Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Самарқанд: ҳудудларни субвенциядан чиқариш ­– замон талаби

Самарқанд: ҳудудларни субвенциядан  чиқариш ­– замон талаби

        Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган давра суҳбати ушбу фикр атрофига қурилди. Банк-молия академияси ва Самарқанд вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу анжуман “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини ошириш ва субвенциядан чиқаришнинг долзарб масалалари” деб номлангани бежиз эмас.

         Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Банк-молия академияси, Самарқанддаги бир неча олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва илмий ходим-изланувчилари, Ўзбекистон Иқтисодчилар уюшмаси, қатор вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, вилоятнинг туман, шаҳар ҳокимлари ва ўринбосарлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, партия фаоллари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбир ҳар томонлама самарали бўлди.

     Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Бахтиёр ЯКУБОВ сўзга чиқиб, айни тадбирнинг аҳамияти хусусида сўз юритар экан, шундай деди:

     – Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган ўта муҳим вазифаларни олдимизга қўйди.

      Партиямиз томонидан Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар тузилиб, ушбу вазирлик ва қўмиталар ҳамда уларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлинмалари билан биргаликда партия фракцияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман, шаҳарлар кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган энг муҳим вазифани марказда ва жойларда зарур даражада амалга ошириш бўйича аниқ режа асосида самарали иш олиб бормоқда. Жойларга чиқиб, тегишли йўналиш­ларда ўрганишлар ўтказилмоқда. Ана шундай ўрганишлардан келиб чиқадиган хулосаларни бугун сизлар билан Самарқанд вилояти мисолида очиқ ва конструктив тарзда муҳокама қилаяпмиз.

Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги кунда вилоятнинг бир қатор туманлари бюджетдан бериладиган субвенция ҳисобидан қопланмоқда. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бундай қарамликдан қутулишнинг йўли – ишлаб чиқариш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати, хизмат кўрсатиш соҳаларини жадал ривожлантириб, бюджет даромадларининг асоси ҳисобланган солиқ тушумларини кўпайтиришдан иборат. Туманларни субвенциядан чиқариш асосан саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, янги корхоналарни ташкил этиш бўйича лойи­ҳаларнинг бажарилиши ҳисобидан бюджетга қўшимча даромадлар киритиш орқали амалга оширилади.

Бугунги кенгайтирилган амалий давра суҳбатидан кўзланган асосий мақсад депутатлар, партия фаоллари, соҳа мутахассислари, тегиш­ли вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирокида барча ўрганишлар натижаларини атрофлича таҳлил қилиб, биргаликда зарур таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш, ҳудудларнинг даромад базасини мустаҳкамлаш ва туманларда бюджетдан олинаётган субвенция улушини камайтириш бўйи­ча қабул қилинган дастурларнинг ижросини алоҳида назоратга олишдир. Шунингдек, мазкур дастурларда амалга оширилиши белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш бўйича тегишли вазифаларни ҳам белгилаб олиш айни муддао.

– Бугунги кунда мамлакатимизда маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини ошириш ҳисобига ҳудудларни комплекс ривожлантириш, маҳаллий бюджетларга тушумлар миқдорини кўпайтириш ҳамда солиқ йиғилувчанлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар мазкур йўналишдаги ишларни нафақат ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаяпти, балки, уни янада ривожлантиришга ҳам хизмат қилаяпти. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 июндаги “Маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 июндаги “Маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтириш захираларини аниқлаш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 445-сонли қарори бу борада дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда, – деди Самарқанд вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шунқор ХУДАЙБЕРДИЕВ.

– Барча ҳудудларда бўлгани сингари Самарқанд вилояти туманларини ҳам босқичма-босқич субвенциядан чиқариш бўйича юқоридаги фармон ва қарорлардан келиб чиққан ҳолда ҳудудий дастурлар қабул қилинган бўлиб, улар изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Айни пайтдаги ҳолатга назар ташлайдиган бўлсак, вилоятнинг 9 та тумани вилоят бюджетидан субвенция олиши режалаштирилган. Шундан жами харажатдаги субвенция улуши Нуробод туманида 12 фоиз, Тайлоқда 34 фоиз, Нарпайда 37 фоиз, Қўшработда 50 фоиз, Булунғурда 51 фоиз, Каттақўрғонда 54 фоиз, Пахтачида 55 фоиз, Пайариқда 57 фоиз ва Иштихонда туманида 59 фоизни ташкил этади.

