Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Самарқандда сайёҳлар кўпаймоқда, меҳмонхоналар-чи?

Самарқандда сайёҳлар кўпаймоқда, меҳмонхоналар-чи?

Ўтган йили жаннатмонанд Самарқандга 1 миллион 200 мингга яқин сайёҳ келган, бу 2016 йилга нисбатан 35 фоизга ўсиш демакдир. 100 дан зиёд давлат сайёҳлари орасида Россия, Франция, Германия, Япония, Италия ва испанияликлар кўпчиликни ташкил этди. Сайёҳларга 60 миллион доллардан кўпроқ туристик хизматлар кўрсатилиб, 2018 йили бу кўрсаткични янада ошириш, камида 100 миллион долларга етказиш мўлжалланяпти. Аммо меҳмонлар учун тунаш жойи масаласи кўпчиликни ўйлантирмоқда.

Шу ўринда савол туғилади, сайёҳлар сони кўпайди, лекин шунга яраша меҳмонхоналарда жой етарлими?

Маълумотларга кўра, бу йил вилоятга 2 миллион 850 минг, жумладан, 350 минг нафар хорижий сайёҳ келиши кутилаяпти. Шу йил февраль ойида биргина Имом Бухорий мажмуасига кунига 11 мингдан ортиқ зиёратчилар ташриф буюришгани ҳам бу борада жиддий бош қотириш зарурлигини кўрсатади.

– Айни кунда бир вақтнинг ўзида 3 950 кишини жойлаштириш имкони бўлган 107 та меҳмонхона мавжуд, – дейди Самарқанд вилоят туризмни ривожлантириш департаменти мутахассиси Дилшод Бердиқулов. – 2018 йили сайёҳлар бир кун Самарқандда турганда
1 850 та, икки кунда 3 900 та ёки уч кунда 5 100 та ўринга эҳтиёж туғилади. Кейинги йилда эса сайёҳлар кўпайиши натижасида бир кунда 2 450 та, икки кунда 5 400 та ҳамда уч кунда 8 900 та ўринга зарурат пайдо бўлади. Хорижий сайёҳларнинг вилоятда бўлиш кунлари ўртача 2,6 кунни ташкил этса, меҳмонхоналарда ўринлар етишмаслиги кузатилади.

Бу муаммонинг олдини олиш мақсадида пухта режа тузилган. 2018-2019 йилларда замонавий халқаро сифат стандартлари, шу жумладан, зиёратчиларни қабул қиладиган “мусулмон” стандартлари асосида 35 та, хусусан, Самарқанд шаҳрида 20 та ва Имом Бухорий мажмуаси атрофида 15 та янги меҳмонхона бунёд этиш белгиланган: шу йил жами ўринлари 820 та бўлган 11 та, келгуси йилда эса яна қўшимча 1 500 ўринли 24 та меҳмонхона ишга туширилиши режалаштирилган.

Туманларда катта меҳмонхона қуриш иқтисодий норентабеллиги боис уй-меҳмонхоналар тармоғини ривожлантиришга эътибор қаратилаётир. Чунончи, шу йилнинг ўзида Қўшработ, Ургут ва Самарқанд туманларида 30 та уй-меҳмонхонаси ташкил этилиши кўзда тутилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирча Самарқанд шаҳридан беш фуқаро уй-меҳмонхона ташкил қилиш мақсадида мурожаат йўллаган. Уларга ҳужжатларни расмийлаштириш ва уйда барча шароитларни яратиш бўйича зарур тавсиялар берилди. Шунингдек, ургутлик 4 кишига керакли ҳужжатлар тайёрланиб, сертификат олишда кўмаклашилди. Бундай ишлар Самарқанд ва Қўшработ туманларида ҳам пухта режалаштирилган.

Дарҳақиқат, хорижликлар уй-меҳмон­хоналарга қизиқишаётганини тадбиркорлар кўп эътироф этишди.

– Регистонга жуда яқинлиги сабаб 2003 йили ҳовлимизда меҳмонхона ташкил этган эдик, – дей­ди “Нажиба” хусусий корхонаси эгаси Нигора Ақилова. – Ҳозир ҳар куни меҳмон келаяпти. Улар орасида маҳаллий сайёҳлар ва Франция, Канада, Англия каби давлатлардан ҳам туристлар бор. Меҳмонлар азбаройи миллий урф-одатларимизга қизиқиши юқорилигидан хонадон хизматини хушламоқда. Оилада икки киши шу иш билан банд. Нархлар ҳам ҳамёнбоп. Атрофимизда ўнга яқин қўни-қўшниларнинг уй-меҳмонхоналари бўлиб, бари бирдек мижозларга эгалигини кўраяпмиз.

Замонавий стандартлар асосида барпо этилаётган туристик объектларда кластер усулини қўллаш мўлжалланмоқда. Хусусан, бундай бинода меҳмонхона, ресторан, ахборот маркази жойлаштирилади, шунингдек, туроператорлик, суғурталаш, автомашина ижараси, экскурсовод ёллаш йўлга қўйилади, гуруҳ тарзидаги сайёҳларга турис­тик классдаги автобус, микроавтобус хизматлари кўрсатилади. Шунча шароит яратилгач, сайёҳлар оқими келиши янада кучаяди. Бу эса туризм бозорида асосий мезон – рақобатбардош нархлар шаклланиши, яъни 25-30 фоизгача пасайишига олиб келади, дейди соҳа вакиллари.

Яқинда водийлик танишим меҳмонхона қидириб кўп овора бўлганини айтиб қолди. Боз устига, нарх жуда юқори экан. Тўғри, тадбиркор ўз харажатларини ҳисоблаб нарх қўяр, лекин барибир арзон, осойишта, обод жойга меҳмон кўпроқ келишини унутмаслик керак. Меҳмонхоналар кўпайиши, шубҳасиз, рақобатда соғлом муҳит, нархларда арзонлашиш ва яхши шароитлар яратилишига олиб келади.

Муҳаббат РАВШАНОВА,

“XXI asr” мухбири