Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

САМАРАЛИ ДЕПУТАТЛИК НАЗОРАТИ Ургут эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ривожлантиради

САМАРАЛИ ДЕПУТАТЛИК НАЗОРАТИ Ургут эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ривожлантиради
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган энг долзарб ва муҳим вазифалар депутатлардан ишга янгича ёндашувни тақозо этмоқда. Эндиликда электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, халқ билан мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш, сайловолди Дастурда белгиланган мақсад-вазифаларни рўёбга чиқариш партия ташкилотларининг кундалик ишига айланди, айниқса, депутатлик назорати институти босқичма-босқич янада такомиллаштирилмоқда. Депутатларнинг сўров юбориш ва мансабдор шахсларнинг ҳисоботини эшитиш каби ваколатларига муносабат ўзгарди. Тараққиётимизнинг янги босқичида номига сўров юборадиган депутат ҳам, номига ҳисобот берадиган мансабдор шахс ҳам қолмаслигини бугунги давр кўрсатиб қўйди.
– O’zLiDePдан маҳаллий кенгашларга сайланган депутатларимиз нафақат аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишда, балки самарали депутатлик назоратини ўрнатиш орқали янги корхоналар ташкил этиш ва иш ўринларини яратишда ҳам фаоллик кўрсатишмоқда, – дейди партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси депутатлик бирлашмалари билан ишлаш бўлими мудири Собир Жабборов. – Сирдарёлик депутатларимизнинг Янгиер кичик саноат зонасини ташкил этишда фаол иштирок этгани фикримизга яққол далилдир. Таъкидлаш керакки, Президентимизнинг шу йил 30 мартдаги “Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида кичик саноат зонасини барпо этиш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Сирдарё вилоятидаги депутатлик гуруҳлари томонидан тегишли вазирлик, идора ва тижорат банкларига 30 дан ортиқ депутатлик сўровлари юборилди. Бундан ташқари, тадбиркорлар билан доимий учрашув ва семинарлар ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари, таклиф ва тавсиялари ўрганилди.
Дарҳақиқат, кичик саноат ва эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил этилиши партиямизнинг сайловолди Дастуридаги мақсад-вазифаларга уйғун ва ҳамоҳанг. Зотан, бундай саноат зоналарининг партиямиз электорати бўлган – тадбиркорларнинг даромади ошиши ва корхоналарнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашдаги аҳамияти беқиёс. Ана шу ҳаётий ҳақиқатни теран англаган O’zLiDePнинг Самарқанд вилоятидаги депутатлик гуруҳлари ҳам “Ургут эркин иқтисодий зонаси”ни ташкил этишда самарали депутатлик назоратини ўрнатишди.
Таъкидлаш керак, Президентимизнинг жорий йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлмоқда. Эркин иқтисодий зонада ташкил этиладиган корхоналарга солиқ ва божхона имтиёзларининг тақдим этилаётгани эса инвесторлар учун айни муддао.
– Инвестор, энг аввало, ўз маблағларини кўпайтириш ҳақида ўйлайди, – дейди Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Отабек Ахтамов. – Унинг учун имтиёзлар билан бир қаторда ишлаб чиқариш қувватларига салбий таъсир этмайдиган мезонларнинг бўлмаслиги ҳам муҳим. Депутатлик гуруҳимиз халқ депутатлари вилоят Кенгашига масала олиб чиқишда айни шу жиҳатга эътиборга қаратди. Жумладан, “Ургут эркин иқтисодий зонаси”ни ташкил этишда канализация, электр таъминоти, газ, сув таъминоти ҳал этилмагани, эркин иқтисодий зона учун ажратилган Мерганча ва Пастдарғом туманидаги Дўстлик ҳудудида маҳаллий аҳоли томонидан ноқонуний қурилишлар амалга оширилгани депутатлик гуруҳимизнинг эътирозларига сабаб бўлди. Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши эътирозларимизни ҳисобга олиб, мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича қарор қабул қилди, мутасадди идораларга вазифалар юклатилди. 
Дарвоқе, янги эркин иқтисодий зонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш, тўқимачилик, пойабзал ва чарм-галантерея, кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари каби қатор йўналишларда замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилади. 5500 дан ортиқ иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда.
– Мамлакатимизда яратилган қулай инвестиция муҳитидан самарали фойдаланган ҳолда, Хитой давлатининг  “SHANGAI ZNOGJI MAGHINERY GO.LTD” компанияси ускуналарини харид қилиб, умумий қиймати 1 миллион 400 минг долларлик лойиҳани амалга оширмоқчимиз, – дейди Хуршид Лутфуллев. – Лойиҳага кўра корхонамизда йилига 240 минг п/м турли ўлчамдаги импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган пенопласт ва сендвич панел маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Жорий йил ноябрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган мазкур лойиҳа орқали 68 та иш ўрни ташкил этилади.
Хулоса ўрнида таъкидлашни истардикки, Самарқанд вилоятидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳлари Ургут эркин иқтисодий зонасида ташкил этиладиган корхоналар билан бундан кейин мустаҳкам ҳамкорлик қилиш ниятида. Жумладан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда эркин иқтисодий зонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларга ташқи бозордан харидор топиш, хориждаги турдош корхоналар билан ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш каби вазифалар депутатларимизнинг доимий эътиборида бўлади. Бу эса сайловолди Дастуримизда белгиланган вазифалар – тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, улар олдидаги тўсиқларни бартараф этиш, мамлакатимиз саноатини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
 
Ҳасан САЛОМОВ,
“XXI asr” мухбири