Албатта бу кўрсаткичларни қисқартириш, туманларнинг бюджет маблағларига қарамликдан олиб чиқиш мақсадида жорий йилда Самарқанд вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига асосан саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги йўналишида қиймати 2007,6 миллиард сўмлик жами 2292 та лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Масалан, соҳалар кесимида олиб қарайдиган бўлсак, биргина саноат соҳасида қиймати 1053,6 миллиард сўмлик 406 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 9500 га яқин иш ўринлари яратиш устида иш олиб борилмоқда. Бундан ташқари вилоятнинг 5 та тумани, жумладан жорий йилда Нуробод, 2019 йилда Қўшработ ва Тайлоқ, 2020 йилда Булунғур ва 2021 йилга келиб, Нарпай туманлари субвенциядан чиқарилиши, қолган 4 та ҳудуд, яъни Пайариқ, Иштихон, Пахтачи ва Каттақўрғон туманларининг харажатдаги субвенция улуши ўртача 56 фоиздан 25 фоизгача туширилиши назарда тутилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, O‘zLiDeP билан йўлга қўйилган бу борадаги ҳамкорлик ва партия ташаббуси билан ташкил этилаётган бу каби тадбирлар мазкур соҳада зарур таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишга ҳамда эътибордан четда қолган масалаларни аниқлашимизда муҳим аҳамият касб этаяпти.  

Ушбу вазифалар ижроси доирасида O‘zLiDeP томонидан Банк ва молия академияси ҳамда Ўзбекистон Иқтисодчилар уюшмаси билан ҳамкорликда тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаш жоиз.

– Мамлакатимиз раҳбари томонидан таъкидланганидек, ҳар бир шаҳар ва туманларда солиққа тортиладиган базани кенгайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш орқали ҳудудларнинг бюджетлари субвенциядан олиб чиқилиши керак. Мазкур вазифаларни амалга оширишга киришишдан олдин масалага илмий асосда ёндашилиб, ҳар бир ҳудуднинг салоҳиятини комлекс ўрганиш тақозо этилади. Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида амалга оширилган ўрганишлар натижасида беш йўналиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди, – деди Банк-молия академиясининг биринчи проректори Шерзод АХТАМОВ. – Хўш, йўналишлар бўйича қандай таклифлар илгари сурилмоқда?

Биринчидан, ҳудудларда янги корхоналарни ташкил этиш ва ҳамда бошқарувнинг илғор шаклларини жорий этиш орқали ҳудудлар иқтисодиётини диверсификация қилиш лозим. Зеро, мазкур босқични самарали амалга оширмасдан туриб субвенциядан қутулиш ҳақида гапириб бўлмайди. Шу боис, ҳар бир туманнинг шарт-шароитини инобатга олган ҳолда энг сўнгги технологияларга асосланган тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш маҳаллий ҳокимиятларнинг бирламчи вазифасига айланиши керак.

Иккинчидан, ҳудудлар бюджети даромадларини оширишнинг ички захираларини топиш, бу борада зарур чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш масаласи ҳам долзарб аҳамиятга эгадир. Таъкидлаш керакки,  ўрганишлар жараёнида бу борада ҳудудларда ҳали қилиниши керак бўлган ишлар бисёр эканлиги маълум бўлиб қолди.

