Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Самарқандда КИМЛАР САБЗИ ТЎҒРАЙДИ? (Учинчи мақола)

Самарқандда КИМЛАР САБЗИ ТЎҒРАЙДИ? (Учинчи мақола)

Аввал сайтимизда “Сайёҳлар кўпаймоқда бунга тайёрмизми?” ва “ ЧИПТА ЭСДАЛИК БЎЛА ОЛАДИМИ?” сарлавҳалари остида таҳлилий мақолалар бериб ўтилгани ўқувчимизга маълум. Энди журналист Анвар Мустафоқуловнинг "учинчи" мақоласини эътиборинггизга ҳавола этамиз. Зеро, ички ва ташқи туризм масалалари ҳеч биримизни қизиқтирмай қолмайди.


Самарқандда фаолият юритаётган 107 меҳмонхона ўтган йилгига нисбатан бу йил икки баравар кўпайди. Улар  4000 нафарга етадиган сайёҳларни бағрига олиш учун етарли эмас. 

Ўзбекистон  туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ўтказилган тадбирда ҳам соҳадаги асосий муаммолардан бири меҳмонхоналар етишмаслиги, деб эътироф этилди. Уни бартараф қилишда эса Туркия тажрибасидан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

 Хўш, йилига бир неча миллион сайёҳ ташриф буюрадиган Туркияда меҳмонхона муаммоси қандай ҳал этилган?

 Туркияга сафаримиз давомида асосий сайёҳлар келадиган жойларда беш юлдузли меҳмонхоналарни кам учратдик. Кўчаларда ихчам, барча шароити бор, дабдабалардан холи, «чўнтакбоп» меҳмонхоналар қаторлашиб кетган.  Мантиқан ўйлаб қарасангиз,  истаган давлатда сайёҳларнинг фақат бир ёки икки фоизи ҳашаматли меҳмонхона ва олий даражадаги хизмат талаб қилиши мумкин. Қолган асосий сайёҳларга эса меҳмонхона фақат тунаш учун керак. Чунки саёҳат – ҳашаматли меҳмонхонада тунаш дегани эмас. Бошқа томондан, ўртамиёна, ихчам меҳмонхона қуришга имконияти етадиган тадбиркорлар ҳамма жойда топилади. Шунинг учун Туркияга борадиган сайёҳлар меҳмонхона муаммосига дуч келмайди. Индаллоси, меҳмонхоналар сайёҳлар имконияти ва талабидан келиб чиқиб шаклланади.

 "КЎЗДАН ПАНАРОҚ"

Самарқанддаги бир қатор меҳмонхоналарнинг нархи билан қизиқдик. Талаб кескин ошгани учунми, бу йил меҳмонхоналарда нарх 40 фоизгача кўтарилган. Туристик обЪектлар атрофидаги, нисбатан номдор меҳмонхоналарда нархлар 30-60 АҚШ доллари атрофида. "Кўздан панароқ" айрим мусофирхоналарда эса 60 минг сўм тўлов билан жойлашиш мумкин. Бу нархлар ривожланган Европа давлатларидан келган сайёҳларни қониқтиради. Лекин энди бизнинг асосий саёҳларимиз қўшни давлатлар аҳолиси бўлиши мумкин. Умуман, бутун дунёдаги туристик обЪектларда сайёҳларнинг катта қисмини қўшни давлатлардан келувчилар ташкил этади. Ойлик даромади ўртача 150-200 АҚШ доллари бўлган давлатлардан келувчи сайёҳлар учун эса биздаги мавжуд нархлар ноқулай бўлиши аниқ. Шундай қилиб, олдимизда турган биринчи вазифа арзон меҳмонхоналар сонини ошириш. Ҳарҳолда, уларнинг нархини буйруқ ёки тавсиялар билан тушириб бўлмайди.

Жорий йил мартида Самарқанд шаҳри бўйлаб қўшимча 25 та меҳмонхона қуриш лозимлиги Президентимиз томонидан таъкидланган эди. Вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, айни вақтда 45 нафар тадбиркорнинг меҳмонхона қуриш бўйича таклифи қабул қилиниб, тегишли тавсиялар берилган. 2019 йилнинг биринчи ярмида 5-6 меҳмонхона ишга тушиши кутилмоқда. Эътиборли томони, айрим тадбиркорлар бошқа турдаги хизмат кўрсатиш обЪектларини ҳам меҳмонхонага айлантиришга бел боғлаган.

 ТУМАНЛАРДАГИ ТУМАН

Бу борадаги яна бир муаммо шундаки, Самарқандга ташриф буюрувчи сайёҳлар ҳали-ҳамон тарихий обЪектларни кўриш билан чекланиб қолишга мажбур. Холбуки, юртимиз ўзига хос ноёб табиати, асрий урф-одатлари билан ҳам меҳмонлар эътиборини тортади. Афсуски, туманларнинг аксариятида ҳозирча меҳмонхона мавжуд эмас. Нафақат, хорижлик сайёҳлар, балки ички туризм талаблари ҳам туманларда меҳмонхона бўлишини тақозо этмоқда. Мутахассислар фикрича, туманда қурилган улкан меҳмонхона фаолияти ўзини оқламаслиги мумкин. Айни пайтда эса кичик меҳмонхонага аллақачон талаб юқори. Шу сабаб, ҳозирда вилоят туманларида, ҳеч бўлмаса, биттадан меҳмонхона қурилиши режалаштирилмоқда.

