Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Сабабларнинг сабаби ёхуд оқибат билан курашиш қачонгача давом этади?

Сабабларнинг сабаби  ёхуд оқибат билан курашиш қачонгача давом этади?

Вақти-вақти билан ён дафтар – кундаликни варақлаш одатим(из) бор. Бундан сал кам икки йил олдин шундай ёзилган экан.

Эскартиш-иқтибос: 2016 йил 16 сентябрь. “Ички ишлар органлари тўғрисида” қонун қабул қилинди. Матнининг зўр жойи – 8-модданинг тўртинчи банди: “Қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш ички ишлар органи ходимига тақиқланади. Ички ишлар органининг ходими фуқарога қасддан оғриқ, жисмоний ёки маънавий азоб етказиладиган хатти-ҳаракатларга чек қўйиши шарт”.

Эзоп дўстим, билсанг агар, иши сатрлардаги сўзларни қиртишлаб ўтирадиган иккимизга-да қийин; ҳар оҳангда бир ҳимони кўрамиз. Ўзинг айт, нима демоқда булар?! “Чек қўйиш” деганда биз мутлақо кескинликни, кўндалангни, яъни ҳуриллаб-гуриллаб ёнаётган оловга Диоген хумини тўлатиб сув ағдаришни тушунамиз. Англадингки, парламент “шарт” сўзи орқали шундай қилмоқчи. Айтмоқчики, “шунақа-шунақа ишлар бўлаяпти, энди қонун ишлаб чиқдик, бас қилинглар!”

Фойдаси йўқ дейсанми? Қадрдоним! Бир кинода айтилганидек, умид энг яхши нарса. Ҳатто ҳамма нарсадан яхши. Қўй, чалғитма, мени негадир умидим бор – ишонгим келаяпти... (иқтибос тугади).

 

Виртуалликдаги
портлаш эффекти

Каттақўрғонда тасвирга олинган ва “Озодлик” интернет нашри виртуал эфирга сиздирган қисқа метражли “Ечинтириш операцияси”дан сўнг ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сигментида катта портлаш кузатилди. Айни пайтда фойдаланувчиларнинг мазкур воқеликка нисбатан ўта кескин муносабати ҳамон давом этмоқда.

Бош прокуратура тезкорлик билан расмий баёнот берди. Унга кўра, Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан Каттақўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаровга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Муқаррарки, инсон қадр-қиммати, аёл шаънини топтаган ички ишлар мулозими бу қилмиши учун тегишли тартибда жазосини олади. Аммо шу билан муаммо ҳал бўладими? Агар асл моҳиятга эътибор қаратилса, одамлар биргина шу фожеа юз бергани учунгина норози эмас. Кўпчилиги ички ишлар тизимида фаолият кўрсатаётган “курмак”ларнинг зўравон хатти-ҳаракатлари – бошбошдоқлик, оддий халқни менсимаслик, шафқатсизлик ёки инсон қадр-қимматини камситадиган муомаласидан безиб кетган. Ачинарлиси эса, аксариятимиз “яшил форма”дан қўрқиб қолганмиз. Айбимиз бўлса-бўлмаса, уларни кўрибоқ титрай бошлаймиз. Нега шундай? Ахир ваъда бўйича бошқача бўлиши керакмасмиди? Хўрланган аёлнинг “...ҳеч қандай даъвом йўқ. Булар билан душманлашсам, ўзимга, болаларимга зиён етказишидан қўрқаман” дея қақшаши боиси не?.. Ё, ҳамма гап ўзимиздами?..

Шу ўринда воқеалар ривожи ҳақида қисқача.

Ижтимоий тармоқларда тўс-тўполон авжига чиққач, жамоатчилик ўзи билганча ҳаракатга тушиб кетди. Дастлаб аёлга моддий кўмак бериш, шу орқали ўксик дилига малҳам бўлиш мақсадида хайрия акцияси уюштирилди. Расмийлардан биринчи бўлиб республика Хотин қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева Каттақўрғонга таҳқирланган аёлнинг уйига етиб борди ва маънавий далда бериб, қўллаб-қувватлади. Ҳамкорлар бу оилага кичик бизнес юритиши учун шароит яратди. Энг муҳими, судда Хотин-қизлар қўмитаси вакили иштирок этиб, аёлнинг шаънини ҳимоя қиладиган бўлди...