Учинчидан, солиқ солинадиган субъектларни солиққа тортиш тизимини тубдан такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бунда асосан бир қатор маҳаллий солиқлар самарадорлиги ва маҳаллий бюджет даромадлари тушуми пастлигини ҳисобга олган ҳолда, зарур ислоҳотларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Тўртинчидан, туманлар бюджетининг ўз-ўзини таъминлаш даражасини оширишда Самарқанд вилояти ижроия органлари ва ҳокимлигининг иштирокини янада фаоллаштириш талаб этилади. Мазкур йўналишда вилоят ижроия органлари ва ҳокимлиги фаол иш олиб бориб, солиқ солинадиган субъектларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш, инвестиция киритиш шарти билан ишга туширилган корхоналарни инвентаризациядан ўтказишни жадаллаштириш ва самарасиз фаолият юритаётган корхоналарни салоҳиятли тадбиркорларга топшириш каби кечиктириб бўлмас вазифаларни бекаму кўст бажариши лозим.

Бешинчидан, бюджет ижроси ва бюджет даромадларини ошириш борасидаги ишларни самарали йўлга қўйиш учун, энг аввало, туманлар миқёсида солиқ, молия ва кадастр хизматлари ва бошқа идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш даркор. Бу нима дегани? Яъни мазкур жабҳада, аввало, замон талабидан келиб чиқиб, электрон ҳукумат доирасида туман даражасидаги барча ижрочи ва вакиллик органлари миқёсида ягона ахборот базаси яратилса, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Бу бир томондан солиқларни яширишга қарши курашиш самарадорлиги оширса, бошқа томондан барча битимларнинг шаффоф бўлишини таъминлайди.

Умуман олганда, юқорида келтириб ўтилган йўналишлар бўйича биргаликда тизимли иш олиб борилса, вилоят туманларини субвенциядан чиқаришга доир дастурлар ва бошқа устувор вазифалар ижроси босқичма-босқич ўзининг амалий ечимини топиб бораверади.

– Мулоҳазани давом эттириб, айтиш мумкинки, Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларга биноан туманларни субвенциядан чиқариш ва шу орқали маҳаллий бюджетларнинг молиявий барқарорлигини янада мустаҳкамлаш масаласи нафақат Самарқанд вилояти туманларида, балки, мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам чуқур таҳлиллар асосида ўрганилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ жойларда аниқ мақсадларни ўзида акс эттирган комплекс чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ этиляпти. Бу эса бугун давлат бош­қарувида марказлаштиришдан қочиш тамойили, маҳаллий ҳокимиятлар ролини кучайтириш ва маҳаллий бюджетларни мустаҳкамлаш масаласи кун тартибига чиққанлигидан далолатдир, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Адҳам ШОДМОНОВ.

– Бугунги анжуманда Самарқанд вилояти мисолида амалга оширилган ўрганишлар, ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялардан шундай хулосага келиш мумкинки, парламент қуйи палатасидаги йирик қўмита ҳисобланган Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, қолаверса, партиямиз фракцияси аъзолари ҳамда маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари эндиликда марказда ва жойларда давлат бошқаруви органларининг, бюджет ташкилотларининг бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, молиявий интизомга риоя қилиш, шунингдек, Бюджет кодекси нормалари ҳамда қоидалари ижро этилиши устидан назоратни янада кучайтириши лозим. Яна шу нарса аён бўлмоқдаки, ҳокимиятнинг қуйи поғоналарида дуч келинаётган муаммоларни ҳал қилиш механизми қонунчиликдаги ўзгартишларда акс этиши зарур. Шу маънода ушбу анжуманда турли соҳа вакиллари томонидан билдирилаётган фикр-мулоҳазаларни атроф­лича ўрганиб, тегишли масалаларни қўмитамиз муҳокамасига киритамиз ва ўз навбатида уларни Қонунчилик палатаси йиғилишларида ҳам кўриб чиқамиз.

