Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Расмиятчиликдан холи учрашувлар жонли ва қизиқарли кечди

Расмиятчиликдан холи учрашувлар жонли ва қизиқарли кечди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Хоразм вилоятининг Хива, Қўшкўпир ва Янгиариқ, шунингдек, Фарғона вилоятининг Фарғона ҳамда Қува туманларида фаолият кўрсатаётган қатор тадбиркорлик тузилмалари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳузурида бўлиб, партиядошлар билан амалий мулоқотлар ўтказди.

Юзма-юз учрашувлар давомида электорат манфаатларини ҳар томонлама ҳимоялаш, уларнинг ташаб­бусларини қўллаб-қувватлаш, вужуд­га келаётган муаммоларни жойида бартараф этиш, партия аъзолари сафини янада кенгайтириш масалалари хусусида сўз юритилди.

Расмиятчиликдан холи тарзда ташкил этилган очиқ суҳбатлар Хива туманидаги “Болтабой оқсоқол” фермер хўжалиги фаолияти билан яқиндан танишишдан бошланди. Мазкур хўжалик кўп тармоқли бизнес субъекти бўлиб, Чинобод  қишлоғидаги жами 400 гектарлик “Эшонработ” табиий сув ҳавзаси негизида интенсив усулда балиқ етиштиришни йўлга қўйган. Партия вакиллари балиқ маҳсулотларидан тайёрланадиган консерва заводини ҳам кўздан кечирди, ишчи-ходимлар билан яқиндан суҳбатда бўлди.

–  Ушбу йўналишдаги ишларимизнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Вьетнамдан тажрибали мутахассисларни таклиф қилганмиз, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Отабой Аллаберганов. – Катта майдонлардаги кўплаб сунъий ҳавзаларимиз табиийсидан деярли фарқ қилмайди. Интенсив усулда балиқ етиштиришнинг афзаллиги шундаки, тайёр маҳсулот ҳажмини одатдагидан ўн ҳисса ошириш имкони мавжуд. Лойиҳанинг умумий қиймати 10,8 миллиард сўмни ташкил этади. Балиқ етиштириш ва уни қайта ишлаш учун мажмуамиз таркибида махсус омухта ем цехи ва консерва заводи барпо этилган. Завод йилига 500 тонна балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш қувватига эга.

Партия раҳбари Актам Хаитов, шунингдек, “Болтабой оқсоқол” фермер хўжалиги қошида ташкил этилган туристик йўналишларни кўздан кечириб, бу ерда сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитларни атрофлича ўрганди. Фаолиятни замон талаблари даражасида ривожлантириш, хорижлик меҳмонларни жалб қилишнинг ўзига хос жиҳатлари юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Шу тумандаги “Хударганота” фермер хўжалиги раҳбари Хушнуд Жуманиязов билан кечган самимий суҳбат давомида бўш турган майдонлардан унумли фойдаланиш, полиз маҳсулотларини йил бўйи етиштириш, саб­завот кўчатлари ва гулларни парваришлашни барча фаслларда амалга ошириш учун ихчам иссиқхоналар тармоғини кенгайтиришга қаратилган тавсиялар берди.

Шомохулум қишлоғи аҳолиси билан юзма-юз мулоқотда эса аҳолининг бугунги кундаги мавжуд муаммолари ва хоҳиш-истаклари хусусида ўзаро фикр алмашилди. Шу қишлоқда истиқомат қилаётган Баҳром Собировнинг 7 сотихлик иссиқхонадан 50-60 миллион сўм атрофида даромад олаётганлиги намуна қилиб кўрсатилди. O‘zLiDeP раиси томорқачига гулларнинг янги навларини етиштириш бўйича Андижон вилоятидаги гулчилик фермер хўжаликлари тажрибасини ўрганишни ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш масаласига тўхталди.

O‘zLiDeP мутасаддиларининг нав­батдаги манзили Қўшкўпир туманидаги туяқушчиликка ихтисослаштирилган “Ибрат-Рўзмат” фермер хўжалиги бўлди.

– Фаолиятимизни 5 та туяқуш боқишдан бошлагандик, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Замира Тожиева. – Бугунги кунда уларнинг сони 40 тага етди. Ўтган йилдан бошлаб туяқушларимиз тухум қўя бошлади. Уларни Самарқанд, Бухоро, Тошкент  ва бошқа вилоятлардан келган харидорлар сотиб олишмоқда.

Таъкидлаш керакки, хўжаликда туя­қушдан ташқари, 15 турдаги паррандалар ҳам кўпайтирилмоқда. Туяқуш ҳамда бедананинг гўшти ва тухуми даромад манбаи эканлигига боғлиқ маълумотлар, уларнинг экспорт-импортини ташкил этишда мамлакатимизда яратилган қулай шароитдан оқилона фойдаланишга оид мулоҳазалар мулоқот иштирокчиларини савол-жавобларга ундади. “Ибрат-Рўзмат” фермер хўжалиги фаолиятини янада кенгайтириш учун қўшимча ер майдони ажратилишида Халқ депутатлари туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи амалий ёрдам бериши қайд этилди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитовнинг Янгиариқ туманидаги учрашувлари ҳам электорат вакилларининг эътиборида бўлди. Жумладан, “Саёт автомобилчи” масъулияти чекланган жамияти ишчи-ходимлари билан мулоқотдан кейин партиямизга аъзо бўлиш истагини билдирган фаоллар таклифига биноан янги бошланғич ташкилот тузилди. Яна бир жиҳати, партия ишчи гуруҳининг мазкур корхонага аввалги ташрифида йил охиригача бу ерда эчкичилик ва замонавий иссиқхоналар фаолиятини кенгайтириш режалаштирилган эди. O‘zLiDeP фаоли қисқа вақт ичида ваъдасининг устидан чиқди.

– Эчки сути инсон саломатлиги учун жуда фойдали, – дейди “Саёт автомобилчи” корхонаси раҳбари Машариф Бекчанов. – Ҳар бир зотдор эчки кунига 3 литргача сут беради. Бундай зотдор эчкиларни ўзимизда кўпайтиришни мақсад қилганмиз.

Тадбир сўнгида учрашув иштирокчилари ва маҳаллий кенгашга O‘zLiDePдан сайланган депутатлар 10 сотих ер майдонида ташкил этилган янги, замонавий типдаги иссиқхонага помидор кўчатларини ўтқаздилар.

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати кўмагида

О.ТЎРАБОЕВ тайёрлади.