Албатта, бу ишлар таҳсинга лойиқ. Аммо парадоксал омиллар ҳам борки, ўйлаганинг сари кўнгил баттар хижил тортади. Мана биттаси: нечоғлик аламли бўлмасин айтиш керак, аёл кўргилиги эвазига эътиборга тушди, агар шу фожеа бўлмаганда-чи? Биз билмасдан индамай юраверармидик? Ахир “Диана фожеаси” ҳам шундай бўлмаганмиди?..

Эзоп, оғайничалиш. Сени-ку билмадим, менга “сабаб”– “оқибат” – “зарурият” учлиги ичида “зарурият”га берилган тавсиф кўпроқ ёқади. Айтишади-ку, Нюьтоннинг бошига олма тап этиб тушгану, ўшандан сўнг олим бунинг сабабларини ахтариб, ернинг тортишиш қонунини кашф қилган. Хўш, олма тушмаганда инсоният қонунсиз қолиб кетармиди? Бизнинг жавобимиз аниқ – йўқ! Яъниким, ўша пайтда шунчаки ернинг тортишиш қонуни кашф этилишига зарурият туғилган, холос. Олма Нюьтоннинг бошига тушиши эса бир сабаб. Агар олма тушмаганда, агар Нюьтон бўлмаганда ҳам, табиий қонуниятни бошқа бир олим кашф этиши муқаррар эди. Каттақўрғондаги воқеани ҳам шунга менг­заш мумкин: бугун ички ишлар органлари ходимлари хулқ-атворини тузатиш зарурияти ҳар қачонгидан-да муҳим бўлиб қолди. Сабаблар эса биргина Каттақўрғондаги воқеа эмас, улар йиллар мобайнида тўпланиб келган оғриқлардир.

 

Тизим ислоҳотга
муҳтож

Ўтган йил 10 апрелда Президент “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат баёнида ички ишлар органлари фаолиятида тўпланиб қолган жиддий камчилик ва муаммолар тўққизта йўналишда кўрсатилиб, шунга мос ечимлар айтиб ўтилган эди. Бош мақсад – тизимни жиддий ислоҳ қилиш ортидан ички ишлар органларини ИЖТИМОИЙ ЙЎНАЛТИРИЛГАН ПРОФЕССИОНАЛ ТУЗИЛМАГА АЙЛАНТИРИШ.

Яқинда Олий Мажлис Сенатига ахборот берган (фармонда ҳисобот дейилган) Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга кўра, жорий йил давомида мамлакатимиз ҳудудида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарлик­лар профилактикаси йўналишида ўтказилган комплекс тадбирлар натижасида, содир этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12 минг 33 тага ёки 40,7 фоизга камайишга эришилган, жумладан, қотилликлар сони 57 тага ёки 23,5 фоизга, қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш 89 тага ёки 19 фоизга, номусга тегиш 76 тага ёки 76 фоизга, ўғирлик 2 786 тага ёки 47,5 фоизга, талончилик 223 тага ёки 60 фоизга, босқинчилик 89 тага ёки 57,4 фоизга, транспорт воситаларини олиб қочиш 36 тага ёки 40,4 фоизга камайган.

Рақамлар кўрсатмоқдаки, олдинга силжиш бор. Бу дегани тизимда жиддий ислоҳотлар кетмоқда. Ютуқлар ҳам оз эмас. Аммо бизга ноаниқ томони ана шу ютуқлар қандай йўл орқали қўлга киритилмоқда? Фармонда айтилганидек, ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилма бўлибми? Охирги пайтда одамларнинг ички ишлар органлари фаолияти юзасидан билдираётган норозиликлари тизим ҳали профессионаллашмаганини, ижтимоийлик – одамларни рози қилиш функцияси тўғри йўлга қўйилмаганини билдирмаяптими?