– Бугун кўтарилаётган мавзуга, ҳам илмий, ҳам амалий жиҳатдан ёндашган ҳолда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, вилоят туманларини субвенциядан чиқаришда янги корхоналарни ташкил этиш ҳамда бошқарувнинг илғор шаклларини иқтисодиётнинг диверсификация даражасини оширишга хизмат қилишини таъминлаш энг муҳим йўналишлардан биридир,– деди иқтисод фанлари номзоди Валентин КОТОВ. – Бунда ҳар бир туманнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда иш юритилиши мақсадга мувофиқдир. Биламиз, Пайариқ тумани ва унинг атрофидаги ҳудудлар иқтисодиё­тининг асосини пахта ташкил этади. Ҳар йили ушбу ҳудудда тонна-тонна пахта етиштирилади, лекин у ерда уни қайта ишлашга ихтисослашган бирорта завод йўқ-ку! Шуни инобатга олган ҳолда, биринчи галда ҳудудда энг сўнгги технологияларга асосланган тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ўзбекистон-Корея қўшма корхонаси иштирокида кластер ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Айтиш жоизки,  мазкур йирик лойиҳанинг амалга оширилиши маҳаллий бюджетнинг даромадлари базасини сезиларли даражада кенгайтиради. Негаки, ушбу кластерда пахта етиштиришдан бошлаб, юқори даражадаги қўшимча қийматга эга бўлган кийим-кечаклар ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади. Энг асосийси, ушбу кластернинг таркибига кирувчи корхоналар томонидан 1500 дан зиёд юқори маош тўланадиган янги иш ўринлари ташкил этилади.

Иккинчи энг муҳим йўналиш бу – инновацион агротехник ҳудудлар ташкил этиш масаласидир. Мазкур тажриба қайси туманда бўлишидан қатъи назар, ишлаб чиқаришни жадал ривож­лантиришнинг навбатдаги  истиқболли йўналиши ҳисобланади. Пайариқ туманида ҳам йил давомида сабзавот маҳсулотлари етиштиришда янги усулларни амалиётга жорий этиш ва ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида 35 гектар майдонда Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари учун юқори технологияли иссиқхоналарни ишлаб чиқариш мажмуасини яратиш режалаштирилмоқда. 

Сабзавот маҳсулотлари етиштиришнинг юқори ҳосилдорликка қаратилган технологиясини самарали ўрганиш мақсадида ушбу корхона негизида бизнес инкубатор ташкил этилиб, иссиқхона мажмуаси харидорларига ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш технологиясининг самарадорлиги билан таништириш режалаштирилган.

Маҳаллий бюджет даромадларини ошириш ва уни субвенцияга қарамликдан олиб чиқишнинг яна  бир истиқболли йўналиши ғалла, полиз экинлари ҳамда узумчилик ҳисобига лалми ерларда интенсив фермерлик ҳудудини барпо этишдир. Бунинг самараси ўлароқ етиштирилган қишлоқ хўжалиги масҳсулотларини сақлаш объектлари, узум ва қовунларни қуритишга ихтисослашган корхоналар, таъминот компанияси ва транспорт корхонаси ташкил этилади.

Умуман олганда, бундай инновацион ривожланиш марказини яратиш туман иқтисодиётини диверсификация даражасини оширишга, янги иш ўринларини ташкил этишга ва булар ўз навбатида бюджет даромадларини кўпайтириш ва унинг субсидияларини қисқартиришга хизмат қилади.

– O‘zLiDeP билан ҳамкорликда уюшмамиз ишчи гуруҳи томонидан ҳам Самарқанд вилояти ва унинг таркибидаги туманларнинг иқтисодий аҳволи ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида маълум бўлдики, ҳудудлар бюджет даромадларини оширишнинг яна бир мақбул йўли ички захираларни топиш ва уларни ривожлантиришдан иборатдир,– деди Ўзбекистон Иқтисодчилар уюшмаси раиси Шавкат ТЕШАЕВ. – Хусусан, туманлар маҳаллий бюджетининг даромадларни ошириш учун ички захираларни топиш бўйича қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф этилмоқда:

Биринчидан, бюджет даромадларини кенгайтириш учун ер участкалари ҳамда уй-жой фонди эгаларидан солиқ тўловчиларни қамраб олиш мақсадида туманнинг солиқ, молия ва кадастр хизматлари ўртасидаги амалдаги мавжуд ўзаро ҳамкорликни тубдан қайта кўриб чиқиш керак. 

