Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Саид-Абдулазиз Юсупов: “Миллий тикланиш” партияси фаолларини дебатга чорлайман!

Саид-Абдулазиз Юсупов: “Миллий тикланиш” партияси фаолларини дебатга чорлайман!

“Ўзбекистон 24” радиоканалидаги “Постскриптум” эшиттиришида “Миллий тикланиш” партияси вакилларининг дебатга тайёр эмаслиги ҳақидаги танқидим ортидан мазкур партиянинг “муносабати”ни ҳамда теледебатга чақириғини ўқиб, мамнуният билан бу таклифни қабул қилдим.

Аммо “Миллий тикланиш” партияси фаолларига дебат­олди баъзи фикрларимни етказиб қўйишни лозим, деб ўйлайман.

Биринчидан,  ҳар бир сиё­сий партия учун зарур бўлган сиёсий ирода ва маданият деган тушунчалар бор. “Миллий тикланиш”  муқаддас ном. У ўзида миллий маънавий, маданий қадриятлар сингари бизни БИЗ қилган, миллатни улуғлайдиган ўзига хосликни англатади. Асосий аргументларимни теледебат учун сақлаб қўйган ҳолда, эътиборингизни бир нуқтага қаратмоқчиман. Сизни дебатга тайёр эмас, деб баҳо беришимда аввало ҳовлиқмалик ва асосий масала қолиб, шахсга ўтиб кетишингизни айтгандим. Кеча эълон қилган ўз “муносабат”ингизда айни хатоларга йўл қўйдингиз. Бир сиёсий партия ўлароқ, “ўзингизга хос” хислат – ҳовлиқмалик билан менинг бир думалаб O‘zLiDeP аъзосига айланиб қолганимни айтибсиз. Аввало, агар сизнинг партиянгизга аъзолик бир думалаб амалга оширилса, бизнинг партиямизда бундай ҳолат йўқ! O‘zLiDePга аъзо бўлишни хоҳловчилар партиямизнинг ҳудудий бўлимига келиб, ариза билан мурожаат қилади. Яъни, ўз сиёсий иродаси билан бизнинг партиямизга аъзо бўлади, бир думалаб эмас! Шахсан менинг қачондан бери бу партияга аъзо бўлганимни билмоқчи бўлсангиз айтай: 25 ноябрь, 2017 йилда! Аъзолик гувоҳномамнинг рақами № 0387050.

Иккинчидан, ўз “муносабат – баёнот”ингизни қўрқоқ аввал мушт кўтарар деб бошлабсиз. Биз мактабда ўқиганимизда, кейинчалик университетда мантиқ деган фанни ўқиганмиз. Ўша фаннинг таъсири бўлса керак, айтаётган гапимиз учун масъулликдан ташқари унинг қанчалик мантиқлилиги хусусида ўйлаб кўрамиз. Мен бир партия аъзоси сифатида, шунчаки эмас, асоссиз эмас, асосли равишда (бу сабабларга теледебатда батафсил тўхталамиз ҳали!) танқидий фикр билдиришимга сабаб бор эди. Диққат қилинг: сабаб деяпман, қўрқув эмас! Мен бир сиёсий партия вакили ўлароқ, бошқа партия бўлган сизнинг партиянгиздан қанақа қўрқувим бўлиши мумкин? Умуман, демок­ратик-ҳуқуқий давлат фуқароси сифатида қонун устуворлиги ҳамда шахс ҳуқуқлари таъминланаётган бир жамиятда яшаб туриб, қайсидир сиёсий партиядан нега қўрқишим керак? Агар сиз мени сиёсий қўрқоқликда айблаётган экансиз, демак, сиз ўз партиянгизни “қўрқитувчи” деб ҳисобласангиз керак ёки давлатимизда сиёсий партиялар ҳақида кескин танқидий фикр билдирган шахс барибир қўрқиб яшаётган шахс деб хулоса қилган бўлиб чиқасиз. Нима, мен яшаётган давлат авторитар ёки тоталитар давлатмидики, мен сиёсий партия вакилларини танқид қилишдан қўрқсам?!

