Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Самарқанд “СУВОҚОВА” давлат унитар корхонаси раҳбари “қочиб” юрибди. Ўринбосар ҳисоботлари эса эски!

Самарқанд “СУВОҚОВА” давлат унитар корхонаси раҳбари “қочиб” юрибди. Ўринбосар ҳисоботлари эса эски!

       Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.  

       Унда депутатлар, партиянинг вилоят Кенгаши, вилоят “Сувоқова” ДУК ва вилоят Инвестиция бошқармаси вакиллари, “Келажак депутатлари” гуруҳи аъзолари ҳамда фаоллар қатнашди.

       Тадбирда ҳар икки ташкилот раҳбарларининг ҳисоботлари тинглаш белгиланган эди.  Аммо, вилоят “Сувоқова” ДУК раҳбари ўтган йилдагидек бу гал ҳам қатнашмади. Унинг ўринбосари Саъдулла Зиёдуллаев эса депутатлик гуруҳининг ўтган йил июль ойидаги йиғилишида берган таклиф ва тавсиялари ижроси, шунингдек, 2018 йилга мўлжалланган чора-тадбирлари тўғрисида саволларига қониқарли жавоб бера олмади.

       – Ҳафсаламиз пир бўлгани – эшитувда аввало мазкур корхона раҳбарининг ўзи иштирок этмаётганидир, – дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Бахтиёр Хўжаёров. – Бошлиқ ўринбосари берган маълумотлар эса эски. Мажлис кун тартибига ушбу масалани бежиз киритмадик. Чунки, шаҳарларда ҳам туманларда ҳам бирдек  аҳоли томонидан соҳа фаолиятига доир кўплаб эътирозлар ҳамда камчиликларни эшитаяпмиз, гувоҳи бўлаяпмиз. Бугун ўтган йили берилган таклиф ва тавсиялар ижроси бўйича нималар қилинганини билишни истагандик. Аммо аҳвол – кўриб турганингиздек.

        – Ҳозирда Иштихон туманида эгасиз сув иншоотлари жуда кўп. Аммо кўпчилик аҳоли ҳанузгача қудуқлардан сув ичмоқда. Бу сувлар истеъмолга яроқсизлиги сабаб ўткир ичак, айниқса халқ тилида айтадиган бўлсак “сариқ” касалликлар авж олаяпти.

        Депутатлар ўринбосарга ҳудудларда эгасиз сув иншоотлари бўйича қандай ишларни амалга ошираяпсизлар? Эгасиз сув иншоотлар билан ким шуғулланаяпти? Нима учун туманларда бўш турган эгасиз сув иншоотларини ишлатиш учун ҳаракат йўқ? “Сувоқова” ДУК ҳисобида қанча сув иншоотлари мавжуд? Сув ҳисоблагичларини ким лаборатория текширквидан ўтказади? Самарқанд шаҳрида сув захиралари қанча? Йўлларнинг бузилиши туфайли ёрилган қувурлардан сув беҳуда оқиб кўчаларни кўлмакка айлантираётгани кимнинг ёхуд ниманинг ҳисобидан қопланади? каби саволлар билан мурожаат қилишди.

         Депутатларнинг таъкидлашича, “Сувоқова” ДУК раҳбарининг ўринбосари йиғилишга  тайёргарликсиз келган, яъни юқоридаги саволларнинг ҳеч бирига жавоб йўқ. Шу боис, ўн кунлик муддатда “Сувоқова” ДУК томонидан 2018 йил фаолиятини жонлантириш тўғрисида чора-тадбирлар режасини тақдим этиши сўралиб, ушбу масалалар бўйича мавжуд камчилик, муаммо ва таклифларни Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритишга келишиб олинди.

        Тадбирда шунингдек, вилоят Инвестиция бошқармасининг Регионал хорижий инвестицияларни шакллантириш бўйича бош мутахассиси Нодир Бурхоновнинг ахбороти тингланди.

Муҳаббат РАВШАНОВА,

“XXI asr” мухбири