Иккинчидан, соддалаштирилган солиқ тизими доирасида фаолият юритувчи ва имтиёзларга эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлардан даромад солиғи тушмаётганлигини ҳисобга олиб, бу амалиётни қайта кўриб чиқиш зарур. Қолаверса, бир қатор субвенциядаги туманларда кузатилган амалиёт – ушбу туманларда фаолият юритаётган ўнлаб корхоналарнинг солиқларни Тошкент шаҳрида тўлаётганлигига гувоҳ бўлдик. Албатта, улар томонидан тўланаётган солиқлар маҳаллий бюджетга тушса, айни муддао бўлар эди. Шунингдек, аксарият ноль қийматда берилган корхоналарнинг ишламай тургани ҳам тушуниб бўлмайдиган ҳолат. Битта Булунғур туманида 57 та корхонадан 20 таси ишламай турибди. Қолаверса, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг ушбу туманларда инвестицион дастурларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиши зарур. Ҳозирда шу эътибор етарли эмаслиги яққол кўзга ташланмоқда. Бунинг учун эса масалан Нарпай ва Пахтачи туманларидаги ўзлаштирилмай қолиб кетаётган саноат хомашёлари мавжудлигини айтиб ўтиш лозим. Шу билан бирга ҳалол рақобат нуқтаи назаридан бир қатор корхоналарга берилаётган солиқ имтиёзларини ҳам қайта кўриб чиқиш керак. Ушбу туманларда тадбиркорларга ўз фаолиятини йўлга қўйишда яратилаётган имкониятларни ҳам етарли деб бўлмайди.

Учинчидан эса аксарият туманларни субвенция ҳолатидан олиб чиқишдаги муаммолар маҳаллий бюджет ҳисобидан ижтимоий соҳани молиялаштиришда маблағ тақчиллиги билан боғлиқ бўлиб турибди. Ушбу масалани ҳар бир туманнинг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда қатъий белгиланган улушларда субсидия бериш орқали бартараф этиш мумкин.

Қолаверса, маҳаллий ҳокимликлар, солиқ ва божхона органлари ўртасидаги яқин ҳамкорликни йўлга қўйилиши фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва тадбиркорлар томонидан етиштирилган ҳамда ишлаб чиқарилган экспорт маҳсулотларини ҳисобга олишдан яшириш ҳолатларини бартараф этишга хизмат қилади.

Умуман олганда, O‘zLiDeP ташаббуси билан ўтказилаётган бу каби анжуманлар соҳа мутахассисларини бир жойга жамлаган ҳолда ана шундай амалий таклифлар ишлаб чиқишда муҳим ўрин тутмоқда. 

Шу ўринда савол туғилади. Хўш, СУБВЕНЦИЯ ўзи нима? Субвенция – юқори бюджетдан пастки бюджетга аниқ манзил  ва аниқ соҳага йўналтирилиб, қайтариб бермаслик шарти билан бериладиган молиявий ёрдам. Ҳозирги кунда вилоят ҳокимлиги, молия ва солиқ бошқармалари томонидан субвенциядан чиқариш учун бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳудудларни субвенциядан чиқаришда анъанавий ва ноанъанавий усуллардан фойдаланилади. Анъанавий  усулда белгиланган қонунлар асосида солиқ ва тўловларни йиғиш орқали олинган қарз миқдори қопланади ва натижада 25-30 фоизгача ички ресурсларни тўплаш мумкин. Бунда ер кадастри, молия ва солиқ бошқармалари бирлашиб фаолият олиб боришса, айни муддао бўлар эди. Афсуски, бу ташкилотлар орасидаги ҳамкорлик кўзга ташланмаяпти.

Буни  биргина Қўшработ  тумани мисолида кўришимиз мумкин. Масалан, жисмоний шахс­лар ҳақидаги маълумотлар – туман ер кадастри рўйхатида 21 минг, статистикада 23 минг, солиқ идораларида эса  16 минг, дея қайд этилган. Туман ҳокимлигидан эса 5 минг 600 та аҳоли рўйхатдан ўтказилган.