Учинчидан, сиёсий маданият деган тушунча бор. Агар сиз сиёсий партия вакили бўлсангиз ва ўзингизни сиёсий маданиятли деб ҳисобласангиз, аввало, бунинг учун маданиятли шахс бўлиш кераклигини билишингиз даркор. Маданиятли шахс эса, биринчи навбатда, ўз оппонентига ҳурмат билан муносабатда бўлиши лозимлигини билишингиз шарт! Бугун менга даб-дурустдан телефон қилиб, “Миллий тикланиш” партияси билан соат учда радиода дебат бўлади, “Адолат” партияси вакили ҳам келаркан “Миллий тикланиш”ни қўллаб-қувватлашга, боришингиз шарт экан, дейишди.  Биринчидан, мени сиз теледебатга даъват қилгандингиз, радиодебатга эмас! Иккинчидан, мен билан дебатга киришмоқчи экансиз, бошқа партия вакилини таклиф қилиш орқали менга қарши бирга-бир эмас, коалицион ҳужум уюштирмоқчимисиз? Марҳамат унга ҳам тайёрман! Мен ҳеч қайси партия вакилини “қўшимча куч” сифатида чақирмайман, менинг фитратимда “кураш”га бировга ишониб чиқиш йўқ! Учинчидан, мен мамнуният билан юқорида айтганим каби теледебатга таклифингизни қабул қилдим. Фақат бир маданиятли инсон сифатида “Миллий тикланиш” партияси раҳбари, ҳурматли Сарвар Отамуратов ёки айни партия вакили, депутат ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодиров билан ўзларига қулай пайтда, хизмат сафарларидан холи бўлиб, тайёрланишга имкон топганларида дебатга чиқишга таклиф этаман. Жамиятда ва ўз сиёсий элитаси манфаатларида масъул бўлганлари “Миллий – маънавий аҳволимиз” мавзусида дебат қилишга тайёрлигимни билдираман. Асосий битта талабим, теледебат онлайн тарзда эфирга узатилса ёки онлайн тарзда интернет каналларида эфирга узатилса, бас! Самимият ва жонлиликни таъминлаш учун. Менимча, таклиф қилаётганим икки номзоднинг қайси бири рози бўлишидан қатъи назар, уларнинг иш графиги олдиндан тўлалиги ҳамда менинг ҳам хизмат сафарларим, режалаб қўйган ишларимни, энг асосийси – жонли эфир имкониятларини тайёрлаш учун вақт зарурлигини ҳисобга олиб, 2018 йил октябрь ойининг 10-санаси ва 20-санаси оралиғида ўтказишни таклиф этаман.

Тўртинчидан, бир нарсани яхши билиб олинг, мен ҳеч қандай депутат эмасман, партиямиз Марказий Кенгаши аппарати масъул ходими ҳам эмасман. Аммо мен O‘zLiDeP аъзоси, ўз фитратим билан либерал-демократман! Сизнинг партиянгиз вакилларини кес­кин танқид қилишимдан мақсад сайловолди компаниясида ўзимни кўрсатиш ёки депутатликка номзод сифатида танилиш ёхуд бошқа бир сиёсий мақсадим йўқ. Мақсадим битта – мавжуд муаммо юзасидан соғлом ва маданий бир шаклда дебат қилиш!

Бешинчидан, унутмангки, бугун жамият тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Бу учун барчамиз ўз қадамларимизни масъулият ва профессионаллик билан қўйишимиз, ортиқча амбицияларга берилмасдан ақл билан иш кўришимиз даркор. Бугун биз – қайси партия вакили бўлишимиздан қатъи назар, дебат ёки мунозараларни бир-бирини ёмонлаш, шахсни ҳақорат қилиш, камситиш учун эмас, соғлом фикр алмашиш ҳамда соғлом баҳс орқали плюрализмни шакллантириш учун керак.

Умид қиламанки, оппонент тараф вакиллари, сиёсий маданиятга амал қилгани ҳолда онлайн теледебатга таклиф қилган томон мажбурияти сифатида ташкилий ишларни ўз зиммаларига олишади ҳамда камида беш кун олдин расман таклиф этишади.

Ҳурмат ва самимият билан ўз эҳтиромимни билдирган ҳолда,
Саид-Абдулазиз ЮСУПОВ.