Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Самарқандни билмабсиз, дунёга келмабсиз”

“Самарқандни билмабсиз, дунёга келмабсиз” Ёш ишбилармон замондошимиз Акобир Ҳамроев ана шу оддий ҳақиқатни исботлашига ишонади.

Акобир анча ёш бўлса-да, ҳаётда ўз ўрнини топиб улгурган, ўзига ҳам, атроф­дагиларга ҳам нафи тегаётган юртдошимиз. Уч йилдан буён Оқдарё туманидаги боғдорчиликка ихтисослашган, қарийб 100 гектар майдонни эгаллаган “Асрорхон ҳосилдор боғи” фермер хўжалигини бошқаряпти. Чорвачилик йўналишидаги бизнес-лойиҳалари ҳам кўнгилдагидек.      

Акобир ўсмирлик чоғидан ҳар қандай шароитда ўзига, ўз кучига ишонди. Чунончи, пойтахтимиздаги олий таълим даргоҳида молия-иқтисод соҳаси бўйича таҳсил олган пайтларида тонг саҳарлаб бозорга келиб, савдогарларнинг турли юмушларини бажарар, иш ҳақини олгач, ўқишга кетарди. Бўш вақтларида ўзи ҳам савдо-сотиқ билан шуғулланарди. Шу тариқа таълим контракт-шартнома пулларини тўлади, кийим-бош, озиқ-овқатга ҳам муҳтожлик сезмади. Институтни битиргач, қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича билимларини ошириш учун Хитой, Вьетнам, Германия ва Франциядаги қисқа муддатли курсларда ўқиди.  

– Баъзан арзимасдек кўринган воқеалар ҳам киши тақдирида бурилиш ясайди, – дейди у. – Хитойдаги бизнес мактабига ўқишга кетаётганимда ўзим билан қуруқ мевалар ҳам олгандим. Янги йил арафаси бўлгани сабабли ўнга яқин давлатдан ўқиш истагида келганлар биргаликда дастурхон тузадик. Ҳамма ўз юртидан олиб келган ноз-неъматларни ўртага қўйди. Ўзбекистон майизининг мазаси хорижликларни ҳайратга солди. Улар аввалига майиз қандайдир технологиялар асосида қайта ишланган, унга нималардир сингдирилган, деб тусмол қилишди. Мен майизнинг мутлақо табиий маҳсулот эканини тушунтирдим. Чет элликлар “ошиқ” бўлиб қолишди,  унинг доимий харидорига айланишди. Ўқиш давомида уйимдагилар ҳар ой ўттиз килогача майиз жўнатиб туришди. Қарийб олти ой пулдан қийналмадим. Қайси давлатга бормай, майизни севиб истеъмол қилишларига гувоҳ бўлдим. Ана шу менинг узумчиликни танлашимга туртки берди...

Оқдарё туманидаги Новали даштидан 100 гектардан ортиқ майдон Акобир Ҳамроевга узумзор учун ажратилди. Кўп  йиллар яйлов бўлган бу ерлар ток ўстириш учун жуда боп. Аммо сув йўқ. Турган гапки, оби ҳаёт бўлмаса ҳар қандай ҳаракат бефойда. Тадбиркор ана шу масалада кўп ўйланди, тажрибали мутахассислар билан кенгашди, режалар тузди. Охири артезиан қудуқ кавлатишга қарор қилди. Махсус машиналар, қурилмалар, сув чиқаргичлар келди. Икки ҳафта давомида неча юзлаб метр чуқурликка пўлат қувурлар кириб борди. Бироқ сув чиқмади. Худди шундай йўсинда бошқа жойни ҳам бурғулашди. Яна натижа йўқ. Учинчи уриниш ҳам самара бермади. Сарфланган юз миллионлаб сўм пул, вақт, меҳнат зое кетадиганга ўхшаб қолди. “Бу яланг жойларда сув нима қилади, вақтингни, пулингни ҳавога совуряпсан” дегувчилар кўпайди. Йигит иккиланди. Дилига умидсизлик соя солгандай бўлди. Ишларни вақтинча тўхтатди. Кейин отасининг гапларини эслади. Раҳматли падари “Бир ишни бошладингми, албатта  охирига етказ” дея насиҳат қиларди доим.