Кўриб турганингиздек, меҳмонхоналар сони бўйича муайян режалар мавжуд. Эндиги яна бир масала улардаги энг муҳим шароит билан боғлиқ. Мисол учун, Самарқанддаги меҳмонхоналарнинг асосий қисмида автотураргоҳ йўқ. Бу ҳам сайёҳлар учун ноқулайлик келтириб чиқаради. Тўғри, меҳмонхона ихчам бўлсин деяпмиз. Аммо унда зарур шароит ҳам бўлиши шарт-да.

Самарқандга оилавий ташриф буюрадиган сайёҳлар ҳам кўпаймоқда. Аммо ҳозирча аксарият меҳмонхоналарда айтайлик, болалар учун шароит йўқ. Ўзимиз борган бир қатор меҳмонхоналарда болалар ётоғи ҳақида сўраганимизда: «Мана шу катта каравотларга болалар ҳам ётса бўлаверади» деган жавобни эшитдик. Аммо хизмат кўрсатишда «бўлаверади» деган гапнинг замони ўтганини англаб етишимиз керак энди.

 УЙ-МЕҲМОНХОНА ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?

Кейинги йилларда Самарқандда уй-меҳмонхона анъанаси шаклланиб келмоқда. Бунинг қулай томони, истаган хонадонда тез фурсат ичида уй-меҳмонхона ташкил этиб, фаолият бошлаш, қўшимча даромадни йўлга қўйиш мумкин. Айниқса, ҳозирги меҳмонхона танқислиги шароитида бу жуда ҳам муҳим. Лекин уй-меҳмонхонанинг талаблари бор.

Қатор хорижий давлатларда уй-меҳмонхонага ўхшаш хизматлар йўлга қўйилган. Фақат улар этнографик меҳмонхона деб аталади. Негаки, уй-меҳмонхонада жойлашган сайёҳ шу хонадон соҳиблари кундалик юмушларидан тортиб, тўлиқ ҳаёт тарзи билан танишиши лозим. Айни вақтда уй-меҳмонхона қуриш истагидаги айрим тадбиркорлар эса шунчаки бўш бир ҳовлини чиройли безатиб, меҳмон қабул қилишни мўлжаллаётгани эртага самарасини бермаслиги ҳам мумкин. Айни вақтда нафақат Самарқанд шаҳри, балки, Паяриқ, Қўшработ, Ургут туманидаги уй-меҳмонхоналарда сайёҳларга ана шу шароит яратилган ва улар оқими кун сайин кўпаймоқда.

 ЧОРПОЯДА ЧОЙ ИЧСАНГ

Самарқанддаги уй-меҳмонхоналардан бири 50 кишига мўлжалланган. Шарқона услубда безатилган, ҳовуз ёнида чорпоялар қўйилган ушбу меҳмонхонада яқин уч ҳафтага бўш жой йўқлиги эътиборимизни тортди. Самарқанддаги «Легенда» уй-меҳмонхонаси эса алоҳида мавзу. Бу ерда замонавий дунёни эсга соладиган фақат бир нарса бор. У ҳам бўлса меҳмонхона номи. Тор йўлаклардан бориб, қадимий ёғоч дарвоза олдида тўхтадик. Қўнғироқ ўрнида эски эшик занжири. Ҳовлида 200 йиллик балхи тут ва токзор соясида чорпоя, атрофда миллий дўппилар коллекцияси, турли қадимий буюмлар кичик кўргазмаси, ҳовли чеккасида самовар ва қозон-ўчоқ. Ётоқхоналар эшиги ҳам бўртма услубдаги нақшинкор ёғочдан ясалган. Хоналарда ҳатто телевизор йўқ. Деворларда миллий кашталар осилган.

– Меҳмонхонада бўш хона йўқ, талаб кун сайин ошмоқда, – дейди бошқарувчи Ўрол Бердиев. – Сайёҳлар бу ерда биз билан биргаликда кўкатли сомса ва бошқа таомларни тайёрлайди, ўрганади ва хоҳишга қараб биргаликда истеъмол қилади. Агар бизнинг миллий матолар ёқиб қолса, шу атрофдаги тикувчилик тсехи ходимларини чақирамиз. Сайёҳнинг ўлчами олиниб, шу ернинг ўзида унга ҳам кийимлар тикиб берилади. Меҳмонхонамизга келган сайёҳ ўзини тамоман кўҳна Самарқандда ҳис этишига ҳаракат қиламиз. Бир нарсани ёдда тутишимиз керак, ўарб давлатлари сайёҳларини энди замонавийлик билан ҳайратлантириб бўлмайди. Аммо ноёб ўтмишимиз, урф-одатларимиз, ҳатто оддий «сабзи тўғров» анъанамиз билан ҳам ҳайратда қолдириш мумкин. Шу сабаб бўлса керак, кўпгина мижозларимиз, бу ерда тунаб кетган меҳмонлардан эшитиб, меҳмонхонамизни топиб келишади.

 Манба: "Ҳуррият" мустақил газитаси.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ
журналист