Албатта, ИИВ жуда қудратли ва айни пайтда кўламдор тизимки, уни бир мувозанатда ушлаб туриш раҳбар-мутасаддиларга осон бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Шу боисдан раҳбариятнинг “тизимни нопок кадрлардан тозалаш борасидаги ишлар босқичма-босқич давом этаётгани” ҳақидаги баёнотини ҳам тўғри тушуниш мумкин. Бироқ, яна парадоксал сабабларга қайтсак, қайсики нопок кадр то ўзининг ахлоқан бемаза хатти-ҳаракатларини ошкор этмас экан, у тизимда суваракдек яшаб қолаверади. Муаммо ана шунда!

Эзоп, жигарим! Хабаринг бор, Ҳаракатлар стратегияси ҳаётимизга татбиқ этилгандан бери энг урфга кирган энг қанотли ибора бу – “йўл харитаси”! Тараққиётнинг равон йўлига чиқиш учун курашяпмиз. Бу йўлда ўзимиз истагандек ҳаракатланиш эса муҳофазамизга боғлиқ. Муҳофазамиз – парламент ишлаб чиққан қонунлар! Лекин айни ҳолатимиз шундаки, БИЗ ФОЖЕА КЕЛТИРИБ ЧИҚАРГАН САБАБЛАР БИЛАН ЭМАС, ОҚИБАТЛАРИ БИЛАН КУРАШАЁТИРМИЗ. Каттақўрғонлик аёл билан боғлиқ воқеада ҳам шундай қилдик. Хос таъриф билан айтсак, йиртилган кўйлакка ямоқ солдик. Агар ишларимиз бу тарзда давом этаверса, кўйлак қийқимлардан олақуроқ бўлиб, қанор қопга ўхшаб қоладики, оқибатда на уни кийиб кўчага чиқиш мумкин, на буткул ташлаб юбориш. Биламан, ҳозир истеҳзо билан “Қонунлар тўла куч билан ишламайдиган жамиятда бу нарса одатий ҳол”, дейсан. Нима ҳам дердим: эътироз билдиролмайман. Аммо бу тарзда давом этаверсак, қозиқ атрофида пишқириб айланаётган ва минги бўлишни истамаётган айғирдан нима фарқимиз бор? Ахир муқаррар чора – муқобил ечим бўлиши керак-ку?!

 

Олий Мажлис ўз
мақомини ҳимоя
қилиши шарт!

 Бугун (12 июль) Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан учрашганига роппа-роса бир йил тўлди.

Барчамизга яхши маълумки, ўша тарихий йиғилишда давлат раҳбари парламент фаолияти кутилганидек профессионал эмаслиги, сиёсий партиялар эса пала-партиш иш олиб бораётгани, депутат ва сайловчи ўртасида кўринмас жарлик пайдо бўлгани, хуллас, мазкур тизимда муаммолар етарлича йиғилиб қолганини таъкид­лаб ўтган эди. Жумладан, камчиликлар тилга олиниб, уларни бартараф қилиш чора-тадбирлари ҳам айтиб ўтилган эди.

Албатта, бир йиллик сарҳисоб ҳақида гап кетаркан, “Ўтган ўн икки ой муддатда айни субъектлар қандай ишларни амалга оширди?” деган ҳақли савол мулоҳазаларимиз марказини эгаллайди. Агар қилинган ишларнинг ҳисоботи келтирилгудек бўлса, ишонаверинг – улар кутилганидан ҳам ортиқдек туюлади. Аммо жамиятда кечаётган фаол ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг иштирокчиси (кузатувчиси) сифатида бемалол айта оламизки, сайловчилар ишончи ҳали тўла қозонилмади. Яширишнинг ҳеч ҳам ҳожати йўқ: одамлар муаммо ва мурожаатлари юзасидан депутат эшигини қоққандан кўра давлат ҳокимиятининг бошқа тизимларига мурожаат қилишни афзал кўришмоқда. Аслида, ҳокимият бўлиниши нуқтаи назаридан олиб қараганда, мамлакатнинг олий органи, яъни Олий Мажлис бу борада энг бирламчи – байроқдор бўлиши керакмасмиди?..

Демократик тамойилга кўра, фуқаролар давлатни бошқаришда икки усулда иштирок этадилар: бевосита (тўғридан-тўғри) ва билвосита (вакиллари орқали). Биз танлаган йўл – вакиллик демократияси. Яъни, халқ ўзи сайлаган депутатлар орқали давлат бошқарувида қатнашиши белгиланган. Энди яқин икки йиллик фаолиятимизга назар ташлайлик. Худди шундай бўлаяптими? Жавоб қуйидагича: “ҳа” ва “йўқ”!