Таъкидлаш жоизки, туманларнинг субвенциядан чиқиш жараёнларини тезлаштириш, чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш учун ишбилармонлик муҳитини ошириш, инвестиция­ларни янада кенгроқ жалб қилиш борасида бир қатор ишларни амалга ошириш зарур. 

– Туманимиз бюджет даромадларини ошириш, уни субвенцияга қарамликдан олиб чиқиш борасида Президентимизнинг 2017 йилдаги Самарқанд вилоятига ташрифлари давомида берилган топшириқлар,  юзасидан барча зарурий чора-тадбирлар белгилаб олинди ва бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда, – дейди Пайариқ тумани ҳокими Абдумўмин ЖЎРАЕВ. – Хусусан, давлатимиз раҳбари топшириқлари ва қабул қилинган қатор фармон ва қарорларидан ҳамда таҳлилий ўрганишлардан келиб чиқиб, 2018-2019 йилларда комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди.

Мазкур дастур доирасида жами қиймати 346,2 миллиард сўм бўлган 122 та лойиҳа ишга туширилиши кўзда тутилган. Ушбу йилларда амалга ошириладиган лойиҳалар ҳисобига маҳаллий бюджетга қўшимча 11,6 миллиард сўм даромад ундирилиши кўзда тутилмоқда.

Кўпчиликка яхши маълум, туманимиз ва унга қўшни бир қатор ҳудудлар ҳар йили кўп миқдорда пахта етиштиради. Лекин, туманда ушбу хомашёни қайта ишлайдиган завод йўқ. Шундан келиб чиққан ҳолда туманда айни пайтда кластер кўринишида пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлаш масаласи ҳам тизимли йўлга қўйилган. Бу режа ҳаётга жорий этилса, ҳар йили йиғиб олинаётган 34 минг тонна пахта хомашёси тўлалигича ўзимизда қайта ишланади ва ички ва ташқи бозорда харидоргир маҳсулот ишлаб чиқарила бошлайди. Ҳозир бу борада иккита лойиҳа устида иш олиб бориляпти.

Хусусан, “Некст текстиль” корхонаси томонидан йиллик қуввати 6 минг 400 тонна ип калава ва 1 миллион 77 минг погонометр газлама ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, “Парадайс вайт голд текстиль” масъулияти чекланган жамияти томонидан йиллик қуввати 750 минг дона трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам амалга оширилди. Тумандаги субвенция улуши – 56,6 фоизни камайтириш учун барча чоралар кўрилмоқда, провардида 9,1 фоизга қўшимча қисқартирилади.

Бунга асосларимиз етарли. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 августдаги “2016–2017 йиллар даврида жисмоний ва юридик шахс­ларга тегишли бўлган кўчмас мулкларни ялпи хатловдан ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида туманда жисмоний шахслар эгалигидаги ер ва мол-мулк объектлари қайта хатловдан ўтказилмоқда. Жараён тўлиқ якунланиши натижасида 2018 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқ тўловларининг қўшимча ҳисобланадиган ҳамда мавжуд “боқиманда” қарздорликларини ундирилиши ҳисобидан маҳаллий бюджетга қўшимча манба сифатида 6,5 миллиард сўм маблағ ундирилиши кутилмоқда. Чунончи, Деҳқонобод, Истиқлол, Оқтош ва Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги 3273 нафар жисмоний шахс эгалигидаги бино иншоотнинг 2016 йилдаги инвентаризация баҳоси 12,9 миллиард сўмни ташкил қилган бўлса, 2017 йилда ўтказилган қайта хатлов натижасида 16,6 миллиард сўмга ошган. Натижада мол-мулкнинг инвентаризация баҳоси 3,7 миллиард сўмга ўсган қисми ҳисобидан 117,1 миллион сўм қўшимча мол-мулк солиғи ҳисобланди. Тумандаги жисмоний шахсларга тегишли бўлган барча мол-мулк объектларининг тўлиқ хатловдан ўтказилиши натижасида жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи 3,2 миллиард сўм қўшимча ҳисобланиши кутилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам, илгари хусусийлаштирилиб, бугунги кунда бўш турган бино ва иншоотлардан самарали фойдаланишда қўл келмоқда. Бугунги кунда 12 та бўш турган объект негизида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун дастур лойиҳалари ишлаб чиқилди, яна 36 та бўш турган бино иншоот аниқланиб, улардан оқилона фойдаланиш бўйича инвестиция лойиҳалари яратилиши кўзда кутилмоқда. Бу ҳам бюджетга қўшимча 500 миллион сўм солиқ ҳисобланишини кўрсатади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу йўналишдаги ишлар босқичма-босқич амалга оширилгач, 2021 йил якунида Пайариқ туманини тўлиқ субвенциядан чиқаришга эришилади.

