Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Самарқандда Зубайдулла Мирзаев “Томорқачилик мактаби” яратилади

Самарқандда Зубайдулла Мирзаев “Томорқачилик мактаби” яратилади

          Каттақўрғон тумани Кичиккўрпа маҳалласида яшовчи Зубайдулла Мирзаев 78 ёшда. У қарийиб 65 йилдан буён деҳқончилик билан шуғулланади. Отахон суҳбатда 12 сотих ердан бир йилда 100 миллионгача  даромад кўришини таъкидлайди.

         “Мен мана томорқамдан бир йилда 4 марта ҳосил оламан. Бу иссиқхона остидаги бодринглар 12 февралда экилган. Уларни йиғиб олгач, ўрнига яна кузги бодринг экаман. Октябр ойларида эса, экиндан бўшаган майдонда (икки маротаба қайта экиб)  редиска етиштираман. Бундан ташқари томорқамдаги гилослар ҳам оиламизга анча-мунча  даромад келтиради. Ери бор одам ишсизман деса баъзан ҳайрон бўламан. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев “Томорқа хўжалигини ривожлантирайлик”, дея бекорга даъват қилмаяптилар. Томорқада ишлаш нафақат даромад  келтиради,  рўзғорингизни обод қилади,  балки жисмонан соғлом, ёш,  чаққонлигингиз гаровидир”, - дейди отахон ҳазиломуз.

          Дарҳақиқат, Зубайдулла отани кўрган киши 78 ёш деб ўйламайди. У киши  набираларига бу касбнинг сир-асрорларини ўргатишдан чарчамайди. Шунингдек, маҳалладан маслаҳат сўраб келган деҳқонларга ёрдамини ҳам аямайди. Кичиккўрпа қишлоғида яшовчи Манзура Хакимовалар оиласи ҳам деҳқончилик сирларини қўшниси Зубайдулла бободан ўрганган.

           – Қишлоғимизда жуда кўпчилик бу кишидан деҳқончиликда маслаҳатлар олишади. Биз ҳам бир неча йиллардан буён томорқада ишлаб,   иморат қурдик, машина олдик. Тўй –хашамларимиз ҳам шунинг орқасидан. Қишлоғимизда хорижда ишлайдиганлар йўқ. Ҳамма даромадини томорқадан топаяпти, - дейди сухбатда Манзура опа.

          O`zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши Зубайдулла Мирзаев томорқачилик мактабини яратмоқчи. Деҳқон бобо шогирдларини кўпайтириш эвазига ишбилармон тадбиркорлар сонини кенгайтиришни режалаштирган. Партия вилоят кенгаши ижро аппарати раҳбари Илҳом Ботировнинг айтишича, O`zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши фаоллари  томорқа хизматини йўлга қўйган юртдошларимиз учун иш стажини жорий этиш бўйича  сиёсий кенгаш ижроия қўмитаси орқали Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясига таклифлар тайёрламоқда.

Бахтигул ҚАРШИЕВА,

 журналист