таклифини илгари суришди. 7 октябрь куни Ўзбекис­тон Республикасининг Биринчи Президенти ташаббус­кор гуруҳ аъзолари билан учрашди. 15 ноябрь куни эса O‘zLiDePнинг Таъсис съезди ўтказилиб, партия устави ва дастури тасдиқланди.

Дастурда қайд этилган мақсад ва вазифалар кенг жамоатчилик томонидан ижобий кутиб олинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўтган вақт давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловларда партиямиз томонидан қўйилган номзодлар кўпчилик юртдошларимизнинг овозини олишга муваффақ бўлди. Президент сайловларида ҳам айнан O‘zLiDePдан қўйилган номзодларнинг 3 марта умумхалқ ишончига сазовор бўлгани барча маслакдошларимиз учун тарихий воқеадир.

Шу даврда Жиззах вилоятида ҳам Илҳом Маматқулов, Парда Зиётов, Анорбой Эшматов, Нодира Каримова, Кароматилло Турғунбоев, Муҳаммад Сувонқулов, Назира Мамараҳимова ва бошқалардан иборат ташаббускор гуруҳ фаолият юритди. Уларнинг кўмагида шаҳар ва туман кенгашлари ташкил этилди.

Партия қисқа фурсат ичида вилоят миқёсида обрў-эътибор топди. Сафларимиз кенгайди. Уч мингдан зиёд аъзолари билан 2004 йилда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда вилоят, туман (шаҳар) кенгашлари депутатлик сайловларида қолган сиёсий партияларга нисбатан етакчи ўринга кўтарилди. Мен ҳам 2004 йилдан эътиборан жамоатчилик асосида Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари сифатида фаолият юритиб келяпман.

2010 йил партия вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари конференциясида 2004 – 2010 йиллар давомида ҳудудий Кенгаш раиси лавозимида ишлаган Комилжон Абдусатторов бошқа вазифага ўтганлиги муносабати билан маслакдошларимиз менга катта ишонч билдириб, O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раислигига тасдиқлашди.

Ушбу даврда O‘zLiDePнинг дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда, тадбиркор ва фермерлар фаолиятида учраётган айрим  муаммоларнинг ечимини топишга жиддий эътибор қаратилгани туфайли сафларимиз доимий равишда кенгайиб, аъзоларимиз сони 23 мингга етди. Шулардан 8 мингга яқинини фермер ва тадбиркорлар, 5 мингдан зиёдини хотин-қизлар, қолган қисмини эса турли касбдаги ёшлар ташкил этмоқда.

Бугунги кунда Халқ депутатлари вилоят Кенгашида 57 депутатлик ўрнидан 24 таси, яъни 42 фоизи, туман (шаҳар) кенгашларидаги жами 332 та депутатлик ўрнидан 115 таси ёки 36 фоизини айнан партиямиздан сайланган вакиллар ташкил этаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Бунинг боиси бор, албатта. Сайловчилар ишончини қозониш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида қилинаётган кўплаб амалий ишлар самарасидир бу. Бироқ мазкур ҳолат бизни хотиржамликка ундамаслиги лозим. Чунки амалга оширилган ишлардан кўра ҳали олдинда ўз ечимини кутаётган қанча муаммолар турибди. Бу борада депутатларимизга алоҳида масъулият юкланган.

Президентимиз 2017 йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Экологик ҳаракат вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида партия ва депутатлик гуруҳлари фаолиятида қатор камчиликлар борлигини, ҳар бир партия олдида жуда катта вазифалар турганлигини ҳаммамизга аниқ-равшан белгилаб берган эди. Ана шу танқидий фикрлардан O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раиси сифатида шахсан ўзим, партия фаоллари, депутатлар ҳам тегишли хулосаларни чиқарган ҳолда фаолиятимизни янгича усулда ташкил этишга ҳаракат қилиб кел­япмиз.

Президентимиз партия кенгашлари ва депутатлик гуруҳларига жуда катта ваколат беряпти. O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши ҳам ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиб, Ватанимиз тараққиёти йўлида муносиб ишларни амалга оширишни кўзламоқда.

Амалий ҳаракатлар эса ўз самарасини бермай қолмайди. Мисол учун, жорий  йилнинг 29-30 август кунлари Жиззахда Давлат инвестициялар қўмитаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида бўлиб ўтган халқаро инвестицион форумда 30 га яқин хорижий давлатлар сармоядорлари, ишбилармонлар иштирок этишди. Ушбу форумда 833,6 миллион доллар қийматидаги 28 та лойиҳа имзоланди. Шундан 202,4 миллион доллар тадбиркорларнинг ўз маблағи, 631,2 миллион доллар хорижий инвестициялар ҳисобидан сарфланади. Бу эса “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлашдаги вазифалар билан ҳамоҳангдир.

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор партиядош­ларимни 15 йиллик қутлуғ сана муносабати билан чин қалбимдан табриклайман. Барчангизга узоқ умр, сиҳат саломатлик, ижодий баркамоллик тилаб қоламан. Ҳеч қачон унутмайликки, ўн беш йилдан бери сизга елкадош бўлган O‘zLiDeP бундан кейин ҳам доимо сиз билан бирга бўлади.

Эркин ХОЛМАТОВ,

O‘zLiDeP Жиззах вилоят
Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари вилоят

Кенгашидаги партия
депутатлик гуруҳи раҳбари