Келинг, шу ўринда қисман “ҳа” ва кўпроқ “йўқ” ҳақида фикрлашсак.

Биринчидан, Олий Мажлис ва сиёсий партиялар фаолиятида ўзгариш кузатилди, хусусан, депутатлар жойларга чиқиб, аҳоли ташвишларига шерик бўлишмоқда. “Айрим муаммолар жойида ҳал этилди” каби янгиликларни кунда-кунора ОАВда ўқиб, кўриб турибмиз. Четдан қараганда, ҳаммаси жойига тушаётгандек. Бироқ бу сайловчилар учун етарли эмас. Шу боис улар депутатни ҳатлаб ўтиб, давлат бошқарувининг янгича кўринишига мурожаат қилишмоқда.

Демак, иккинчидан, “виртуал демократия”. Ҳаёт тарзимизга виртуаллик қўшилди. Интернетдаги фаоллик кун сайин ошиб бормоқда. Бу қулайлик аҳоли ўз ташвишларини жамоатчилик, Президент эътиборига тўғридан-тўғри ҳеч бир монеликсиз ҳавола қилиш имкониятини туғдирди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда кечаётган баҳс-мунозаралар, фикрлар хилма-хиллиги (плюрализм) жамият бошқарувига сезиларли таъсир ўтказяпти. Аввалбошда билинар-билинмасдек кўринган бу “виртуал демократия” кейинги пайтда чунонам авж олдики, вакиллик демократиясини тобора ахборот майдонидан сиқиб чиқараётгандек бирламчи тасаввур уйғотмоқда.

Халқ вакилларининг айни қайноқ жараёнга қўшилиши – ижтимоий тармоқда ўз саҳифаларини очишлари ортидан мувозанат таъминланади, деган иштибоҳлар бўлгани ҳам рост. Аммо воқелик ҳозирча кўпчилик кутган натижани бермаяпти. Чунки депутатларнинг виртуал иштироки аксарият ҳолларда кузатувчанлик функциясидан нарига ўтолмаяптики, амалий ишларга қолганда фойдаланувчилар барибир бошқа йўлдан юришмоқда (биз “ямоқ солиш” ҳақида юқорида айтдик).

Шу ўринда ўзимизга савол берайлик: нима учун одамлар муаммосига ечим топишда кўпроқ мурожаатнинг виртуал кўринишини танлаяпти? Нега ҳудудда истиқомат қилаётганлар фақатгина депутат эшик қоқиб келгандагина “айрим муаммолар”ини айтишаяпти-ю, халқ ноиблари кетиши биланоқ яна виртуалликка эҳтиёж сезишмоқда?

Сайловчиларнинг хоҳиш иродасини ифода этадиган мазкур мурожаатлар аслида халқ вакилларининг тилидан парламент мажлисларида янграганида бу қабилдаги виртуал ёндашувга эҳтиёж туғилармиди?

Шу ўринда холислик нуқтаи назаридан яна бир жиҳатга ҳам эътибор қаратсак. Агар Ўзбекистон аҳолисини 32,9 миллион деб олсак ва миллий парламентимиз Қонунчилик палатасида 150 нафар депутат фаолият юритаётганини ҳамда уларнинг ҳар бирига 213 мингдан ошиқ сайловчи тўғри келаётганини айтсак, моҳият бир томонлама аёндек. Яъни, биргина депутат мурожаатчиларнинг ҳаммасини қамраб ололмайди, деган ҳақли эътироз келиб чиқади. Бироқ “қуйидан – юқорига” тизими, яъни халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашлари аъзолари ҳам борки, уларнинг айни пайтдаги сони 8 мингдан ошади. Энди қайтадан ҳисоб­лаймиз: 4 мингдан сал кўпроқ сайловчи тўғри келаркан. Бу кўпми? Бизнингча, ундай эмас.