– Сув чиқараётган ишчиларнинг дам олиш куни эди. Ҳаммаси шаҳарга кетганди, – дея эслайди тадбиркор. –  Бурғуловчи машина кўланкасида ўтириб, хаёлга толдим. Сув қидиришни давом эттирсаммикан ё тўхтатсаммикан, деб ўйлардим. Бир пайт уч юз метрча наридаги нишабликда бир гала қушларнинг дон-дун ахтариб юрганига кўзим тушди. Беихтиёр уларни кузата бошладим. Қушлар кўкка парвоз қилишар, кейин яна ўша жойга қўнишарди. Бунда бир синоат, қандайдир ишора бордай туюлди менга. Эртасига ана шу ерни қазий бошладик. Кўп вақт ўтмай ўша жойдан сув чиқди! Ҳаммамиз хурсанд, бир-биримизни табриклашга тушиб кетдик...

  Ишлар жонланди. Юз гектардан зиёдроқ ерга узумнинг “Сўғдиёна” ва “Оқдумча” навларидан жами 60 минг дона экилди. Бу навларнинг меваси жуда харидоргир.  Айниқса, “Сўғдиёна” ҳосилидан тайёрланган майизлар нақ бош бармоқдай келади, мазаси ҳам ўзгача. Ишбилармоннинг айтишича, жами 2 миллиард сўмдан зиёдроқ маблағ сарфланган бу улкан боғ 2020 йилдан ҳосилга киради.  Узумлар қуритилиб,  барча маҳсулот экспортга чиқарилади. Ҳозирда мевани қайта ишлаш ва қадоқлаш учун зарур ускуналар сотиб олиняпти.

Узумзор ишбилармон фаолиятининг бир йўналиши, холос. Тадбиркор 40 бош қорамолдан иборат ферма ҳам ташкил қилган. Сал аввал Россиянинг Саратов областига бориб келди. Фермерлар, зоотехниклар билан учрашди, бу ерда амалда бўлган иш услубларини ўрганди, билимини бойитди. 70 бош зотдор қорамол учун буюртма берди.

– Яқинда Иштихон туман ҳокимига учрашдим, – дейди тадбиркор. – Замонавий логистика маркази ташкил қилиш борасидаги лойиҳам қўллаб-қувватланди. Бизга  саккиз гектар ер майдони ажратилди. Лойиҳа сметаларини ишлаб чиқдик.  Марказда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, маҳсулотлар экспортга чиқарилади. Унинг ишга тушиши одамлар учун айни муддаодир. Чунки ҳовлиларда мевали дарахтларнинг хилма-хилидан бор.  Кўп одамлар ўртадаги воситачилардан зарар кўришади. Айримлар эса маҳсулотни кимга сотишни билмайди. Аҳоли мазкур марказга мева-чеваларни топшириб, пулини ҳам ўша заҳоти олиши мумкин. Тўпланган маҳсулотлар шу жойнинг ўзида сараланади, қуритилади ва қадоқланиб, экспорт қилинади. Қишлоқларда яшовчи қариндошларимникига борганимда айни пишиқчиликда олма, ўрик, олхўри, олча каби кўпгина меваларнинг ҳосили тўкилиб, ер билан битта бўлиб ётганига кўп бора гувоҳ бўлганман. Лойиҳа амалга ошгач, кўплаб янги иш ўринлари яратилади, уволнинг олди олинади.

Акобир бунёдкорлик, яратувчилик иштиёқи билан яшаяпти. Суҳбатимиз давомида у ўз корхоналарининг офиси жойлашган манзил илгари чиқиндилар ташланадиган жой бўлгани, Қорадарёнинг нариги соҳилидан 1,5 км электр симлари тортиб келгани,  импорт ўрнини босувчи дераза пардалари учун карнизлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани,  маҳалла аҳолиси учун замонавий мини-футбол майдонини қурганини ҳам тилга олди. Шу сингари ишларни амалга ошириш учун шаҳардаги уйини, автомобилларини сотганини ҳам хўрсиниб эслади.

Ёш, изланувчан ишбилармон эришган ютуқлари билан чегараланиб қолмоқчи эмас. Янги-янги лойиҳалар устида бош қотиряпти. Жумладан, яқин орада туяқуш боқишни йўлга қўймоқчи. Сунъий ҳавзаларда балиқ кўпайтириш ҳам унинг режаларидан ташқарида эмас!

Муҳаббат РАВШАНОВА,
“XXI asr” мухбири