– Юқорида тилга олинган вазифалардан келиб чиқиб, вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари депутатлик гуруҳлари ўз фаолиятида қонуний ваколат ва имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўз зиммасидаги вазифаларни лозим даражада уддалашга жиддий эътибор қаратиши зарур, – деди Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Отабек АХТАМОВ. – Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уни субвенцияга қармликдан олиб чиқиш бўйича дастурларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда биз депутатлар масъул эканимизни чуқур англашимиз, доимий комиссиялар, сессияларда муҳокамага қўйилаётган ҳар бир масалани мукаммал ўрганишимиз, таҳлил этишимиз ва шу асосда аниқ хулоса чиқаришга ва қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилишимиз, вилоят иқтисодиётини ривожлантириш борасидаги вазифалар қачон, қай тарзда, кимлар иштирокида амалга оширилганлиги ҳақида, энг аввало, фуқароларни хабардор этишимиз шарт.

Шунингдек, эндиликда партия электорати манфаатларини ифода этган ҳолда жойларда қулай ишбилармонлик муҳитини қарор топтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, лойиҳалар ижроси устидан таъсирчан депутатлик назоратини ҳар доимгиданда фаолроқ олиб боришимиз талаб этилади.

– Тўғри, ўтган йили тадбиркорлар дуч келаётган турли тўсиқлар – фаолиятни кенгайтириш учун кредит, ер майдони ёки бино ажратишда айрим муаммоларни келтириб чиқараётган ташкилотлар фаолияти устидан самарали депутатлик назорати ўрнатилди. Жумладан, 2017 йилда депутатлик гуруҳимиз томонидан ижро ҳокимияти идоралари раҳбарларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларига доир 249 та ҳисоботи тингланди. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимликлар, тегиш­ли ташкилотлар мансабдор шахслари номига амалга оширилган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтириш беришларини сўраб 1200 дан зиёд депутатлик сўрови юборилди.

Бюджетдан ажратилган маблағларнинг жойларда мақсадли ишлатилиши устидан ҳам депутатлик назорати олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан соҳа ходимлари билан биргаликда бюджет муассасаларида ўтказилган тафтиш ва текширишларда жами 4 180,8 миллион сўмлик мақсадсиз харажатлар ва камомадларга йўл қўйилгани аниқланди.

Партиямиз ташаббуси билан ташкил этилган бугунги анжуманда шу ва бошқа масалаларнинг очиқ-ойдин айтилгани, зарур таклиф ва тавсиялар билдирилгани келгусида амалга оширишимиз керак бўлган вазифаларни белгилаб олишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Бир сўз билан айтганда, давра суҳбатидан келиб чиқадиган хулосалар шу бўлдики, аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш мақсадида жойларда ҳақиқий аҳволни ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш, ҳудудий дастурларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилиш, даромад базасини мустаҳкамлаш ва юқори бюджетдан олинаётган субвенция улушини камайтириш бўйича қабул қилинган дастурларнинг ижросини алоҳида назоратга олиш, мазкур дастурларда амалга оширилиши белгиланган тадбирларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш чораларини кечиктирмаслик лозимлиги қайд этилди.

 

Муҳаббат РАВШАНОВА,

“XXI asr” мухбири