Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Самарқандда нима учун оилавий низолар кўпаймоқда?

Самарқандда  нима учун оилавий низолар кўпаймоқда?

Самарқанд вилоят матбуот уйида вилоятдаги барча судлар раислари иштирокида брифинг бўлиб ўтди.  Унда 2018 йилда амалга оширилган ишлар хусусида батафсил ахборот берилди.

 – Ўтган йили вилоятда умумий жиноятлар сони 2017 йлга нисбатан 32.2 фоизга камайди, – деди жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раиси Олим Ҳайитов. –Хусусан, қасддан одам ўлдириш ва суиқасд қилиш 26,2 фоизга, номусга тегиш ва суиқасд қилиш 24,9 фоизга, одам савдоси 83,3 фоизга ва порахўрлик 54,6 фоизга камайгани юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва аҳолининг ҳуқуқий маданияти ошаётганидан дарак.

Жиноят ишларини судда кўришда жамоатчиликни жалб этган ҳолда , маҳалла, Ёшлар иттифоқи, хотин-қизлар қўмиталари вакилларини жамоат ҳимоячиси сифатида иштироки таъминланиб, маҳалла фуқаролар йиғинлари кафиллиги асосида 40 нафар шахсга, хотин-қизлар кенгаши кафиллиги билан 10 нафар шахсга ва Ёшлар иттифоқи кафиллиги қўлланилиб, 52 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.   

Хўш, ўтган йилда фуқаролик ишлари бўйича судларда қандай низолар кўпайди?

– Агар бир йилда 23 746 та иш кўриб чиқилган бўлса, уларнинг 23 фоизини никоҳдан ажратиш масаласи ташкил этди, – деди фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси М. Тожибоев. – Афсуски, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги аризалар сони кўпайиб бормоқда.  Ортда қолган йилда бундай аризалар сони 5 700 тадан ошди. Бу агар ҳар бир оилада бир-икки нафар фарзанд борлигини ҳисобга оладиган бўлсак, қарийб 7 000 бола отасиз ё онасиз ўсади деганидир. Бундан ташқари, судларда кўрилаётган ишларнинг 50 фоизга яқинини оилавий низолар ташкил этади. Хусусан, мерос, уй-жой низолари билан боғлиқ ишлар, эр-хотин ўртасида мол-мулк можаролари, бола билан кўришиб туриш вақтини белгилаш, алимент ундириш кабилар... Битта онадан туғилиб, ўзаро келишолмаётган жигарлар ўртасидаги жанжаллар кўпайган. Бундай ишларни ҳал этишда маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси ва ёшлар билан ҳамкорликда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Эътиборли жиҳати, сайёр суд мажлисларида тарғибот натижаси ўлароқ 323 та оиланинг яраштирилишига эришилганидир.

Вилоят туманлараро, туман (шаҳар) судлари томонидан 23 минг 746 та фуқаролик ишлари кўрилган. Шундан 21 минг 277 таси юзасидан ҳал қилув қарори чиқарилган бўлиб, 17 минг 911 та даъво аризаси қаноатлантирилган, 3 минг 366 та даъво рад этилган, 200 фуқаролик ишида хусусий ажрим чиқарилган. Таҳлиллардан кузатилишича, фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом ва Тойлоқ туманлараро судларида ўтган йилга қараганда фуқаролик ишларнинг ўсиш тенденцияси кузатилди. Аммо оилавий низолар билан боғлиқ ишлар ҳамон юқори кўрсаткичларни ташкил этмоқда.

Бугун ҳуқуқий соҳадаги бирламчи масала шуки, одамларнинг ҳуқуқий онги, тушунчаси ошмаса, муаммолар камаймайди. Ажримлар жараёнида гувоҳ бўлдикки, аксарият йигитлар нега, нима учун уйланганини билмайди. Афсуски, шундайлар мустақил ҳаёт остонасидан ҳатлар экан, бир оиланинг эгаси бўлгач, турмушнинг оғир-енгили унинг зиммасида эканини тушуниб етмаслиги ажримларнинг яна бир сабаби бўлиб қолмоқда...

Шунингдек, қизиқарли ва ошкора руҳда кечган тадбирда вилоят маъмурий суди раиси Б.Диёров ҳамда вилоят иқтисодий суди раиси М.Бозоров ҳам ўз йўналишлари бўйича таҳлилий маълумотлар берди.

Муҳаббат РАВШАНОВА,

“XXI asr”   мухбири