Аччиқ бўлса-да айтиш жоиз, жараён шу алпозда давом этаверса, “Бизга депутат керакми, ўзи?”, деган савол аҳоли онгида салбий маънодаги жавоби билан бирга мустаҳкам ўрин эгаллайди. Бу янғлиғ сўроқлар йиғилиб, алалоқибат парламентнинг ижтимоий ва сиёсий имижига жиддий путур етказади; якунда ҳатто “Бизга парламент керакми, ўзи?!” деган саволни-да уйғотиши мумкин...

Эзоп, эсингда бўлса, ўтган йил декабрь ойида Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатнома билан чиқиб, депутатлар фаолиятидан қониқмаётганини, улар тезда уйғониши шартлигини, хусусан, 2018 йилдаги бюджет тасдиғидан норози эканини айтган эди. Давлат раҳбарининг шу йўсиндаги фикрларини тинглар эканмиз, ижро ҳокимияти органларини тийиб туришда парламентга суянилишини ёдга оламиз. Сен мавзудан чалғиб кетяпмиз, деб айтмоқдасан. Йўқ, чалғимаяпмиз, биз парламент ўзи ишлаб чиққан қонунларни маҳкам тутмаётганини, келиб чиқаётган турли муаммоларнинг ўқ илдизи айнан парламентга бориб тақалаётганини такрорламоқчимиз, холос. Нега шундай, биласанми?..

 

Профессионал
парламент қандай
бўлиши керак?

Давлат бошқаруви тарихидан маълумки, янгитдан сайланган президент ҳокимият тепасига келар экан, катта ўзгаришлар кузатилади. Янги раҳбар халқ манфаатидан келиб чиқиб, ўз ғоя­ларига ҳамоҳанг, ҳамфикр ҳукуматни тузади. Ана шу йўлда ижро этувчи ҳокимият субъектларининг қонунан фаолият юритиши, мансабдор шахсларнинг ўз ваколатлари доирасидан четга чиқиб кетмаслиги, бир сўз билан айтганда, тийиб туриш учун халқ, президент парламентга суянади. Бу шу пайтгача ўзини тўла оқлаб келаётган содда аксиома.

Мазкур жараёнда қонун ташаббускорлиги муҳим ўрин тутади. Инчунин, жамият фаровонлиги йўлида аҳоли мурожаатлари депутатлар қўлида жам бўлиб, янги қонун лойиҳаларини юзага келтиради ва тизим мувофиқлиги таъминланади. Қизиғи шундаки, агар қонун ташаб­бускорлигида мавқени кўпроқ ижро ҳокимияти эгалласа, бу ҳолат ўша давлат парламенти фаолияти сустлигини англатади, ўзаро тийиб туриш функцияси тўғри ишламаётганидан дарак беради.

Энди мазкур тенденцияни миллий парламентимиз мисолида кўриб чиқсак. Охирги йилларда қонун ташаббускорлари (7 субъект) ичида энг фаоли Вазирлар Маҳкамаси бўлиб қолмоқда. Яна бир эътиборли томони шундаки, ҳукумат томонидан ишлаб чиқилаётган аксарият қонун лойиҳалари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқуллан­япти. Биз шу пайтгача кескин рад этилиш ёки ишончсизлик ҳолатларини кузатмадик. Ёхуд шундай бўлган бўлса ҳам, шаффофлик принципига риоя этилароқ жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинмади. Тўғри, Вазирлар Маҳкамаси лойиҳани пухта ва ҳар томонлама ўрганиб тайёрлаётган бўлиши ҳам мумкин, аммо амалдаги қонунларнинг сон жиҳатдан бир ташаббускор томонга оғиб кетиши ижро ҳокимиятида ўз-ўзидан масрурлик кайфиятини пайдо қилмаслигига ким кафолат беради? Ҳукумат доирасида чиқарилаётган қарорлар аҳолининг барча қатламларига бирдек фойдали бўлиши назорати қўлдан чиқиб кетмайдими?

