Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

САМАРҚАНД ГУЛЛАРГА БУРКАНДИ

САМАРҚАНД ГУЛЛАРГА БУРКАНДИ
Гул – табиатнинг беқиёс мўъжизаси. Унга қараб инсоннинг баҳри дили очилади, руҳиятини ажиб сокинлик чулғайди. Ҳаёт ҳам бамисоли гул: ифори ҳам бор, тикони ҳам. Тикони қанчалик мўл бўлмасин, гўзаллиги барибир эътиборни тортаверади. Шоирнинг “Гулни гул дерму киши гулнинг тикони  бўлмаса...”, дея битган ўтли мисралари замирида шу мажоз ётса, ажабмас.
O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши ҳамда Ориф Гулханий уй-музейи ташаббуси билан  “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида “Самарқандни гулга буркайлик 1+10” гуллар фестивали бўлиб ўтди. Мазкур тадбир “Мустақиллигимизнинг 26 йиллигига 26 минг гул” акцияси доирасида ўтказилди. Унда  депутатлар, партия фаоллари, ёшлар,  қалам аҳли ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Оқдарё туман маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган мазкур тадбирда ҳудуддаги мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, Ёшлар иттифоқи туман бўлими вакиллари, ҳаваскор гулчилар ўзлари парваришлаётган гуллар тақдимоти билан иштирок этди.
Боғ ичидаги саҳна яқинидаги жилоланаётган фаввора атрофида жойлаштирилган турли-туман хона гуллари, манзарали ўсимликлар, гулдасталар, мактаб ўқувчилари томонидан чизилган расмлар, бе­заклар кўргазмалари ажиб манзара касб этди.
– Бобокалонимиз Ориф Гулханий гулларни, нафосатни севган. Бугунги тадбирдан мақсад ҳам ёшларни гўзалликка ошно этиш. O‘zLiDeP билан биргаликда бу тадбирни Самарқандда бошладик, истагимиз энди уни мамлакатимиз бўйлаб кенг ёйиш. Токи, бу эзгу мақсад ҳар бир кўчага, ҳар бир хонадонга кириб борсин. Тадбирга Ориф Гулханий яшаган ҳовлида парвариш­ланаётган 26 000 та хонаки ва боғ гуллари, ўсимлик уруғларини иштирокчиларга улашиш учун олиб келдик. Тадбирни бежизга “Самарқандни гулга буркайлик 1+10” деб номламадик. Агар гулсевар битта гулни йил давомида ўнта тувакда кўпайтириб, ўн нафар кишига улашса, мақсадимизга эришган бўламиз.
 Мазкур акция ўн йилдан бери Самарқанд шаҳрида  “Ҳар бир ўқувчи ўз гулига эга бўлсин” шиори остида ўтказиб келинар эди. Бу йил қамровини кенгайтириш мақсадида туманларда ҳам ўтказишга қарор қилинди.
Фестиваль доирасида тувакларда парваришланган гуллардан кўргазмали воситалар ясаш, бино ва хиёбонларни безатиш, гулдаста тайёрлаш каби йўналишлар бўйича танлов ғолиблари аниқланди. Ғолиблар O‘zLiDeP вилоят Кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Муҳаббат РАВШАНОВА,
“XXI asr”  мухбири