Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Саида Мирзиёева тўртинчи ҳокимият бўла олмаётган ОАВ фаолиятига тўғаноқ сабабларни маълум қилди

Саида Мирзиёева тўртинчи ҳокимият бўла олмаётган  ОАВ фаолиятига тўғаноқ сабабларни маълум қилди

Халқнинг муносиб ҳаёт кечириши учун ўтказилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига ва жаҳон жамоатчилигига тўғри, тезкор, холис ва тўлақонли етказиб беришда оммавий ахборот воситалари, айниқса, давлат ахборот хизматларининг самарали фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Ахборот хизмати давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги мулоқотни амалга оширувчи кўприк вазифасини бажаради. Давлат органи ва халқ ўртасидаги мулоқот қанчалик яхши таъминланса, давлат органларига бўлган ишонч ва ҳурмат шунчалик ортади, деб ҳисоблайди Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева.

28 май куни Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан «ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари»  мавзусида республика конференцияси  ташкил этилди. Анжуманда қонун ижодкорлари, халқаро нодавлат ташкилотлар ва элчихона вакиллари, мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди. 

Унда нутқ сўзлаган Саида Мирзиёева Ўзбекистон матбуотининг нега тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарила олмаётганига эътибор қаратиб, бунга вазирлик ва идоралар раҳбарларининг матбуот котиби ёки ахборот хизматларига эътиборсиз муносабатини асосий сабаб қилиб кўрсатди. 

«Бу ҳолатларга барҳам бериш мақсадида жорий йилнинг февраль ойида «Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги Президет Фармони имзоланди. Агентлик зиммасига яна бир муҳим, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада ривожлантириш ва бу борадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш вазифаси ҳам юклатилган.

Ўрганишлар шуни кўрсатадики, соҳадаги асосий муаммо бугунги кунда ягона давлат ахборот сиёати тўғрисидаги концептуал ҳужжатнинг мавжуд эмаслигидир. Ҳозирда ушбу ҳужжат тайёрланмоқда, аммо уни амалга оширувчи ахборот хизматларининг фаолияти кун талабига жавоб берадими? Уларнинг ишини фаоллаштириш учун нима тўсиқ бўляпти?», — дея савол билан анжуман иштирокчиларига юзланди Мирзиёева. 

Агентлик директори ўринбосарининг таъкидлашича, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларида ахборот хизматлари фаолияти деярли олиб борилмаяпти. 

«Иш ҳажмининг кўплиги ва қўшимча вазифалар юклатилиши сабабли ахборот хизматлари қониқарсиз аҳволда. 10дан ортиқ республика даражасидаги давлат идораларида ва 200га яқин туман/шаҳар ҳокимликларида ҳалигача ахборот хизмати йўлга қўйилмаган. Давлат ташкилотларида ахборот хизматига етарлича штат бирлиги ажратилмаганлиги сабабли фаолият суст олиб бориляпти, уларнинг мавқъеи паст. Кўпгина давлат органларининг раҳбарлари бу масалага жиддий эътибор қаратмаяпти, штатлар малакали мутахассислар билан тўлдирилмаган, моддий-техник база яратилмаган. Давлат органларининг веб-сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, мобил мессенжерлар орқали тезкор ахборот тарқатишлари оқсамоқда. Давлат идораларининг интернетдаги саҳифаларида фойдаланувчилар сони ниҳоятда кам. Уларнинг веб-сайтларига кирувчиларнинг умумий сони 400 минг, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига мурожаат қилувчилар 150 минг, Телеграм мессенжеридаги кузатувчилари 300 минг нафардан ошмайди. Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар 20 миллиондан юқорилигини ҳисобга олсак, бу кўрсаткич жуда паст», —  дея таъкидлаган у.  

Натижада фуқаролар янгиликларни хорижий манбалардан олишга, ўз мурожаатларини чет эл ОАВ орқали чиқаришни афзал кўриши анжуманда алоҳида қайд этилди. 

Саида Мирзиёева давлат органлари ўз фаолиятини самарали йўлга қўймоқчи бўлса, оммавий ахборот воситалари билан фаол мулоқот олиб бориши талаб этилишини билдириб, бунинг учун ахборот хизматлари ишини тубдан ўзгартириш кераклигини айтди. Бу борада бир неча вазифалар белгилаб олинди:

Давлат органларининг ахборот соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ягона давлат ахборот сиёсати концепциясини қабул қилиш лозим. Бу ҳужжат давлат идораларининг ахборот соҳасидаги мажбурият, вазифа ва ваколатларини белгилаб беради.

«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Президент Қарорини қабул қилиш таклифи илгари сурилмоқда. Қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ахборот хизмати вакилларининг вазифалари, ваколатлари, мажбуриятлари, матбуот котибларининг ташкилотдаги ўрни ва мақоми, моддий-техник ва молиявий таъминоти, шарт-шароитлари, малака ошириш имкониятлари тубдан яхшиланиб, ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланади. Жумладан, матбуот котибининг мақомини ошириш, уни давлат органи раҳбарининг маслаҳатчисига айлантириш, иш ҳақи, транспорт ва тиббий хизмат борасида раҳбар ўринбосарига тенглаштириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистоннинг имижи ва нуфузини халқаро майдонда ошириш бўйича мутлақо янги механизм яратиш, яъни республиканинг чет элдаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналарида мавжуд пресс-аташеларни ахборот иши бўйича маслаҳатчига ўзгартириш бўйича таклиф киритилмоқда. Лойиҳада ахборот хизматининг вазифалари аниқлаштирилган, яъни бунда веб-сайтни юритиш, ОАВ учун тадбирлар ташкил этиш каби умумий вазифалар қаторида, ташкилот имижини яратиш ва ривожлантириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш, ижтимоий сўровномалар ўтказиш белгиланган. ОАВ ва интернет тармоғида эълон қилинган, резонансга сабаб бўлаётган чиқишларга тезкор ва аниқ муносабат билдириш ҳам қўшилмоқда.

Ахборот хизматлари давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликларида камида 4 нафар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бўйсунувидаги идоралар ва ҳудудий бошқармалари, туман /шаҳар ҳокимликларида камида 2 нафар штат ташкил этилиши белгиланмоқда. Шунингдек, кейинчалик давлат мукофотларига тавсия этиш ва тақдирлаш мақсадида ахборот хизматлари фаолиятини баҳолаш мезонлари ва рейтинг тизими ҳам ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида жамоатчилик билан алоқалар бўйича янги факультет ва матбуот котиби тайёрлаш бўйича магистратура йўналиши ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ахборот хизматлари раҳбарлари ва ходимлари малакасини мунтазам ошириб боришга оид замонавий тенденциялар ва билимларни етказиб бериш мақсадида Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ҳар икки йилда бир маротаба малака ошириш курсларини ташкил этиш режалаштирилган.

Манба: "Кun.uz" нашри.