Эзоп, кел, шу жойига келганда тарихий чекиниш қилсак. Бундан икки ярим минг йил аввал юнон демократияси қандай йўл тутган бўлар эди? Мисол учун, юнон лашкарлари ичида бирор аскар номақбул хатти-ҳаракат қилса, қўшин интизомини бузиб ҳимоясиз аёлни таҳқирласа, халқ маслаҳатчилари нима қилган бўларди? Ўша қўшин саркардаси зудлик билан халқ вакиллари мажлисига чақирилиб, изоҳ сўраларди, тўғрими? Савол эса тахминан шундай бўларди: Айтинг-чи, кеча юз берган воқеа сиз раҳбарлик қилаётган фалангада систематик (доимий ва қайталаётган) тус олганми, ё бу ҳолат шунчаки тасодиф – бир нобоп аскарнинг подани булғашими? Биздаги маълумотларга кўра, бу биринчи марта юз бераётгани йўқ. Шу боисдан сизга бўлган ишончимиз тобора пасаймоқда...”. Саркарда эса асл вазиятни тушунтирар, шундан сўнг халқ ноиблар агорага чиқиб, одамларни бундан бохабар қилар, ортиқча шовқинга ҳожат йўқлигини билдирар эди. Наҳотки, биз ҳали икки минг-икки ярим минг йил олдинги юнон демократияси даражасига XXI асрда ҳам кўтарила олмаган бўлсак?! Нима дединг, Эзоп?!

 

“Уюшмаган”
депутатлар

Эҳтимол, кимдир эътироз билдириши мумкин, ана, депутатлар муносабатини билдиряп­ти-ку, деб. Масалан, “Автотест”, “Диана фожеаси”, “Ечинтириш операцияси”, “Тўлов-контракт парвози” ва ҳоказо... Тўғри, шундай чиқишлар бўляпти. Аммо бу масалалар парламент даражасида кўриб чиқилса, мажлис чақирилиб муҳокама этилса, ҳеч бўлмаса, муайян партия­нинг Олий Мажлисдаги фракцияси йиғилиши кун тартибига киритилса, миллий парламентимизга жуда ярашарди-да! Ана шундагина бу муносабат салмоқли бўларди, таъсир кўрсатиш кучига эга бўларди. Шахсий фикр эса индивид даражасида; уни ҳамма ҳам билдириши мумкин... Эътибор қилинг, Қонунчилик палатаси депутатининг туман ИИБ раҳбари ёки прокурори истеъфосини талаб қилиши... депутатлик статусининг майдалашиб кетаётганини англатмайдими? Бизнингча, депутатларимизнинг бундай чиқиш­лари виждон амри билан намоён этилаётган инсоний бурч­нинг оддий ифодаси, холос. Халқни жунбишга келтирган муаммолар Олий Мажлисдан туриб ҳал этилса, ечимлар ҳам ҳуқуқий, ҳам конструктив аҳамиятга эга бўлади ва келгусида тушунмовчиликларга ва ижтимоий бўлинишларга ўрин қолдирмайди.  

 

Якуний
қароримиз

Дўстим, аввало сенга раҳмат!

Ёндафтардаги қайд шарофати
билан анча дардлашиб олдик.
Қувончимиз, ҳозир Каттақўрғондаги фожеа билан курашаётганлар орасида биз ҳам бормиз. Бугунги фикрлар хилма-хиллиги улуғланаётган жамиятда шу баҳона озми-кўпми мулоҳазаларимизни баён қилдик. Хулосани эса яна ўзимизга қолдирайлик. Зеро, беписандлик, лоқайдлик, аввало, қонунни ҳурмат қилмасликдан бошланади. Қонун ҳурмат қилинмайдиган жамиятда эса парламент обрўсизланади ва катта-кичик муаммоларни бартараф этиш боши берк кўчага кириб қолади. Оқибат эса маълум: ҳамма ўзи билганча муаммони ҳал этишга ошиқади...

Эзоп, қадрдоним, яна бир гап қолиб кетмасин. Мен аввал ҳам айтганман: сен гарчи майиб, пакана-палағда – хизматкор-қул бўлсанг-да, ҳур фикрларинг учун ўзинг яшаган жамиятда улуғлангансан, мана, минг йиллар ўтиб ҳамки ўлмасдан, ҳозир мен билан суҳбатлашиб ўтирибсан. Бунинг учун замондош­ларингга раҳмат айтаман!..

Бори шу эди – тамом!..

Аслиддин АЛИМАРДОН,

шарҳловчи