Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Самарқанд халқаро аэропорти: Икки йўлакли тизим йўлга қўйилди

Самарқанд халқаро аэропорти: Икки йўлакли тизим йўлга қўйилди

 

       2018 йилнинг 1 январидан бошлаб юртимиздаги аэропортлар, жумладан, Самарқанд халқаро аэропортида божхона ҳудудига кириб келиш ва чиқишда "яшил" ва "қизил" йўлаклар тизими жорий қилинди. Бу тўғрисида “Зарафшон” газетаси ўзининг facebookдаги саҳифаси орқали маълумот берди.

       Бу тизим Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрда эълон қилинган "Ўзбекистон Республикаси божхона чегаралари орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори асосида йўлга қўйилди. 
      Ушбу йўлаклар фуқароларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш шароитларининг жаҳон стандартларига мослигини таъминлаш, божхона расмиятчилигини соддалаштириш, назоратнинг самарали усулларини қўллаш ва туризмни ривожлантириш учун қулай шароитларни яратиш мақсадида ташкил этилган.
      – "Яшил йўлак"нинг қулай томони шундаки, йўловчилар ушбу йўлакдан ҳеч қандай ёзма декларациясиз, олиб кириш ёки олиб чиқиш тақиқланмаган товарлар билан ўтиб кетаверади, – дейди Самарқанд халқаро аэропорти чегара божхона пости раҳбари Акбаржон Мелибоев. – Қиймати ва ёки миқдори божсиз олиб кириш нормасидан ва акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормасидан ошмайдиган маҳсулотлар эгалари ҳам шу йўлакдан ўтади. Ёзма декларациялаш талаб этмайдиган ҳамда олиб кириш ва олиб чиқишга рухсат этилган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси ҳамда хорижий валютасининг чекланган нормалари миқдоридаги маблағлари бор фуқаролар ҳам шу йўлакдан ўтади. Содда қилиб айтганда, ёнингизда қиймати 2 минг АҚШ долларигача бўлган миқдорда хорижий валютангиз бўлганда ёзма декларациясиз ўтасиз. "Қизил йўлак"да эса аксинча, белгиланган миқдордан кўп валюта билан, ёзма декларацияланиши лозим бўлган юк эгалари ўтади. 
      Жорий этилган ушбу йўлакнинг илк йўловчилари 2 январь куни "Внуково – Самарқанд" ва "Самарқанд – Внуково" авиарейси йўловчилари бўлди.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